1950 йили италиялик ўқитувчи Роберто Нефлиз ўз ўқувчиларини жазолаш мақсадида "Уй вазифаси"ни ўйлаб чиқди. Минглаб фикрлар, тарбиявий назариялар турган жойда бутун сайёра Роберто Нефлизни гўё мактаблар доҳийси деб ўйлаб, ўзини унинг назарияси устига бино қилди. Бу муаллим ўзининг ўқувчиларини жазоламоқчи эди. Аммо бу бутун сайёрага тарқалди.
Ёшлигимдан уйга вазифаларни ёмон кўраман. Аммо бошқа болалар сингари у вазифаларни мажбуран бажарар эдим. Ота-онам икки ишда муҳокамани қабул қилишмайди:
1. Мактабда.
2. Намозда.
Қолган нарсаларни олиш ҳам, олмаслик ҳам мумкин.
Бугун муаллим бўлдим. Ҳали ҳам уйга вазифаларни ёқтирмайман. Агар зарурият туғилмаса ўқувчиларимга уйга вазифа бермайман. Уйга вазифаларга эҳтиёж бор, деб ўйлайдиган муаллимларга ҳайрон қоламан.
Ўтган йили устозларнинг ўз ўқувчиларига қишки таътилда уйга вазифа беришаётганини кўриб, синфга кирдим. Ўқувчиларга вазифа бердим. Уни дафтарларига ёзиб олишларини айтдим. Вазифа қуйидагича эди:
“Дарс қилманглар. Ўчоқ олдида ўтириб, ҳикоялар тингланг, чой ичинг, исининг. Дарс қилишга ҳар пайт вақт топилади. Аммо саодат ҳамма вақт ҳам берилавермайди!”.
Бошланғич синф ўқувчиси ўз вазнининг тўртдан бирича келадиган сумка кўтариб олган. Ҳажми жиҳатидан худди урушга кетадиган ҳарбийларнинг сумкасига ўхшайди.
Ёши бармоқ билан санаса бўладиган ёш ўқувчи кунининг учдан бирини, балки ярмини мактабда ўтказади. Математика дарсидан сўнг кимё дарсига киради, ундан сўнг физикага, сўнгра она тилидан грамматикани ўрганади. Сўнг яна биз “Нега энди фарзандларимиз мактабни, ўқишни ёқтирмас экан-а?” деб ҳайратланиб юраверамиз.
Уларни “Аллоҳ учун озод қилиш”нинг ўрнига, болаликларини яшаб олишига имкон беришнинг ўрнига мактабда ўқиб чарчаган фарзандларимизни мактабни ўзлари билан уйга олиш кетишга мажбурлаймиз. Мусибат шуки, деярли барча ўқитувчилар бундан бошқа йўл йўқ деб ўйлашади. Шуни ўзларига асос қилиб олишади. Болаларимиз мактаб ташвишидан энди қутилдим деганда уйдаги тузоққа тушишади.
Менимча, бир куннинг ярми фарзандларимизнинг билимли бўлишига етмаётган бўлса, демак, болаларда айб йўқ. Ҳамма айб яроқсиз ва ғайри инсоний таълим программасида. Европадаги баъзи давлатларда ўқувчилар билан ўқитувчилар орасидаги муносабат худди икки дўст ўртасидаги муносабатдек ҳолга чиққан. Ҳатто синфлардан парталарни олиб ташлаб давра столи қилишган. Керакли мавзуни ўқитувчи ўқувчилар билан эркин суҳбат тарзида суҳбат қилиб тушунтиради. Варақ-варақ конспектлар ҳам йўқ.
Шариатда тоат билан жазолаш йўқ. Масалан, фарзандингизга “агар фалон ишни қилмасанг, юз ракат намоз ўқийсан” дейилмайди. Шунингдек, уйга вазифалар ҳам бу миқдор ва бу кайфиятда бўлмаслиги лозим. Чунки бунда мажбурлаш бор.
Мактаб ва мадрасалар менинг наздимда масжидлар кабидир. Ер сайёрасини уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун мен жоним чиққунича мактаб ва мадрасалар билан бўлишни истайман. Аммо мен ўқувчиларимни қамоққа тиқишни истамайман. Уйга вазифалар шу тариқада кетаверса, мен уларни фарзандларимизнинг оёқларини боғлаш деган бўлар эдим. Аслида эса таълимдан мурод фарзандларимизга қанот ато қилишдир!
Адҳам Шарқовий
Таржимон: А.Полвонов