Ўз устингдан фақат кулганинг яхши...

08:00 01.03.2018 568

Соат қўнғироғин бешга тўғрилаб,
Бу ишимдан кейин хижолат тортдим.
Азон эшитилгач, турдиму сакраб
Қоронғулик ичра милларга боқдим:
Учу эллик эди соат миллари,
Бу қувғин умрнинг рамзий еллари —
Тўхтатиб бўлмайди уларни асло
Ёки юргизиб бўлмас уни тескари.

Учу эллик эди соат миллари — 
Ўттиз беш ёшим кетди илгари.
Кеча бола эдим дейман ўзимга,
Бугун амал қилолмам ўзим сўзимга:
Отамдан дуолар олмоқчи эдим,
Босган изларини ўпмоқчи эдим.
Онамга ҳар куни ваъда бераман,
Уни овутиш чун рақам тераман.

Волидамнинг эса саволи битта:
"Қачон келасан, ўғлим Ургутга?".
Бу саволга аниқ жавобим ҳам йўқ,
Ҳол сўраб келишдек савобим ҳам йўқ.
Тош шаҳар бағрида тошга айландим,
Наҳот, бир қуруқ қошга айландим.
Ойлаб алдайману ўзимни ўзим,
Йиллаб тергамайман ўзимни ўзим?!

Яна ишимдан кечикмай дея
Соатдан умидвор бўлганим уят.
Койидим ўша кун ғофил менимни
Азон эса англатди ёлғон чинимни:
Агарки вужудинг уйқудан турса
Ва лекин руҳинг мудроқ қолурса
Бундоқ уйғонмоқдан ўлганинг яхши
Ўз устингдан фақат кулганинг яхши...

Мақсуд ЖОНИХОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!