Ўйларим...

11:00 06.02.2019 573

Хизмат фаолиятим давомида ҳар хил табиатли, турфа фикрли инсонларини кўрдим ва кўряпман. Одатда, инсонлар ҳузуримизга (масжидларимизга) ўзининг муаммолари, ташвишлари билан келади.

“Бундай ташвишга дучор бўлишингизга нима сабаб бўлди?”, дея сўраганимизда, аксарининг гапи битта: “Мен ҳаммасини тўғри қилдим. Аммо, билмайман нима учун бундай бўлди?!” Чин комил мусулмоннинг жавоби эса қуйидагича бўлиши керак: “Бандамиз, ожизмиз ва хатокормиз. Аллоҳ қайтарган ишларни баъзан қилиб қўямиз. Нима қилсак бу балолардан қутила оламиз. Аллоҳ кечириши учун банда нималар қилмоғи керак?” Бироқ, кўп ҳолларда, биз ўйлаган жавобнинг зидди билан жавоб берадилар. Мен бу гапим билан олдимизга келадиган инсонларнинг барчаси шундай жавоб беради, демоқчи эмасман ва бундай фикрдан ҳам йироқман. Лекин, тан олишга мажбурман жуда кўп кишилар биз орзу қилаётган жавобни зидди билан жавоб берадилар.

Бугун эр-хотин, бизнесдаги шерикчилик, бир-бирини алдаш, етимларни ҳаққидан қўрқмаслик ва шунга ўхшаш муаммолар билан ечим излаш мақсадида олдимизга келади. Улар билан атрофлича суҳбат қурамиз. Кўпинча, муаммоларнинг сабабини излашга ҳаракат қиламиз.

— Нима учун шу муаммолар бўлишдан олдин ёки бўлиш арафасида бизнинг олдимизга келмадингиз. Бирга ечим излар эдик?!”, деган савол бўлади энг биринчи сўрайдиган саволимиз. Одатдагидек, ўзларини оқлашга ҳаракат қиладилар. Албатта, бу табиий ҳолдир. 

Сўраймиз:
— Хўп, бизнинг олдимизга келмабсиз. Лекин, бу муаммолар бўлишидан олдин бирор киши билан маслаҳатлашдингизми?” 

Жавоб одатдагидек:
— Ҳа, маслаҳатлашдим! 
— Ким билан маслаҳатлашдингиз?” 
— Фалончи (одатда, маслаҳат беришга етгулик илм- салоҳияти йўқ, оғзига келганини гапираверадиган инсон бўлади) одам билан маслаҳат қилдим. У киши шунақа қилсанг ҳам бўлаверади, деди...

Биз уларга мантиқий савол билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз: 
— Дейлик, тишингиз оғриб қолди. Даволаниш учун кимнинг ҳузурига борасиз? 
— Албатта, тиш докторига-да!
— Нима учун деҳқонга бормайсиз?
— Қори ака, ғалати савол бердингиз-ку, нима учун деҳқонга бораман? Ахир, деҳқон доктор эмас-ку?!

—  Эътибор беринг, оддийгина тиш оғриғида кимнинг ҳузурига боришни биласиз. Аслида, бу  вужудингиз соғлиғи учун қилаётган ҳаракатингиз бўлиб, дунёингиз учундир. Лекин, шу дунёингиз учун ҳам астойдил ҳаракат қиляпсиз. Кимга боришни биласиз. Ҳеч қачон деҳқон сизнинг муаммоингизни ҳал қилолмаслигини биласиз. Ҳатто, тиш оғриғи билан деҳқонга шикоят қилиб боришни мантиқсизлик, деб атайсиз. Аммо, охиратингиз ишини тўғри келган инсондан сўрайсиз. Аслида, ҳақиқий мантиқсизлик шу эмас-ми?!

Бироздан сўнг саволимиз моҳиятини тушуна бошлайди. Қилган хатоларини баъзилари тан олади. Баъзилар эса, ўзини ҳар доимгидек оқлашга уринади.

Мени доим қийнайдиган нарса – кўпчилигимиз муаммолар сабабини ўзимиздан эмас балки, ташқаридан қидирамиз. Ишимиз ўхшамай қолса, дарҳол фолбин, ёлғончи ва шунга ўхшаш кишиларга борамиз. Уларнинг (ёлғон) сўзларига ишонамиз. Ишларимиз ўша фолбинга боргач, яхши томонга ўзгарса, буни тасодиф, деб қабул қилмаймиз. Балки, ўша фалончи қилди, деб ўйлаймиз. Бу бир тасодиф бўлиб, Аллоҳ ҳаммасига қодирдир, деб эътиқод қилмаймиз. Аслида, бу тасодиф Аллоҳнинг бандага юборган синови, бу ишни банда ўзига ўхшаган бандадан, деб биладими ёки Аллоҳдан деб биладими. Аксаримиз иймон масаласини жуда енгил санашга одатландик. Шунинг учун муаммоларимиз кўпайса, кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти.

Элёрбек ЭРКИНБЕК

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!