Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация айни вақтда амалий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида бўлиб турибди.
ИИВ ахборот хизмати маълум қилишича, бугун ташриф дастури доирасида Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари – Ички ишлар вазири Шайх Саиф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ички ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мавжуд шартнома-ҳуқуқий базани кенгайтириш, жиноятчиликка қарши кураш, Амирликлар Ички ишлар вазирлиги тизимида кенг қўлланиб келинаётган илғор технологиялар, фуқароларга электрон хизмат кўрсатиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ва истиқболли лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилдилар.
Тадбир якуни бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди.
Шу куннинг ўзида, Ўзбекистон делегацияси Абу-Даби шаҳрида ўз ишини бошлаган нуфузли тадбир – IDEX-202 халқаро мудофаа ва хавфсизлик кўргазмасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Дунёнинг 60 дан ортиқ давлатларидан 1300га яқин компаниялар вакиллари иштирок этаётган мазкур халқаро кўргазма бир неча йиллардан буён мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар намойиш этиладиган халқаро майдон сифатида катта нуфузга эга.
Кўргазмадан кўзланган асосий мақсад мудофаа ва полиция соҳасидаги сунъий интеллект, технология ва жиҳозларга оид сўнгги янгиликларни намойиш этиш ҳамда ушбу йўналишда давлатлар ҳукуматлари ва бизнес вакиллари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга кўмаклашишдан иборат.