Хукумат Тошкент шаҳрида «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ижросини ўрганмоқчи

09:00 10.08.2018 481

Сенаторларнинг таъкидига кўра, 1989 йил ўзбек тили тўғрисида қонун қабул қилинган, лекин у ҳалигача бажарилмайди.

“Тошкент шаҳрида “Давлат тили тўғрисида“ги қонуннинг ижросини ўрганилади,“- деди журналистларга Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Рўзи Саидов. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон хабар бермоқда.

Сенатор Рўзи Саидовнинг айтишича, тил ҳақидаги қонун ижросини ўрганиш учун Тошкент шаҳри танлангани бежиз эмас.

“Чунки ҳамма муаммолар шу ерда. Тошкент шаҳри ҳудудини олганимиз сабаби, нашриётлар, телерадиокомпаниялар, газеталар, реклама берадиган жой ҳаммаси шу ерда жойлашган. Мана кўчалардаги рекламаларни ўзингиз кўрасиз қандай ёзилишини. Объектларга ном бериш ҳам аллақандай европача усулларга ўтиб кетган. Мана шу масалаларни бир ўрганиб чиқмоқчимиз“, - деб таъкидлади у.

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Иқболжон Мирзалиев ҳам тил масаласи мавзуси унинг энг оғриқли нуқтаси эканлигини қўшимча қилди.

“Дунёда бизга ўхшаган боқи-беғам, ўзини ҳурмат қилмайдиган халқ бошқа бўлмаса керак. Чунки 1989 йил ўзбек тили тўғрисида қонун қабул қилинган, лекин ҳалигача бажарилмайди. Янаги йил Қонун қабул қилинганлигига 30 йил тўлади, лекин ҳамма бепарво, ҳаммага бир пул“, - деди Мирзалиев ва Тошкентдаги “Фурқат“ боғини мисол келтирар экан, боғ майдонида, кираверишда ёзилган номидан бошқа бирорта ўзбекча ёзув кўрмаганлигини қўшимча қилди.

Иқбол Мирзо, шу ўринда “Тилга қарши чиқсак, миллатчи бўлиб қолмаймизми“, дея савол берадиганлар ҳақида ҳам тўхталди.

“Нега миллатчи бўласиз? Сиз ўзингизнинг Қонунингизни бажараяпсиз-ку! Агар биз Қонунни билсак, нимадан қўрқамиз? Ахир биз бошқа миллатга, бошқа халққа, бошқа тилга қарши уруш эълон қилаётганимиз йўқ!? Ўзимизнинг тилимизни, ўзимизни қаддимизни-қадримизни билайлик деяпмиз“, - деб таъкидлади сенатор.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида “Давлат тили тўғрисида“ги қонуннинг ижросини ўрганиш мақсадида, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа тузилмалар мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган ва вазифалар белгилаб олинган. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!