Ўзбекистон. Геосиёсий манфаатларнинг қисқача таҳлили

19:00 13.03.2018 1334

1. Ўзбекистоннинг аҳолиси 32 миллион кишидан ортди. Ўзбеклар сони бутун дунёда 50-60 миллион кишига етади.

2. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги бешта давлат ўртасида жойлашган юрт бўлиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон билан чегарадошдир. Ушбу давлатларда ўзбеклар сон жиҳатдан иккинчи ёки учинчи ўринни эгаллайдиган миллат саналади. Ушбу феномендан минтақа халқларининг бахт-саодати йўлида фойдаланмоқ даркор. Бинобарин Ўзбекистон чегарадош давлатлар билан нафақат яхши қўшничилик қилишдан манфаатдор бўлиши, балки уларни минтақадаги барча масалалар бўйича ўзаро боғлайдиган воситачи сифатида чиқиши ҳам лозимдир.

3. Ўзбекистоннинг ҳаётий фаолияти нефть ёки газ савдосига боғлиқ эмас, яъни ушбу юрт иқтисодиёти хомашё савдосидан тушадиган даромадга қараб қолмаган. Ўзбекистонда саноат, машинасозлик, маиший техника ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар мисли кўрилмаган суръатда ривож топмоқда. Етиштирилиб, ишлов берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажми қўшни давлатларга нисбатан анча каттадир.

4. Агар интеграция жараёни Ўзбекистон кўзлаган режа бўйича кечадиган бўлса, у ўз маҳсулотларини олис ўлкаларга экспорт қилишга мажбур бўлмайди. Марказий Осиё минтақасида 80 миллиондан зиёд аҳоли яшайди. Бу эса, ўз навбатида, бозорнинг кўлами ниҳоятда катта эканлигини англатади. Боз устига, қўшни давлатларда Ўзбекистонга керакли ҳамма нарса бор. Яъни зарурий молни олис юртлардан импорт қилиш, бунинг учун транспорт ва логистикага миллионлаб ортиқча маблағ сарфлаш керак бўлмайди.

5. Юртнинг янги етакчиси – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳеч шубҳа йўқки, минтақанинг машҳур сиёсий арбоблари сафидан жой олмоқда. У дунёга хўжалик бошқаришнинг ҳавосини олган, халқ орасидан чиққан бўлиб, унинг муҳаббатини қозона билган жайдари инсон, ён қўшниларни яқинлаштириш истагида ёнаётган, биродарлик муносабатларини рад этмай, аксинча, тасдиқлаётган прагматик ва ниҳоят, биргаликда иш бошлаб, муроса қилса бўладиган яхши қўшни сифатида танилмоқда.

6. Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё давлатларига Остона шаҳрида бирлашиш таклифи билан чиқди ва унинг таклифи минтақа давлатлари томонидан қабул қилинди. Тадбирни Тошкентда ўтказиш ташаббуси билан ҳам чиқиши мумкин эди-ю, Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг ёшини инобатга олган ҳолда ҳурматини жойига қўйиб, рад этиб бўлмайдиган таклиф киритди. Ушбу масалада ҳам Шавкат Миромонович дипломатия соҳасида ўзининг фавқулодда истеъдодини намоён эта билди.

7. Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари минтақада 1-ўринни, туркий дунёда Туркиядан кейин 2- ўринни, собиқ совет ҳудудида Россия ва Украинадан сўнг 3-ўринни эгаллайди, жаҳон қуролли кучлари рейтингида эса 48-қаторни сақлаб келмоқда.

Шуҳрат БАРЛОС

Фейсбук саҳифасидан олинди.

Шокир ДОЛИМОВ таржимаси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!