Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбек ОАВда халқаро мавзулар кўнгилдагидек ёритиляптими?

743

 «Фикрат» таҳлилий дастуримизнинг навбатдаги сонида Ўзбекистон  журналистлари ижодий уюшмаси  Халқаро шарҳловчилар  кенгаши аъзолари Абдували Сойибназаров ва Шарофиддин Тўлагановларни таклиф  қилдик. Улар “Ўзбек оммавий ахборот воситаларида халқаро мавзулар кўнгилдагидек ёритиляптими?” мавзусида ўз фикрларини билдиришди.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ:

– Миллий ахборот маконида  чет эллардан олинган маълумотларни, яъни хорижий ахборотни ёритиш оммавий ахборот воситалари учун нечоғли муҳим? 

Ушбу мақолада шу саволга батафсил жавоб излаймиз. Миллий мафкурани яратишда ёки ахборот сиёсатини яратишда, албатта, хориж тажрибаси ва хориж хабарлари керак. Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қўймоқдамиз. Бунда етти ёшдан етмиш ёшгача барча дунёда бўлаётган воқеаларни англаб, тўғри хулоса чиқаришлари керак. Бизда аксарият чет тиллардан фақат рус тилини билади ва ҳар куни рус сайтларини кузатиб боради. 

Мисол учун «РИА Новости»ни олайлик. Дунёда бўлаётган воқеаларнинг барчасини бериб боради. Американинг Россияга нисбатан салбий муносабатини ҳам очиқ ёритади. Шунинг учун рус халқи ўз матбуотига ишонади. Ҳатто қайсидир давлатнинг Россия ҳақидаги салбий фикр билдирганини ҳам беряпти-ку, демак, Россиядаги расмий матбуот доим тўғри гапиради деган фикр бор. Бизда охирги пайтларда биринчи даражали дунё воқеалари матбуотимизда кўзга ташланмаётгандек. Асосан, сариқ матбуотда учинчи, тўртинчи даражали янгиликлар берилади. Масалан, Африканинг қайсидир чўлида калтакесакнинг янги нави топилди. Сариқ матбуотда бир ой давомида берилса ҳам эскирмайдиган маълумотлар берилади. Лекин расмий матбуотда, биттагина "Ҳуррият" газетасида хориж хабарлари бериляпти холос.

Айни пайтда сайтларда, шу жумладан, "Қалампир.уз" ҳамда "Кун.уз" сайтларида дунёда бўлаётган сўнгги воқеалар фақат содда шаклда бериб борилмоқда. Қолган сайтлар негадир сал орқага кета бошлади. Лекин бу тепанинг буйруғи эмас. Ўша иккита сайтга раҳмат айтиш керак, улар анча холис. Лекин таҳлил йўқ, шу сабабли халқимизда бу давлат "оқ" ёки "қора" деган нотўғри фикр пайдо бўлмоқда. Хабарни тозалигича батафсил бериш керак, шу ўринда алоҳида таҳлилни ҳам бериб бориш лозим. Яъни олдин янгиликнинг ўзи тақдим қилиниб, сўнг экспертлар муносабати билан таҳлили бериб борилиши керак. Шундай кўрсатувлар, шоулар қилинса ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бир пайтлар телевидениеда "Сиёсий шарҳловчилар олами", "Оламда нима гап?" номли кўрсатувлар бўларди. Халқимиз шу кўрсатувларни севиб томоша қилар эди, радио ҳам севиб эшитиларди. Охирги пайтда таҳлил йўқ, фақат хабарнинг ўзини беришяпти, шу сабабли томошабинлар ҳам у ёки бу тараф бўлиб кетишяпти.

Бизда ҳозир расман цензура йўқ. Масалан, газеталар ўзлари хоҳлаган нарсани ёзиб чиқаришлари мумкин. Газета саҳифаларини ўқиш керак бўлган ва ўқилмайдиган саҳифаларга ажратиб кўрайлик. "Ҳуррият" ва "Жамият" газеталарининг 8 саҳифаси ҳам ўқишга арзигулик. Фақат халқаро хабарларни ҳам қўшиб юборишса яхши бўларди. 

Айни пайтда аввалгидек «тепа»дан босим йўқ. Қатор кўрсатувлар ва эшиттиришлар жонли узатиляпти. Халқаро мавзуларни таҳлил қила оладиган, маддоҳлик қилмасдан, буюртмани кутмасдан, оператив ва объектив ёрита оладиган халқаро журналистлар кам. Хусусий радиолар ҳам, давлат радиолари ҳам ахборотни ўз вақтида беряпти. Газеталарда хабар эскиришига сабаб ҳафтада битта ёки иккита газета чиқади. Ҳафталик газеталарни  маърифат ва маънавиятни тарқатадиган газета деб ҳисоблашимиз керак. Жумладан, халқаро воқеаларни ҳам маърифий газета бўладими, маънавий газета бўладими бериб бориши, шарҳлаши лозим.

Ўзбекистонда интернет нархини арзонлашса, ахборот масаласида муаммолар камаяди. Интернет арзонлашса, давлат томонидан каналлар узатилишини кутиб ўтирмай халқаро ахборотни мустақил олиш имконияти бўлади. Бу катта фожиа эмас. Бу энди ҳукуматга боғлиқ масала ҳам эмас, кабел ширкатлари қўшиб қўйишса зарар қилмасди. Кейин Туркиянинг хабар узатадиган каналларини қўядиган бўлсак, тил ўрганиш имконияти ҳам туғилади. Умуман, бугун ахборот майдони чегара билмас экан, журналистикамизда сиёсий шарҳ, таҳлилга талаб юқори.

Абдували СОИБНАЗАРОВ:

–  Албатта, ҳозир халқаро масалаларни ёритиш жуда ҳам долзарб бўлиб турибди. Чунки ОАВда, ўзимизнинг расмий матбуотда, айниқса телевидениеда дунёда ёки атрофимизда содир бўлаётган воқеаларга ёндашув деярли кўзга ташланмайди. Албатта, ўзимизда цензура йўқ, лекин ички цензура туфайли шундай ҳолатга тушиб қолдик. Айниқса, 1991 йилда мустақилликка эришганимиздан 2016 йилгача бўлган даврда у ёки бу мамлакатнинг қитиқ патига тегиб қўймаслик учун ёки бўлмаса, мамлакатлар орасидаги дипломатик келишмовчиликнинг олдини олиш мақсадида умуман халқаро мавзулардаги янгиликларни бериш камайиб кетди. Лекин бизнинг аудиториямиз, халқимиз, албатта, халқаро ҳаётга жуда қизиқади, буни биз ҳозир ижтимоий тармоқларда бўлаётган тортишувлардан ҳам билиб олишимиз мумкин. Бундан биз ОАВ да хориж хабарлари ёки кўпроқ шарҳларни бериб бориш мақсадга мувофиқ эканлигига амин бўляпмиз. Чунки кўпинча ижтимоий тармоқларда кўриб турганимиздек у ёки бу мамлакатда бўлаётган воқеликларни чуқур таҳлил қилмаган ҳолда бир-биримизнинг шахсиятимизга тегиб қўйиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Чунки ташқи воқеалар кузатувчилари бир-бирларини “путинпараст”, “америкапараст”, “бандерачи” сингари номлар билан атаб, оқибатда халқимиз орасида тарқоқлик юзага келишига сабаб бўляпти. Балки Ўзбекистон учун Африканинг узоқ мамлакати ёки Американинг жанубий қисмида бўлаётган айрим воқеалар қизиқ эмасдир, лекин МДҲ, Марказий Осиё давлатлари, Ўзбекистон манфаатларига бевосита дахлдор бўлган мамлакатларда бўлаётган воқеаларни холис, адолатли ёритиш керак.

ХХI аср ахборот асри, бугунги кунда ҳеч қандай ахборотни яшириб бўлмайди. Давлат ичидаги масала, давлат ташқарисидаги масала — ҳаммаси ошкора бўлиб кетади, фақат унга таҳлил етишмаётгандек. Ахборотлар олдин ҳам кўп бўлган, лекин уларни тарқатиш воситаси бунчалик кўп бўлмаганлиги учун ҳам биз фақат филтрланган хабарларнигина эшитиб келганмиз. Масалан, собиқ иттифоқ даврида бўлган воқеалар, 1980 йилларда мафиялар бўлганлиги, каллакесарлар бўлганлиги ҳақида 1991-2000 йилларда эшитдик. Чунки оддий аҳолига бу ахборотлар етиб келмас эди. Биз энди булар ҳақида эшитишни бошладик. 

Илгари "Халқ сўзи" газетаси ҳам қанчалик расмий эди. Лекин ҳозир газетанинг ҳар битта сонида биттадан танқидий мақола ўқияпмиз. Ёки бўлмаса, Қозоғистон воқеаларини олайлик. Тўғри, ўша куннинг ўзида бу хабар газетада берилмади, лекин 3-4 кун ўтиб мулоҳаза асосида мақола ёзилди, кўриб турганингиздек мана шунга ўхшаш воқеалар мақола шаклида газеталарда ҳам энди-энди чоп этилмоқда. Нафақат "Ҳуррият" газетаси, балки расмий газеталар ҳам ўзгарди.

Яна шуни айтиш жоизки, ҳозирда ахборотни ким биринчи бўлиб тарқатса ва кенг оммага ёйса, ўша ахборот майдонида ҳукмронлик қилади. Ҳозир АҚШ га қарашли 4 та йирик ахборот агентлиги бор. Менинг билишимча, ахборотнинг 60 фоизи шу агентликлар томонидан тарқатиляпти. Шу сабабли, Қўшма Штатлар тарқатган ҳар қандай хабар Ғарбий Европада ҳам, бошқа давлатларда ҳам тўғри деб қабул қилиняпти. Ёки Россияни оладиган бўлсак, Россия ҳам кейинги пайтда ахборот тарқатишга катта эътибор қаратиб, "Russia Today" деган ахборот агентлиги чиқариб, ҳам босма, ҳам электрон ОАВ орқали ўзининг мафкурасини ёйишга ҳаракат қиляпти. Хитойнинг "Синьхуа" ахборот агентлиги ҳам худди шундай фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга бизнинг — ўзбек матбуоти ҳам Ўзбекистоннинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қиляпти. Ахборот маконидаги ўзбек журналистлари ҳам ўзгаришга уриняпти. Иккинчи томондан ўзбек журналистикасининг моддий-молиявий томондан техник базаси ҳам мустаҳкамланяпти. Олдин 2015 йилгача 150 АҚШ доллари миқдорида маош олиш ҳам жуда қийин эди, лекин ҳозир журналистларимизнинг молиявий аҳволи яхшиланиб боряпти. Албатта, журналист қанча мустақил, моддий аҳволи яхши бўлса, сифатли ахборот тайёрлаш, етказиш имконияти ҳам ошади.Кўпчилик Россия каналлари сингари Туркия ахборот каналлари ҳам Ўзбекистонда узатилса, дейди. Бир вақтлар ТRТ канали фаолият кўрсатганди, кейинчалик бу канал Туркия билан муносабатларимиз сал совуқлашлиги сабабли узиб ташланган. Ҳозирги пайтда Туркия интернет давлатлар кенгаши фаолият кўрсатяпти. Ахборот маконида Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ўзаро бир-бирининг ахборотини тарқатиш бўйича келишувлар имзолашга ҳаракат қиляпти. Яқинда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги билан Озарбайжон миллий ахборот агентлиги ўртасида келишув имзоланди. Вақт кўрсатади, албатта, 2-3 йил ичида Ўзбекистон ахборот маконида Туркиянинг телеканаллари ҳам фаолият кўрсатиб қолса керак.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Пандемия халқаро можароларга туртки берди – эксперт

279 21:34 30.01.2023

Бувижон, мен барибир келаман

694 19:40 30.01.2023

Қуръони карим борасида 25 та ҳақиқат

832 18:40 30.01.2023

Кўнгилли аскарларни Мудофаа вазирлиги таъминлайди

466 17:20 30.01.2023

Washington Post: АҚШ Украинага Абрамс танкларини юборилиши ҳақида маълумот берди

478 16:40 30.01.2023

Покистон масжидида портлаш: ўнлаб киши ҳалок бўлди

445 15:58 30.01.2023
« Орқага