Ўзбекистон мусулмонлари идораси Янги Зеландиядаги фожиа қурбонлари ҳаққига ​Қуръон тиловати қилишни тавсия қилди​

00:16 17.03.2019 1235

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 15 март куни Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидга миллатчи, террорчиларнинг бостириб кириб, намозхонларни ўққа тутиши оқибатида юз берган фожиа қурбонлари ҳаққига Қуръон тиловати қилишни тавсия қилди.

Хусусан, Муфтий томонидан имзоланиб, вилоят вакилликларига юборилган хатда шундай дейилади: Бутун дунё уламолари, дин ва давлат арбоблари ушбу террорчилик ҳаракати оқибати ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирмоқда.

Шу муносабат билан, Янги Зеландиянинг «Ал-Нур» ва «Линвуд» масжидларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлар ҳаққига, шу йилнинг 17-март куни, юртимизнинг барча жоме масжидларида, пешин намозидан сўнг Қуръони Карим тиловати ва дуолар қилиш, шунингдек, диний таълим муассасаларида ҳатму Қуръонлар қилиш, савобини ҳалок бўлганлар руҳига бахшида этиш тавсия этилади.

Аллоҳ таоло ҳалок бўлганларни Ўз раҳматига олсин, уларнинг яқинларига сабру жамил берсин, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини насиб айласин, дея якунланади Мусулмонлар идорасининг тавсияси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!