Янгиликлар

Уйи бузилган аёл масаласида ҳокимга депутатлик сўрови юборилди

623

Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидан Холбиби Донаеванинг ишини ўрганиб, бу бўйича "парламент назорати" тартибида Сурхондарё вилояти ҳокимига депутатлик сўрови юборилди. 

Гап шундаки, ушбу фуқаро бир ойча аввал мурожаат қилиб, уй жойининг ноқонуний бузилишидан сақлашда ёрдам сўраганди. 

Маълум бўлишича, ушбу фуқарога ўтган йили давлат ва жамият манфаати учун, деб бузилган турар жой ўрнига, ҳокимият билан тузилган битимга асосан ҳоким қарори билан якка тартибда уй жой қуришга бошқа ер ажратиб берилган. Фуқаро иморатни қуриб, кадастр ҳужжатларини расмийлаштирган. Бироқ кўп ўтмай туман прокуратурасининг протестига асосан ушбу ер суғориладиган ер бўлгани сабабли ҳокимнинг ер ажратиш ҳақидаги қарори бекор қилинган ва фуқародан бу ерни ҳам бузиб чиқиб кетиш талаб қилинган.

Фуқаро айбсиз айбдорга айланиб қолган. 

Бироқ бу ерда масъуллар “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун талабларини инобатга олишмаган. Яъни қонуннинг 59-моддасида “Агар манфаатдор шахс (бу ўринда фуқаро. Муаллиф таҳрири) маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим” деб белгилаб қўйилган. 

Шунингдек, ушбу қонуннинг 16-моддасида “Виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади”, дея кафолатланган. 

Қонуннинг ушбу талабларидан келиб чиқилса, фуқаро ҳокимиятнинг қарор билан ажратиб берган ҳужжатига ишониб иморат қургани учун ундан уйни буздириш мақсадида ушбу қарорни бекор қилиш мумкинмас. 

Шу боис, ушбу ҳолатда қонунга амал қилинмагани юзасидан тушунтириш бериш, фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва камчиликка йўл қўйганларга чора кўришни сўраб вилоят ҳокими Т.Боболовга сўров юборилди.

Сўровга ўн кун ичида жавоб берилиши шарт. 

Умид қиламизки, бошқа ҳудудларда юқоридагидек вазиятда қонун талабларига сўзсиз риоя этилади ва қайтариб олиш чораси ҳақиқатан ҳам ўзбошимча, қонуний ҳужжатга эга бўлмай туриб эгаллаб олинган ерлар доирасида бўлади.

Расул Кушербаев,
Олий Мажлис депутати

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Коронавирусдан зарарланганлар 9 нафарга ошди

456 17:36 31.03.2020

Ўзбекистонда биринчи бўлиб коронавирусга чалинган аёлнинг қўшнилари карантиндан чиқарилди

432 17:10 31.03.2020

Карантиндагилар махсус поездда ўз манзилларига етказиб қўйилмоқда

162 16:53 31.03.2020

Коронавирусга чалинган беморлар қайси вилоятлардан? 

543 16:43 31.03.2020

Стикер қандай олинади ва кимларга берилади?

495 11:30 31.03.2020

Касалланганлар сони 158 нафарга етди

965 10:24 31.03.2020
« Орқага