«Ўзбек деган миллат бу қадар шарманда бўлмаган​!»

22:53 11.01.2019 13839

Икки-уч кундан бери “Браво“ жамоаси ҳақида танқидий мавзуларга кўзим тушиб, “ким экан у?” деб, қарагим келди. Ўша эски масхарабозлар янги чопонда чиқибди. Беш кунда уч миллион тўрт юз мингдан ортиқ одам томоша қилибди, олтмиш олти мингдан ортиқ одам маъқуллик белгисини, ўн уч мингдан ортиғи ёқмади белгисини босибди. Ростини айтаман, ўтказиб-ўтказиб, у ер-бу ерини кўрдим, зўрға сабр қилдим. Ўзбек деган миллат бу қадар шарманда бўлмаган, ишонинг…

Етти-саккиз ёшли болаларни олиб келган ота-оналар, аёлини ҳаёсиз аскияларни эшиттиришга қўлтиқлаб келган “эр”лар, саксонларни қоралаб қолган, оғзини ўзининг фарзандлари олдида катта-катта очиб кулишга уялиши керак бўлган аёллар, эрининг ёнгинасида ўтириб олиб, етти ёт бегона одамнинг сассиқ гапларига ҳиринглаётган хотинларни кўриб юракларим оғриб кетди. Бу миллатнинг эрлари бу қадар даюс бўлмаган…

Мен тушунмайман, ростдан тушунмайман! Қайси фаросат билан ўзининг ҳалол аёлини иштонсизликлар қола-қолиб, иштонсиз гаплар айтиладиган, аёллар, оналар, қизлар ҳақорат қилинадиган жамият орасига олиб келишини тушунмайман. Айтинг-чи сиз ҳам, шу даюслик белгиси эмасми!?

Бу ҳолатга жамият, жамоат, раёсат тоқат қилиб туриши даюсликка, юзсизликка, ҳаёсизликка тарғиб қилинишига рози бўлиши, рухсат беришимасми? Энди биз ўлдикми? Шарқ ўлдими ё? Ҳамиятли эрлар, ғаюр эркаклар, бурди бор оталар замондан орқадамикан балки!?

Бугун кайфиятларим тушди, таъбим тирриқ бўлди, ҳаёлимда ботқоқ ичига ботиб кетгандай бўлдим, мен-ку амаллаб, норозилигим билан яшаб ўтиб оларман, мендан кейинларим-чи, улар кўниб бормасми!?

Қуйидаги суратни ўша концертдан олдим. Сизнинг яқинингиз, балоғатга етган қизингиз шундай кулса, бўлиб ҳам, ўн минг одам орасида, миллионлаб томошабин қаршисида шундай чиқиб турса, ғазабланмайдиган одам ҳам борми!? Ёқмадими сизга!? Менга ҳам!

Бугун сиз билан биз раддия бермасак, юқорига арз қилмасак, эрта-индин кеч, жудаям кеч бўлмасмикан!? Ўйлаб кўрармиз балки!?

Мен бундай ҳаёсизликни, юзсизликни, тарбиясиз-пасткашликни тушунмайман асло!

Салим АЙЮБИЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!