Уйғур увол бўлди!

19:05 03.08.2019 3307

Золимнинг пойида бошини эга,

Бир миллат йиғлайди, қалби тўла дард.

Қайларда қолдингиз, келмайсиз нега?

Уйғур увол бўлди, Соғуний ҳазрат!

 

Чўғни босиб борар юрган йўлида,

Найзалар ўйнайди ўнгу сўлида,

Кофирнинг ювуқсиз, ифлос қўлида

Уйғур увол бўлди, Соғуний ҳазрат!

 

Топталди муслима аёллар шаъни,

Эрлар номусига майдонлар қани!?

Яшашда топилмас тирноқча маъни,

Уйғур увол бўлди, Соғуний ҳазрат!

 

Гўдаклар боғчамас, дўзахда унар,

Момолар йиғига осон бўйсунар,

Дунёга хорлик-чун келганми улар,

Уйғур увол бўлди, Соғуний ҳазрат!

 

Бир Ислом давлати чиқмади қалқиб,

Қўл чўзмас бирорта мусулмон халқи,

Поймол этилганча мўминлик ҳаққи

Уйғур увол бўлди, Соғуний ҳазрат!..

 

Пешонам урилди ўй деган тошга,

Кетолмам бир ўлим деганча бошга,

Мен илож топмадим ғазабдан бошқа,

Уйғур увол бўлди, Соғуний ҳазрат!

Ўткирбек МУҲАММАДСОБИР

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!