Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Уйинг торлигидан қийналяпсанми?..

929

Шайх Нобулсийдан қиссалар ва ҳиссалар (эллик иккинчи қисм)

Яқинларимдан бири уйи кичкина ва торлигидан дўстига нолиб қолди. Дўсти унга:

– Сен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида ким бўлибсан?! У зот алайҳиссалом уйлари торлигидан тунда намоз ўқисалар, аёллари сурилиб жой берар, сажда қиладиган жойдаги оёқларини тортиб олиб турар эди. Шу билан бирга завжалари қалблари хотиржам эди.

Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий

Таржимон иловаси: Борган сари ношукр бўлиб бормаяпмизми?

Аввалги даврлардаги катта данғиллама уйлар ҳозирдаги уйлар олдида кулбача бўлиб қолаётгани сир эмас. 

Инсонни қаноати бой қилади. Нафси эса ҳеч тўймайди. Бойларга ҳасад эмас, ҳавасни йўлга қўйиш, ниятингни тўғирлаб олиш лозим.

Аллоҳ кимга нима беришни Ўзи яхши билади. Сенга бойлик ато этса кўтаролмай йўлдан озишдан ҳазир бўл.

Аввалги даврлардан кўра ҳозир нафсимиз ҳакалак отиб кетган. Баландроқ уй қур, зўрроқ машина ол, каттароқ мансабга ўтир ва ҳоказо...

Соҳам туфайли кўп уйларга киришга тўғри келади. Бир хонали уйда яшаётган оилалар бор... Ойлаб гўшт еёлмаётган оилалар бор... 

Эътиборлиси шуки, ўзи икки хонадан иборат сомон сувоқ уйда бахтли-саодатли яшаётганлар бор. Данғиллама 25 хонали уйда яшаб туриб бахтсиз яшаётганлар бор.

Ислом дини инсонни бой бўлишдан қайтармайди. Аксинча, бойлик сабабли икки аркон юзага келади: закот ва ҳаж.

Бойлик инсонни туғёнга, ҳаром-ҳариш ишларга бошласа, қандай ёмон!

Бойлик инсонни саховат-у эзгуликларга бошласа, қандай ҳам яхши!

Эй уйи кичиклиги, улови эскилиги, ҳаёти фақирлигидан нолиётган киши!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кун тўйиб овқат емаганларини унутма! У зот алайҳиссалом уйлариторлигидан намоз ўқиётиб аёллари оёғига туртиниб ўқиганларини эслаб қўй! Саҳобийлар розияллоҳу анҳум очликларидан қоринларига тош боғлаб юрганини ёдингга ол!

Ишла, ҳалол меҳнат билан бойи, закот ва садақотларингни адо эт, инсонларга эзгулик қил! 

Мусулмон кимса бой бўлса-ю туғёнга кетмаса қандоқ яхши!  Мусулмон кимса фақир бўлса-ю қаноатли бўлса қандоқ яхши!

Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ айтади:  "Нафс ундан қийналадиган ва машаққат бўладиган ҳар бир нарсада гуноҳларнинг ўчирилиши бордир".

Таржимон: Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

« Орқага