Ахлоқ

Ўзаро ёзишмаларни ошкор қилиш мумкинми? Диний ҳукми қандай?

779

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва бошқа ахборот манбаларида фуқаролар ўртасидаги ўзаро ёзишмалар ва телефонда сўзлашувларини ошкор қилишнинг қонунга мувофиқлиги борасида мунозаралар кўпаймоқда.

Бошқача айтганда, айрим фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларида ўзаро мулоқот қилаётган (телефонда сўзлашаётган) бошқа бир фуқаронинг хабарларини расмга олиб (скриншот қилиб, диктофонга ёзиб олиб) ёки унинг мазмунини ушбу мулоқотда қатнашмаётган бошқа шахсларга ошкор қилинишига қонунчиликда рухсат берилган ё берилмаганлиги ҳақида баҳслар кузатилмоқда.

Биринчидан, Конституциянинг 27-моддасига асосан ҳеч ким қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг ёзишмалари ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

Шунингдек, ушбу қоида “Алоқа тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида ҳам мустаҳкамланган. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Демак, юқоридаги нормалардан кўриниб турибдики ёзишма (сўзлашув)лар сирини ошкор қилиш тақиқланган.

Хўш дейлик, кимдир ушбу сирни ошкор қилди? Бу учун қандай жавобгарлик мавжуд.
Хориж тажрибасига назар солсак, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 138-моддасига кўра ёзишмалар, телефон сўзлашувлар, почта, телеграф ёки бошқа хабарларнинг махфийлигини бузиш 80 минг рублгача жарима ёки маҳкумнинг 6 ойгача бўлган иш ҳақи миқдорида жарима ёки 360 соатгача мажбурий меҳнат ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Эътиборли жиҳати бунда, ёзишмалар сирини бузганлик учун жавобгарлик учинчи шахслар учунгина қўлланилади. Ёзишма иштирокчилари бўлган шахсларга бу талаб тадбиқ этилмайди. Буни Россия Олий суди ҳам тасдиқлаган.

Ёзишмалар, телефон сўзлашувлар, почта, телеграф ёки бошқа хабарларнинг махфийлигини бузишга оид жавобгарлик Қозоғистон Жиноят кодексининг 148-моддасида, Тожикистон Жиноят кодексининг 146-моддасида, Туркманистон Жиноят кодексининг 147-моддасида ҳам белгиланган.

Буюк Британиянинг Махфийлик ва электрон алоқа тўғрисидаги қоидаларига кўра, фойдаланувчиларнинг қўнғироқлари, ёзишмалари, жойлашув маълумотлари сир тутилиши шарт.

Ушбу қоидаларни бузганлар аксарият ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилади, шунингдек корхона ёки ташкилотлар раҳбарлари эса 500 минг фунт стерлинггача жаримага тортилиши мумкин.

Германия Жиноят кодексининг 203-қисмига мувофиқ шахсий сирни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Кодекснинг 32- ва 34-қисмларига мувофиқ фуқаролар шахсий ҳимояси учун телефон сўзлашувларини ёзиб олишлари мумкин.

Канада Олий суди томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган Мараках иши доирасида полиция томонидан келтирилган далиллар (суд санкциясини олмасдан шеригининг телефони мусодара қилиниб, юборилган бир неча матнли хабарлар далил сифатида ишлатилган) ёзишмалар сирини бузган ҳолда олинган деб топилиб, оқлов ҳукми чиқарилган. Бу эса ўз навбатида ушбу давлатда ёзишмалар фақатгина тегишли шахсларнинг розилиги ёки суд санкцияси билан ошкор этилиши мумкинлигини билдиради.

АҚШ Қонунлари кодексининг 18-бўлими 2511-қисми симли, оғзаки ёки электрон алоқани ушлаб қолиш ва ошкор қилишни тақиқлайди. Бундан ташқари, ёзишмалар ёки сўзлашувларни уларни амалга оширган шахсларнинг бирининг розилиги билан ошкор қилиш ҳам мумкин. Бу АҚШдаги федерал норма.

Юқоридагиларга кўра қуйидаги хулосаларни қилиш мумкин:

ёзишмалар, телефон сўзлашувларининг сир сақланиши ҳар бир шахснинг конституцион ҳуқуқи ҳисобланади;
ёзишма (сўзлашув)ларнинг сир сақланишини бузганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик фақатгина мулоқот иштирокчилари бўлмаган учинчи шахслар учун келиб чиқади;
мулоқот иштирокчиси бўлган шахс учун жавобгарлик фақатгина сирнинг хусусиятидан (оилавий, шахсий сир ва ҳ.к.) ва оқибатидан келиб чиқиши мумкин;
бир тараф иккинчи тарафдан сирни ошкор этганлиги натижасида келиб чиққан зарар ва маънавий зиённи қопланишини суд тартибида ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Бунда судлар ҳар бир иш юзасидан ҳолатга алоҳида қонуний баҳо беришади.

Таҳририятдан: Муқаддас динимиз бировнинг айбларини беркитиш, бошқаларнинг сирларини ошкор қилмасликни буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар:

“Ким бир мўминнинг айбларини яширса, Аллоҳ таоло унинг айбларини дунё ва охиратда беркитади...”

Йирик ҳанафий олими имом Биргивий ҳадисларга таяниб қуйидагиларни айтади:

Бировнинг сири агар шариатга хилоф бўлмаса, уни яшириш вожиб бўлади. Масалан кимдир ўзининг уятли касали ҳақида шифокорга гапирди, ёки ғассол маййитнинг баданида айбли ҳолатга гувоҳ бўлди. Буларни яшириш вожиб, ошкор этиш ҳаром.

Агар сир шариатга хилоф бўлса ва у аллоҳнинг ҳаққи бўлиб, бирор шаръий ҳукмга тегишли бўлмаса, масалан ҳад уриладиган ё таъзир бериладиган иш бўлмаса. Мисол: мен 10 кунлик намозимни тарк этганман, деб кимдир ўз гуноҳларини бировга ошкор этди. Бу Аллоҳнинг ҳаққи ва унга бирор жазо тайинланмайди. Бу ҳолатда ҳам унинг сирини яшириш лозим бўлади. Фалончи 10 кунлик намозини тарк этибди, деб бошқаларга ошкор қилиб уни шармисор қилиш ҳаром.

Қизларда ҳаё, йигитларда ор бўлмаса... 

Мубашшир Аҳмад: “Агар қайта яшашнинг имкони бўлса...”

Агар ўша сир Аллоҳнинг ҳақи бўлиб, бирор шаръий ҳукмга тегишли бўлса, масалан кимдир зино қилгани ҳақида гапирди. Буни ошкор этилса уни маҳкамада дарра уришлари ё тошбўрон қилишлари мумкин. Бу ҳолатда сирдан воқиф бўлган одам ихтиёрли бўлади. Хоҳласа ошкор қилади хоҳламаса йўқ. Лекин яшириш афзал бўлади.

Агар сир банданинг ҳаққи бўлиб, бирор кишига зарар келтирса ёки шаръий ҳукмга алоқадор бўлса масалан қасосга. Мисол тариқасида айтиш мумкинки, кимдир фалон куни фалон жойга ўғирликка тушаман, ё фалончини ўлдираман деб махфий режа тузди ва режасидан сизни ҳам воқиф қилди. Бу ҳолатда унинг сирини ошкор этиш, агар талаб қилинса тегишли идорада гувоҳлик бериш ҳам вожиб бўлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Трамп ижтимоий тармоқларнинг “қулоғини чўзиб” қўймоқчи

493 15:00 29.05.2020

Фаррух Соипов сохта аккаунтларни ўчиришни сўради

1030 22:00 22.05.2020

Ислом дини "пиар"га муҳтож эмас!

2563 03:40 20.05.2020

Бу 400 йилда бир марта гуллайдиган Пайғамбар гулими?

9384 13:30 15.05.2020

«Экскаватор биздан эмас» – Вазирлик Бойсун тумани ҳокимлиги баёнотига муносабат билдирди

801 14:00 14.05.2020

Эрон "провокацион" хабарлар учун 320 кишини ҳибсга олди

430 12:44 11.05.2020
« Орқага