Янгиликлар

Ўзбекистон иқтисодиётини кимдир тушуна оладими?

2569

Шу давлатда яшаб, озми-кўпми тажриба орттириб, Ўзбекистон иқтисодиёти қандай қонуниятларга асосланишини тушунсам ўлай агар. Келинг, бир нечта мисоллар билан бу мантиқсизликни ифодалашга ҳаракат қиламан:

1. Доллар 
Аксарият давлатларда, жумладан, биз узвий боғланган Россияда АҚШ доллари қиймати кескин ошди. Бу ўтган ой (дейлик) 500 доллар олган муҳожиримиз энди 400 доллар маош олишини, Ўзбекистонга бу юртдан келадиган маблағ оқими 25 фоизга камайишини англатади. Табиийки бу домино эффекти туфайли бизда ҳам доллар ошини билдиради, дейсизми? Роса адашасизда! Марказий банкнинг бугунги маълумотига кўра, доллар курси тушган. Қизиғи, АҚШ пули Ўзбекистонда қаторасига олтинчи ҳафта арзонламоқда;

2. Машиналар нархи
Иқтисодий бўҳронларга энг таъсирчан соҳа автосаноат. Бутун дунёда инқирозлар даврида автоишлабчиқарувчилар нисбатан кўп зарар кўрадилар. Вазиятдан чиқиш, сотув ҳажмини сақлаб қолиш, ҳеч бўлмаса кескин тушиб кетмаслиги учун тиришадилар. Турли акциялар уюштирадилар ва уларнинг энг оммабопи ҳамда таъсирчани нарх чегирмаларидир. 2008 йилда ҳатто каттароқ автомобилига харидор бўлганларга кичикроқ машинасини қўшиб берган автоишлабчиқарувчилар ҳам бўлган. 
Аммо бу умумқоидаларнинг бирортаси Ўзбекистонга ўтмайди. Севимли автосаноатимизга акциялар бегоналиги, нарх бўйича чегирма ғайритабиий ҳоллигику майли. Лекин коронавирус босими ва бошқа омиллар ортидан туғилган иқтисодий инқирозлар даврида шартта нархни ошириб юборишини бирор сўз билан тушунтириш қийин. Камига буни расман изоҳлашни ҳам ўзига эп кўрмайди. Оширади, тамом!;

3. Нефть
Дунё иқтисодининг энг муҳим индикаторларидан бири – нефть нархи тушса, билингки “пул қочяпти”, ошса, иқтисодга барака киряпти. Бу маҳсулот нархи тушиши занжир реакциясини ҳосил қилиб, жуда кўп маҳсулотлар нархи пасайишига олиб келади. 
Бироқ фақат Ўзбекистонда эмас! Бугун, 9 март куни нефть нархи бирваракайига 32 фоизга “ташлаб юборди”. Бу сўнгги ойда маҳсулот қиймати тенг ярмига арзонлаши демакдир. Аммо кўчаларимиздаги бирорта “заправка”да бензиннинг 5 фоизлик арзонлашувни кўриб қолсангиз, кун қаҳрамонига айланасиз;

4. Кўчмас мулк
Иқтисодиёт шўнғиётганда, ёки ўсмаётганда кўчмас мулк, ёки қисқа қилиб айтганда уй нархи ё барқарор туради, ё тушади. Айниқса савдоси долларга боғлиқ олди-сотдиларда бу жуда билинади. 2008-2014 йилларда кузатилган инқирозларда Ўзбекистонда ҳам бу қонуният қисман ишлаган, кўчмас мулк нархида пасайиш кузатилганди. Бироқ 2020 йилдаги дунё бўҳронлари Ўзбекистон, хусусан пойтахт Тошкент кўчмас мулки баҳосини нафақат туширмади, балки шиддатли ўсиш қайд этилди. Прописка очилиши билан боғлиқ гап-сўзларнинг ўзиёқ бюджет сегменти сапчишига сабаб бўлди. Бу ҳам Ўзбекистон бозори умумият бозорларига эмас, психологик омилларга кўпроқ бўйсунишини исботлайди.

Аброр Зоҳидов, 
журналист

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Касалланганлар тўғрисидаги статистика камайтириб кўрсатиляптими?

785 15:45 13.07.2020

"Ўзбекнефтегаз" Тошкентда электромобиллар учун заряд станцияларини қуради

331 15:00 13.07.2020

Халқаро эксперт Ўзбекистон тиббиётини танқид қилди

2222 10:25 13.07.2020

Ўзбекистон ва Туркия пул ўтказмаларини соддалаштирди

617 09:58 13.07.2020

Ғафур Ғулом номидаги боғ бузилмайди

560 20:42 11.07.2020

Яна учта шаҳарда Ўзбекистоннинг консуллик хизмати очилади - Россия 

351 10:57 11.07.2020
« Орқага