Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Уйғонгим келади

2512

Уйғонгим келади

Уйғонгим келади, уйғонолмайман,
Энтикиб, хўрсиндим, қийналади жон.
Умматман дейман-у англай олмайман.
Айланмас ўзимни оқлашга забон.

Сиздан олис яшаб, фитна замонда,
Неъматларга чўмган телба умматман.
“Умматман” дейман-у қилмиш ёмонда,
Даъволар чеки йўқ, арзон-қимматман.

Жонсиз тош Манотлар турар жимгина,
Лотлари илоҳ деб сайланмадими?
Ё расул, асҳоблар сиз билангина,
Энг сара зотларга айланмадими?

Аслида араблар ўнгланди сиздан,
Сал ўтмай дунёнинг пешвоси бўлди.
Бугун сизни айблар баъзи юзсиздан,
Дунёмиз тебраниб фасодга тўлди.

Дунёга не берди айтсин ўзлари,
Бугун сизни таъна қилаётганлар.
Ёлғонми маймунмиз деган сўзлари,
Ўзларин олий деб билаётганлар.

Суқрот, Афлотундан алжирар тарих,
Чўпчак Зевсларидан қилар наволар.
Диоген не дейди телба, водариғ,
Шардек шиширилган “илмий” даъволар.

Ҳар ерда тараққий, олий қадрият,
Ҳуқуқий юксаклик ҳақида баҳслар.
Қайдадир қора тан топталар уят,
Яна “Муҳаммад ким?” дейди нокаслар.

Муғомбир каслар-у жоҳил, нохолис,
Инсонлар тош отар пок номингизга.
Уларнинг манзили инсофдан олис,
На Бисмарк, на Гомер тенг келар сизга.

Оила, никоҳни шараф деб билган,
Чин сўз, омонатдор инсонлар бўлдик.
Гоҳ сиздан йироқда бағрини тилган,
Лол-у хайронлармиз яшнадик, сўлдик.

Умматга илмни мерос қолдириб,
Адолат, қадрдан сабоқ бердингиз.
Яшашга бир кичик ҳужра солдириб,
Доимо умматим, уммат дердингиз.

Йўлингиз миллатни тарбия қилиб,
Авлодлар камолин гарови бўлгай.
Арабу ажамни барин тенг билиб,
Аслимиз одам дер ҳасадгўй ўлгай.

Умар, Холидларни қилдингиз тортиқ,
Ҳассонлар ижоди нурланди сиздан.
Мусъаб дер: “Ҳақ расул ҳаммадан ортиқ
Шариат ўнгланди суннатингиздан...”

Уйғонгим келди-ю уйғонолмадим,
Билолнинг азони янграган тунлар.
Ё расул, чин уммат бўла олмадим,
Кечиринг, маҳшар кун йўлиқар кунлар.

Тоҳир Воҳид

Тошкент шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб” номли масжид имом ноиби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўлим лагеридан омон қолган намозхон

940 21:30 18.01.2021

«Қуръони карим мусобақаси — 1442»: Учинчи ҳафта қатнашчилари аниқланди

97 21:15 18.01.2021

Ҳадис илми: ровий ўз ривоятига хилоф иш тутмаслиги

69 21:00 18.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (61-қисм)

158 20:00 18.01.2021

«Тарийқатул Муҳаммадийя» шарҳи (1-қисм)

245 19:30 18.01.2021

Қуръони карим – буюк нажот кемасидир!

125 17:38 18.01.2021
« Орқага