Уйингизнинг ифорини ўзгартиринг

15:00 09.04.2019 978

Уйингизнинг ифорини ўзгартиринг

Маҳаллангиздаги энг ёлғончи инсонни уйингизга таклиф қилиб, фарзандларингиз билан шуғулланишини истайсизми?

Маҳаллангиздаги оғзи бепарда одамни чақириб болаларингиз билан суҳбат қилишини истайсизми?

Маҳаллангиздаги мунофиқ кимсани ҳар куни уйингизга чақириб, болаларингизга насиҳат қилишини истайсизми?

Маҳаллангиздаги энг ахлоқсиз одамни ҳар кун уйингизга олиб келиб, болаларингизга ўрнак бўлишини истайсизми?

Маҳаллангиздаги ўзини кўз-кўз қилишни ёқтирадиган кимсани уйингизга чақириб, болаларингиз билан дўстлашишига йўл қўясизми?

Маҳаллангиздаги иккиюзламачи кимсани уйингизга чақириб, болаларингиз билан яқин муносабатда бўлишини истайсизми?

Саволлар жуда кўп...

Айтмоқчи бўлганим, уйингизга ҳар куни қўнаётган муҳит хонадон аъзолари, айниқса, фарзандларингизга таъсир қилишини таъкидлаш эди. Уйингизга қўнадиган ва кирадиган меҳмон хонадонингиз ифори ва муҳитига таъсир кўрсатади. Аниқ биламан, ҳеч қайси ота-она юқорида тасвирланган ғайри ахлоқий сифатдаги одамларни уйига киргизишни истамайди.

Ана энди, мақсадга кўчамиз, барча ота-оналар мулоҳаза қилишлари керак бўлган саволлар кўп. Болалари билан ҳар куни томоша қиладиган телесериалллар ва шоу бизнесчилар қатнашадиган кўнгилочар кўрсатувларнинг оилавий ҳаётимизда ўрни қанчалик муҳим?

Сериалларда кўрган қаҳрамонига ўхшашни ҳавас қилиб ёш қизлар ва йигитчаларнинг одоб-ахлоқи, дунёқараши хавортирли тарзда салбий томонга ўзгариб бораётганига ўзини ва болаларини сериал мубталосига айлантирган ота-оналар айбдор эмасми?!

Айни замонда жамиятда рўй бераётган бир қанча ахлоқсизлик, шармисорлик ва зўравонликни болалар ва ёшлар телевизордан ўрганишмаяптими?

Ҳар бир китоб – бир олим

Ривоят қилишларича, дунёга донғи кетган ҳукмдорлардан бири суҳбат ва машварат қилиш учун замонасининг буюк олимларидан бўлган бир зотни саройга таклиф этибди. Сарой аъёни хабарни етказиш учун олимнинг уйига борибди. Олим ранг-баранг, қалин жилдли китоблари орасида ўтирган экан. Сарой аъёни бу чиройли манзарани бироз томоша қилиб, тўрт томони китоблар билан ўралган олимга шундай дебди:

  • Ҳукмдоримиз  сизни саройга таклиф қиляптилар!
  • Мўминлар ҳукмдорига бориб айтинг, ҳозир атрофимда илм, ирфон ва ҳикмат аҳлидан бўлган бир гуруҳ инсонлар билан суҳбат қиляпман. Улар билан суҳбатимиз тугаган заҳоти, ҳумкдоримизнинг ҳузурига ошиқаман! – дея жавоб қилибди муҳтарам зот.

Сарой аъёни олимнинг жавобини етказган экан, ҳукмдор ҳайрат ва қизиқиш билан сўрабди:

  • Ул зотни шунча таъсирлантирган олимлар кимлигини кўрдингми?
  • Валлоҳи, йўқ, ҳукмдорим, атрофида ҳеч ким йўқ эди! – дея жавоб қилибди сарой аъёни. Бу жавобдан ҳайрати ошган  ҳукмдор кескин амр қилибди:
  • Олим фалон соатда албатта саройда бўлсин!

Ҳукмдор зудлик билан ҳузурига олиб келинган олимдан баланд овозда сўрабди:

  • Сизни бизнинг ҳузуримизга келишингизни кечиктирган олимлар ким эди?

Олим зот бир оғиз сўз билан жавоб берибди:

  • Китоблар!

****

“Яхши китоб ўқиш – ўтмишнинг энг улуғ закийлари билан аввалдан тартиб билан тузилган суҳбатга чорланиш демакдир”. Ҳикматлар гулшанидан

 Дарҳақиқат, ҳар бир китоб бир олимдир. Агар юзларча, мингларча китобингиз бўлса, шунча олимнинг илмидан истифода қиласиз деганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қаерда бир жаннат дарахти кўрсангиз, унинг соясида ўтириб дам олинг” дея марҳамат қилганлар. “Ё Аллоҳнинг Расули, бу дунёда жаннат дарахтини қаердан топамиз?” дея сўралганида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бир олим бир жаннат дарахтидир!” дея жавоб қилганлар.

Олим жаннат дарахти бўлса, илм маконини жаннат боғига, китобларни эса жаннат мевасига қиёслай оламиз.

Юртимиздаги нечта хонадонда жаннат дарахти бор? Юртимиздаги нечта хонадонда жаннат боғи бор? Фарзандларига ҳар куни жаннат меваларидан едирадиган қанча инсонни биласиз?

Қайси куни бир дўстим билан гаплашиб ўтирганимизда, фарзанди билан боғлиқ кулгили, лекин ибратли воқеани гапириб берди. Дўстим ҳали мактабга бормайдиган болаларига уйқудан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан мисоллар, ҳикоятлар гапириб берибди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни жуда яхши кўрганларини, уларга жиддий аҳамият берганларини, бир етим қизчага ғамхўрлик қилганлари мисолида гапириб берибди. Уйқудан олдин қизчаси онасига:

  • Ойижон, сизда Расулуллоҳнинг телефон рақамлари борми? Эртага эрталаб мен уларга қўнғироқ қилмоқчиман! – дебди.

Дўстим қизчасига бунинг имкони йўқлигини тушунтиришга уринса-да, қизалоқ оила аъзоларидан бир саволни сўрайверибди:

  • Сизда Расулуллоҳнинг телефон рақамлари борми? Мен Уларга қўнғироқ қилмоқчиман. Улар ёрдам берган етим қизга мен ҳам ёрдамлашмоқчиман. Унга ўйинчоқларимни, кийимларимни бераман...

Сизнинг уйингизда хулқи ва кўрган-кечирганлари  билан болаларингизга ўрнак бўладиган инсонлар борми ёки кўнгил очар дастурлар ва сериалларда жилваланадиган "шоу бизнес"чилар борми? Уйингизга ташриф буюрадиганлар хонадонингиз муҳитига таъсир қилишини яна бир бор эслатмоқчиман. Хонадонингизга кираётган ҳавони ўзгартирмай, уйингиз ифорини ўзгартиролмайсиз.

Олам муҳитини гўзал қилиш учун хонадонингизга кирадиган ҳавони ўзгартира оласизми?

Умида Адизова

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!