Уйғурларим

07:05 06.08.2019 1610

Туркистондан қудрат кетди, фикрат кетди,

Чўлпон кетди, Соғунийу Фитрат кетди.

Келаверди бу миллатга саф-саф даҳо,

Барин ютди зулм пуркаган аждаҳо.

Кетди кўзи очиғларим, буюкларим,

Йиғлаб-йиғлаб қолди кўкси куюкларим.

 

Уйғур оғам, на кўмакка ярар бўлдим,

На корингни, на ҳолингни сўрар бўлдим.

Сен ҳам қўли боғлиқ бўлдинг, мен ҳам боғлиқ,

Сен ҳам кўкси доғлиқ бўлдинг, мен ҳам доғлиқ.

Тилим қани, ҳолингни бир сўрай билсам,

Қўлим қани, ҳимоянгга ярай билсам.

 

Жаҳолатга паноҳ бўлган, ай заминим,

Бу зулмга борми тўхтов, борми тиним.

Туркистон юрт тупроғини булғамишлар,

Заминимнинг кўкрагига қадаб нишлар.

 

Туркистонни бўлиб-бўлиб хўрладилар,

Истеҳзоли кулиб-кулиб хўрладилар.

Қондош деган бир-биридан ёт бўлганда,

Осон кечди, битта-битта зўрладилар.

 

Темур кўрса кулмайдими ҳолимизни,

Бунча ширин кўрамиз шу жонимизни?

Оғасини, инисини ахир инсон

Ит тагига ташлаб қўйган қайси замон?

Бир-бирига эш бўлмайин турса агар,

Бир бўларми туркий миллат – жон жигарлар!

 

Ҳақ мазлумга нажот йўлин кўрсатгувчи,

Сабил кетмас иймон кучи, виждон кучи.

Уйғуримга Аллоҳ ўзи ёрдамчидир,

Сабр берсин, жон жигарим, озроқ чида…

Кўргуликлар ўтар кун ҳам яқиндир-о…

Бу хўрликлар битар бир кун, иншааллоҳ.

 

Зулумотнинг адоғига етгунча йўл,

Бардошли бўл, бардошли бўл, бардошли бўл…

…Туркистондан қудрат кетди, фикрат кетди,

Чўлпон кетди, Соғунийу Фитрат кетди.

Туркистонни Роббим ўзи яна сийлар,

Келар яна Фитрат, Чўлпон, Соғунийлар.

Хуршид АБДУРАШИД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!