Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбекистон-Франция муносабатлари янги босқичда

652

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Франция Президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан Францияга ташриф буюради. Сафардан кутилаётган натижалар ҳақида аzon.uz мухбири сиёсий фанлар доктори Фаридун Саттаров билан  суҳбат қилди.  

– Фаридун Фотиҳович, давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи жараёнида қандай масалалар кўрилади?

–  Давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи жараёнида кўпгина учрашув ва тадбирларнинг ўтказилиши кутилмоқда. Жумладан, ташриф пайтида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Франция президенти Эммануел Макрон билан икки томонлама музокаралари ўтказилади. Шу билан бирга Франциянинг Миллий ассамблеясида, яъни Франция парламентининг қуйи палатасида, Президентимиз билан учрашувлар режалаштирилган. Шунингдек, Президентимизнинг ташриф дастурида Франциянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари иштирокида ишбилармонлик тадбирлари ўтказилиши сафар кун тартибидан ўрин олган.  

Ушбу тадбир ва учрашувлар доирасида конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, гуманитар ва таълим соҳасидаги алмашинувларни давом эттириш масалалари кўтарилиши кутилмоқда. Президентимизнинг юқори даражадаги ташрифи якунлари бўйича ўндан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, инвестиция ва савдо шартномалари тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.  

– Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад нима?

–  Фикримча, ушбу юқори даражали ташрифдан кўзланган асосий мақсад Франция ва Ўзбекистон ўртасида давом этиб келаётган кўп қиррали ҳамкорликнинг ривожланишига янгича туртки беришдан иборатдир. Бундан олдин Президентимиз 2018 йилнинг октябр ойида Францияга ташриф буюрган эдилар. Орада белгиланган учрашувлар мавжуд эди. Бироқ, дунёнинг барча мамлакатларида бўлганидек, ковид пандемияси сабабли мамлакатлар раҳбарлари ўртасидаги юзма-юз учрашувлар кейинга қолдирилганди.  

Шуни айтиб ўтиш лозимки, иккала мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик давом этиб келмоқда. Бундай ҳамкорлик кўпгина сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, гуманитар ва таълим соҳаларини қамраб олган. Яқинда, Франциянинг Миллий тиббиёт академиясида Халқаро Авиценна  мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу ҳаракат ибн Синонинг тиббиёт, фалсафа ва маданият соҳаларидаги илмий ва гуманистик меросини тарғиб қилиш  ҳамда Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги фаол ва ижобий муносабатларнинг рамзидир.   

– Бутун Европа Россияга қарши бўлиб турган бир пайтда Ўзбекистон Президентининг Францияга ташрифи Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамда сиёсий алоқаларга таъсир қилмайдими?

– Биламизки, сўнгги олти йил давомида малакатимиз ва минтақамизда ташқи сиёсий жараёнлар янгиланиши бошланди. Жумладан, минтақамизда яхши қўшничилик руҳида кўпгина минтақавий муносабатлардаги масалалар ўз ечимларини топди. Бунга асосий сабаблардан бири, мамлакатимиз томонидан олиб борилаётган очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсатдир. Дарҳақиқат, бизнинг мамлакатимиз бошқаларни ажратиб қўймайдиган дўстона ташқи сиёсати билан машҳурдир. Бундан бизнинг яқин ва узоқда жойлашган барча халқаро шерикларимиз яхши хабардордир.  

– Франция ва Ўзбекистон ўртасида қандай ҳамкорликлар бўлиши керак деб биласиз? 

– Ҳозирги кунда бизнинг минтақамиз ва Европа Иттифоқи ўртасида бир нечта соҳаларни қамраб олган кўп қиррали алоқа ва ҳамкорлик давом этиб келмоқда. Авваламбор, Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш иккала мамлакатнинг манфаатларига жавоб беради. Яқинда мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи GSP+ имтиёзли савдо тизимига қўшилгани Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини янада ўсишига кўмак бериши шубҳасиздир. Лекин, шу билан бирга, Франция бозорларида тайёр, яъни хомашё бўлмаган, товарлар билан етарли даражада рақобат қилиш учун мамалакатимиз олдида бир нечта вазифалар турибди.

Нурбек Ғофуров суҳбатлашди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Human.uz раҳбар ва ижодий гуруҳини «орган ходимлари» олиб кетди

235 15:35 27.01.2023

Эрондаги Озарбайжон элчихонасига ҳужум уюштирилди

163 15:05 27.01.2023

Эрон хакерлари сиёсатчилар ва журналистларга тобора кўпроқ ҳужум қилмоқда

147 14:20 27.01.2023

Германияда Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди

213 13:50 27.01.2023

Ражаб ойининг фазилатлари

153 12:15 27.01.2023

Руслар Украинага янги ракета зарбалари бера бошлади

473 11:35 27.01.2023
« Орқага