Таҳлил

Ўзбек тили давлат тили (эмас)

3195

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлибди. Биз одатда бир асрнинг учдан бирига менгзалган бу фурсатни ислоҳотлар ва тараққиёт учун жуда қисқа фурсат деб таъриф этиб, ўзимизнинг ноқислигимизни, журъатсизлигимизни ва дангасалигимизни хаспўслашга ўрганиб қолганмиз. Аслида эса бу оз муддат эмас. Олмон халқи урушдан вайронага айланган ўлкани бундан оз муддатда иқтисодиёти маромга тушган, ҳар тарафлама ривожланаётган мамлакатлар сафига олиб чиқа олган. Японлар бу муддатнинг учдан бирида ярим асрлик урушлардан толиққан, айтарли ҳеч қандай табиий бойлиги йўқ, табиий офатларнинг ҳамма тури бор юртни капиталистик янги дунёда ишлаб чиқариш ва саноат борасида иккинчи ўринда турувчи етакчи мамлакатга айлантирган. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Бизда ҳам ўтган ўттиз йил ичида озми-кўпми ривожланиш, ислоҳотлар бўлгани ва сўнгги йилларда бу жараён янада жадаллашгани бор гап. Бунга минг шукр. Булар ўз йўлига. Аммо ўтттиз йилдирки, биргина тил борасидаги қонунни эплаб жойига келтира олмаётганимиз ҳам ҳақиқат. Бунинг қатор сабаблари бор, албатта. Назаримда, ўша сабаблардан бири ‒ ўзбек тили давлат тили бўла олмаётганида бўлса керак. Тўғри, унга қоғозда давлат тили мақоми берилган, лекин воқеликда уни давлат учун тил деб юз фоиз қабул қила олмагандекмиз.

Афсуски, ўзбек тилини ўзидан энг узоқ тутаётган қатлам ўқитувчилар, олимлар ёки бошқалар эмас, айнан давлат муассасалари бўлмоқда. Буни билиш учун жуда катта тадқиқот керак эмас, кўплаб идораларда оддий ҳужжатлардан тортиб, қонун-қоидаларгача ҳануз рус тилида тузилаётгани сўзимизга ёрқин далил бўла олади. Ҳозиргача давлат қонунлари рус тилида ёзилади, ўқилади, муҳокама қилинади ва кейин кимдир ҳафсала қилса, ўзбек тилига ўгирилади. Бекорчи таржимон топилмаса, қонунлар таржима қилинмай қолиб ҳам кетаверади. Энг ачинарлиси, аслида бошқа тилда ёзилгани учунми ёки таржима нўноқми, кўпинча қонунларнинг ўзбек тилидаги нусхасини ўқиб яхши тушунмайди одам. Мазмун-моҳиятдан ташқари, гап ва жумла тузишлар ҳам табиий ўзбекча эмас. Камига таржима қилинмай қолган сўзлар ҳаддан ташқари кўп.

Ўзбек тили давлат тили бўла олмаётганини ҳукумат тарафидан қурилаётган иншоотлар, муассасаларнинг номларида ҳам кўриш мумкин. Камига улар ҳақида узатилаётган хабарларда ўша номлар бира тўла ажнабийча ёзувда берилмоқда. Масалан, “Халқ сўзи” газетасида берилган ушбу сарлавҳага эътибор беринг: “Tashkent City”: “Hilton”даги давлат раҳбарлари учун мўлжалланган номерлар қандай кўринишда?

Сарлавҳадаги ҳар бир ажнабийча сўзни таҳлил қилсак, гап чўзилиб кетади. Биргина “Tashkent City” жумласини олайлик. Нега кирилл алифбосида ёзилган мақолада “Tashkent City” лотин алифбоси ҳарфлари билан, ажнабийча битилган? Матбуотни кузатинг, бу ном ҳамиша ажнабийча шаклда қайд қилинмоқда: “Президент “Tashkent City” лойиҳалари билан танишди”, “Давлатимиз раҳбари “Tashkent City” халқаро бизнес марказига ташриф буюрди” ва ҳоказо. Нега энди кирилл ёзувидаги газетада айнан шу ибора фақат ажнабийча ёзилиши керак? Бу иншоот ўзи қаерда қуриляпти, Ўзбекистондами ё бошқа жойдами? Бу шаҳарча ўзбекларга тегишлими ёки инглизларгами? Нега уни ўзбекча номлашдан қочилади?

Аслида бу мажмуани “Тошкент шаҳарчаси”, “Шош кент”, “Янги Шош” ёки шу каби ўзбекча ибора билан номласа ҳам бўлар эди. Жуда бировлар тушунмай қолади-да, дейилса, ёнига ажнабийча номни ҳам илова қилиш мумкин. Боринг ана, давр талаби, халқаро истеъмолдаги сўз бўлсин деган ўйда ном танланганда ҳам уни “Тошкент сити” деб ёзса, нимаси чатоқ? Масалан, руслар шундай қилишади: расмий матбуотларда ҳам “Москва сити” деб ёзишади. Хўш, шу билан ўша ситининг бозори юрмай қоладими? Ёки бу билан руслар бошқалар олдида обрўсизланиб қолдими? Йўқ, аксинча, ўз тилини ҳурмат қилган халқни бошқалар ҳам ҳурмат қилади. Жуда ажнабийпарастлигимиз қўймаётган бўлса, келинг, руслардан ўрнак олайлик, “Тошкент сити” деб ёзайлик.

Қайси ўзбек “City” сўзини инглизчасига ўқийди? Инглиз тили талаффуз қоидасини билмаган одам учун бу сўз ниҳоятда тушунарсиз ёзилган. Агар уни бизда қабул қилинган лотин ҳарфлари билан ифодаланса ҳам бу тарзда ёзилмайди.

Мазкур шаҳарчани Ўзбекистон бағридаги Европа қилишмоқчими, билмадим, у ердаги асосий бинолар ҳам ажнабийча номланган. Масалан, шаҳарчада мамлакатдаги энг баланд бино қурилмоқда, 50 қаватли. Ҳақиқатан, бу иншоот ўлка тарихидаги энг баланд уй бўлмоқда. Ўзбек ўзбек бўлиб ўз юртидаги энг баланд бинони қурмоқда, аммо номи инглизча: NEST ONE. Камига, бу ҳам ҳалигидай “дахлсиз” жумла, таржима ҳам қилинмайди, уни лотинчадан бошқа алифбода ёзиб ҳам бўлмайди. Тилни оёқ ости қилиш бунчалик эмаса‑да, жўра!

Яхши изланса, шу бинога ҳам ўзбекча ном қўйиш мумкин эди. Масалан, «Танҳо», «Танҳо бино», «Чўққи» ва ҳоказо. Хуллас, бунёдкори ўзбекми, унинг дастхати қурган биносида яққол кўриниши керак ва бу ўша қурувчининг ўзлигини йўқотмаганидан далолат бўлади. Дастхат аввало номларда кўринади.

Очиғини айтганда, расмий матбуотда ўзбек тилига бўлган эътиборсизлик анчагина юқори. Яна ҳам аниқроғи, бу борада давлат муассасалари етакчилик қилиб келмоқда. Аслида улар тилшуносларни жалб қилиб бўлса ҳам, ўзбек тилининг бойлигини халққа намоён этиш, янги сўз ва ибораларни ўзбекча талқинини жорий қилишда бош‑қош бўлишлари керак. Чунки ўзбек тили давлат тили деб қўйилибди.

Ўзбек тили чин маънода давлат тили мақомига эришиши учун аввало унга давлат тарафидан қаров бўлиши керак. Бир йилда бир жўш урадиган мақолалар, қанақадир фаолларнинг ҳаракати билан мақсад ҳосил бўлмайди. Давлат ўз фаолиятининг ҳар бир қадамида ўзбек тилининг давлат мақомига эга эканини намоён қилиб туриши лозим. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, ўзбек тилини аввало давлат ўзи сева олиши, қадрлаши керак. Ана шунда у бошқаларни ҳам ўз тилини ‒ давлат тилини ҳурмат қилишга, унга риоя қилишга ундай олади, буни назорат қила билади ва ана шунда тил ҳақида сўзлаш унга ярашадиган бўлади.

Бу муаммога сабаб сифатида кимдир: «Ўзбек тилида ҳозирги қатор атамаларнинг таржимаси йўқ-да», дейиши ҳам мумкин. Тўғри, айрим халқаро истилоҳларни бор ҳолича қабул қилиш мумкиндир. Лекин бундай сўзлар саноқли бўлади, қолганини барибир таржима қилиш керак. Шу билан бирга, ана шундай атамаларни қабул қилганда ҳам уни ўзбек тили талаффузига мослаштириш даркор. Талаффузини мослаш у ёқда қолиб, ажнабийча ёзиб юриш керак эмас.

Кўҳна заминимизда давлатчилик қадимдан яхши ривожланиб келган. Бинобарин, кўплаб сиёсий истилоҳлар учун ҳам ўзбек тилида муқобил сўз топиш мумкин. Фақат бунинг учун изланиш керак, қадимги ҳужжатларни титкилаш керак, мутахассисларни ишга солиш керак. Энг муҳими ‒ шуни зарур деб англаш лозим.

Шу ўринда яна бир фикр. Агар маълум бир сўзнинг ўзбек тилида таржимаси топилмаса, унинг учун янги сўз тузиш, янги ном топиш ҳам мумкин. Ахир шу пайтгача аждодларимиз шу зайлда янги сўзлар, исмлар кафш этишган. Ахир сўзлар уларга ваҳий бўлиб тушмагандир? Биз ҳам тилнинг имкониятидан келиб чиқиб, қўрқмасдан янги сўзлар ясашга, мавжуд сўзларга янги маъноларга юклашга ҳаракат қилсак бўлади.

Мисол учун, «Олтин силсила» лойиҳасида бурунга томизиладиган дорилар учун умумий номни англатувчи арабча «саъуутун» сўзини «бурунтомизғи» деб таржима қилдик. Тўғри, ўзбек тилида бундай сўз йўқ, аммо уни киритишга монелик ҳам йўқ, ўзбек ўқувчининг завқи буни қабул қилади.

Яна бир мисол. Ҳозирда уяли алоқадан фойдаланиш усулларидан бирортасини ишга туширишни “фаолллаштириш” деб юритиш истеъмолда кенг қўлланмоқда. Аслида фаоллаштириш деганда мавжуд иш‑ҳаракатнинг қизғинроқ тус олиши тушунилар эди. Аммо янги истеъмолга кўра у маълум амални ишга туришни билдирмоқда. Яна бири – “илова” сўзи. Уни  жиҳозлардаги дастурчаларга нисбатан ҳам ишлатилмоқда ва аста-секин одамлар уни қабул қилмоқда. Худди шу каби айрим мавжуд сўзларни маълум бир ҳаракат ёки нарсага ишлатиш орқали унга янги маъно юклаш мумкин. Тилдаги ушбу хусусиятдан унумли фойдаланиш айни муддао бўлади.

Одатда ҳар йили октябр ойида матбуотда тил ҳақида гаплар айланиб, телевизорда тилшунослар кўриниш бериб қолишади, кейин шу бўйи томошабинлар билан бир йилга хайрлашишади. Аслида тил бўйича ҳар ҳафта, иложи бўлса, кун ора мана шундай кўрсатувлар бериб борилиши керак. Унда тилнинг хусусиятлари ўргатилиши, мавжуд муаммолар ўртага ташланиши, муҳокама қилиниши лозим. Бирор иш-ҳаракат ёки буюмга ном бериш учун эълон бериб, халқдан фикр олиш ҳам мумкин. Одамлардан кутилмаган жавоблар бўлиши тайин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ‒ конлардир» (Бухорий ривояти), деб бежизга айтмаганлар. Бу борада туркларда, форсларда анчагина фаоллик бор. Улар янги яратилаётган замонавий ускуналарга ҳам ном бериш учун бош қотиришади, муҳокама қилишади ва кўпинча яхши натижага эришишади. Бу каби ишлар ҳам давлат тарафидан уюштирилиши, юргизилиши даркор. Бунинг учун давлат ўзбек тилини чиндан ҳам ўз тили деб эътироф этиши ва буни амалда кўрсата билиши лозим.

Тил ҳақида ҳарчанд гапирилса ҳам, мақолалар ёзилиб, телевизорда муҳокамалар қилинса ҳам, кўзланган мақсад ҳосил бўлмаётганининг сабабларидан бири ‒ халқимиз руҳиятида ўзликни англаш, она тилини севиш етишмаётгани бўлса, ажаб эмас. Яшириб нима қиламиз, ўзбек тилида гаплашишни ўзига эп кўрмайдиган ўзбексимон олифталар қанча. Буларнинг барчаси одамларда миллий ғурур, ўзлик туйғуси емирилганидан дарак беради.

Биз тилни асраш учун, уни ривожлантириш учун аввало ёшларимизда, раҳбару фуқарода ўзликни англаш руҳини шакллантиришимиз, уларга ўзбек тилини танитишимиз, севдира олишимиз даркор. Танимаса, севмайди. Ҳа, биз одамларимизга тилимизнинг бойлигини, гўзаллигини уқтира билишимиз керак. Бунинг учун ўзбек тили том маънода давлат тили мақомига эга бўлиши лозим.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

20.10.2019 й.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев:  «Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир»

294 22:09 21.10.2019

Иқбол Мирзо: «Тошкентни кезар экансиз, гўёки Европа шаҳрида юргандек ҳис қиласиз ўзингизни...»

559 11:35 18.10.2019

Ўзбек тилига ким эътибор қаратади? Ҳолбуки, қўшни ва қардош мамлакатларнинг Давлат тили қонунлари бизникидан кўра қатъийроқ ишлаб чиқилган

765 10:00 15.10.2019

Тўхтанавите!!!

3309 12:35 09.10.2019

Сиз учун давлат тилининг ҳурмати йўқми?

549 18:00 07.08.2019
« Орқага