Ўзбекистон ва Буюк Британия Афғонистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириши мумкин

11:40 07.12.2018 162

Кеча Лондон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Эргашев ва Буюк Британия Бош вазирининг Афғонистон ва Покистон бўйича Махсус вакили Гарет Бейли иштирокида Ўзбекистон – Британия маслаҳатлашувлари ўтказилди, дея хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти.

Афғонистон ва унга туташ минтақадаги вазиятнинг ривожланиши, афғонлараро музокаралар жараёнини бошлаш юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар борасида фикр алмашилди.

2018 йил 27 мартда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларациясини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Британия томони Ўзбекистоннинг «Толибон» ҳаракати ҳамда барча Афғонистондаги сиёсий кучлар иштирокидаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлари дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланганини қайд этди.

Афғонистонда қўшма ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни, жумладан инфраструктура, маданий-гуманитар ҳамда таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.

Буюк Британияга ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Эргашев Британиянинг етакчи тадқиқот ва таҳлил марказларида ўтказилган қатор тадбирларда иштирок этди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!