Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбекистон мусулмонларининг ҳам ҳуқуқи ҳимоя қилинган(ми?)

3521

Турон халқлари Ислом билан шарафланганидан қисқа вақт ўтиб, бу диннинг турли соҳаларида ўлмас асарлар таълиф қилиш даражасига етишди. Биз мақтаниб юрган боболаримиз ўрта асрлардаги ренессансларга устозлик қилган, фаннинг турли соҳаларидаги ютуқларга Ислом дини машъаласи ёруғида эришганлар. Ислом дини таълимотлари асрлар давомида халқимизнинг яшаш тарзига, қадриятига айланиб кетган. Шунинг учун ҳозир ҳатто атеистликни даъво қиладиган айрим ватандошларимиз ҳам ўз  зеҳниятига йўғрилиб кетган бу қадриятдан батамом қутула олмайди, ҳаётининг қайсидир нуқталарида юзага чиқиб қолаверади.

Бугун жамиятимиз демократик ривожланиш йўлидан кетмоқда. Демократия, ҳаммага маълум, халқ ҳокимияти дегани. Давлат раҳбаридан тортиб, энг қўйи мансабдоргача мана шу халқнинг ичидан чиқади, бинобарин, шу халқнинг хоҳиш-иродасини ифода этади. Шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида Ўзбекистон бошқарув тузуми диндан ажратилгани, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги таъкидланади (5-модда).

Хўш, шу ва бошқа қонунларга, қоидаларга қай даражада риоя қилиняпти? Мазкур қонунлар ижроси учун мутасадди ташкилотлар ўз вазифасини тўла-тўкис адо этяптими? Афсуски, бунга ижобий жавоб бериш бироз мушкул. Улар мусулмон ва динига амал қиладиган фуқароларнинг мазкур қонунга қай даражада амал қилаётгани устидан назоратни аъло даражада уддалашяпти холос. Бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Айтайлик, кўчалардаги беҳаё расмларни олиб ташлашни таклиф қилган йигит ёки аёлларни рўмол ўрашга тарғиб қилган қиз ва уларга дарҳол қўлланган чоралар кўпчиликнинг эсида. Шу ўринда таъкидлаймизки, уларнинг қилган ишларини оқлашдан ёки уларга ҳақсиз жазо қўлланган, деган даъволардан йироқмиз. Зеро, булар алоҳида муолажа қилиниши керак бўлган масалалар. Биз бу ўринда қарши тарафнинг қилмишлари умуман эътибордан четда қолаётганини айтмоқчимиз. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда “Дио Ра” деган аккаунт эгаси қолдираётган ноқонуний, диндорларни ҳақоратловчи  постларни негадир мутасаддилар “кўрмай” қолишмоқда. Унинг қайси динга эътиқод қилиши ёки қилмаслиги ўзининг шахсий иши. Аммо динга ишонмаслик бошқаларни, хусусан, мусулмонларни мазахлаш, уларнинг диний муқаддасотларини ҳақоратлаш ҳуқуқини бермайди. Унинг яқиндагина ўйингоҳда ғалабаси шарафига шукрона саждасини адо этган футболчи йигитларимизга қилган беҳурматлиги ҳаммасидан ошиб тушди. Бундан ташқари, илгари ҳам айрим мусулмонлар, ҳатто динимиз уламоларининг шахсини ҳақоратловчи постлари кўпчиликнинг жиғига тегиб, ғазабини қўзғатмоқда. Ижтимоий тармоқда ўзбек аёлига мос келмаган уятсиз чиқишлари, баъзан кимгадир эркаклар ҳам ёзмайдиган ҳақоратли сўзларни ишлатиши унинг қандай шахс эканини намоён этиб туради. Аммо хатарлиси, у постлари орқали мусулмонларни мазах қилиш, диний ибодатлар ва расм-русумлар устидан кулиш каби амалдаги қонунларимизда очиқ-ойдин зид келадиган хатти-ҳаракатлар содир этади. Тармоқлардаги саҳифасида деярли ҳар куни Ислом дини, мусулмонлар ёки муқаддасотларга бир марта нишини уриб кетмаса бўлмайди. 

Ачинарлиси, балки даҳшатлиси, халқ орасига нифоқ солувчи бундай “блогерлар” анчагина. Қайсидир жиноят бўлса, суриштириб-суриштирмай динга, мусулмонларга ағдариш – уларнинг асосий иши. Уларни олқишлаётган, постларига “лайк” босаётганлар орасида туппа-тузук фикрлайдиган, эътиқоди бутун, деб ўйлаганимиз кишилар ҳам борлигини кўриб, бир қайғумиз минг бўлади. Ўшандайларга бу ишлари ноқонуний бўлиши билан бирга, имонларига хатари борлигидан ҳам огоҳлантирамиз.

Нега бир одам дини дардида сал ҳиссиётли гап ёзиб юборса, дарҳол тегишли жойга “суҳбатга” чақирилиб, суроби тортиб қўйилади-ю, ҳақиқий провакациячиларга биров “ғинг” демайди? Ахир, қонунлар барчага баробар эмасми? Ёки ундайларнинг қўллови бошқа ёқлардан келадими?

Кўпчилик дин олимлари “ит ҳурар, карвон ўтар” қабилида бундай пасткашларнинг ёзган иғволарига эътибор бермай келишаётган эди. Бироқ қачонгача биз ўзимизни, динимизни ҳақорат қилдириб жим тураверамиз? Нега туҳматчи, иғвогар кимсаларнинг жазо олишига ҳаракат қилмаймиз? Қачонгача андишанинг оти қўрқоқ бўлади? 

Ҳамюртимиз, блогер Саид Комил Муҳаммад Карим шундай деб ёзади: 

“Ўзбекистон давлат бошқарув тузуми диндан ажратилган секуляр давлат ҳисобланади.

 Ўзбекистон диний эътиқоди ёки эътиқодсизлигидан қатъи назар, барча фуқароларга тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларни таъминлайди, диний дискриминация қилиш ёки  одамларнинг шаънини булғашга йўл қўйиб бермайди.

Диндорлар орасидаги экстремистлар ўз ҳаракатлари билан динсизларда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятига тескари тасаввур шакллантирса, динсизлар орасидаги расмдагидек исломофоб радикаллар диндор аҳоли, мусулмон фуқароларда "дунёвийлик" тушунчаси ҳақида салбий таассурот шаклланишига хизмат қилади.

 Ўзбекистонда ҳар қандай диний материаллар миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатилиши ҳамда динга эътиқод қилувчиларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиниши ёки камситилишининг олдини олиш учун диний экспертизадан ўтказилиши шарт этиб белгиланган. 

 Аммо, диний бўлмаган материалларни экспертизадан ўтказиш талаби йўқлиги боис,  расмдагидек диний адоват қўзғатувчи, диндорларда мавжуд дунёвийлик тамойилига нисбатан ишончсизлик пайдо қилувчи дунёвий материаллар бемалол интернетга жойланаверади. 

 Диний радикализмни профилактика қилиш бўйича масъул мутахассислар томонидан дунёвий радикализмни профилактика қилиш, исломофобиянинг олдини олиш, шунингдек, расмдагидек диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш ҳамда динга эътиқод қилувчиларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш каби ҳолатлар албатта ўрганиб чиқилиши керак”.

“Azon” лойиҳалари муаллифи, устоз Мубашшир Аҳмад ҳам даҳрий қизнинг мусулмонларга қилган ҳақоратларига шундай муносабат билдирди:

“Дарҳақиқат Саид Комил Муҳаммад Карим айтганидек, чет эл оммавий ахборот воситаларининг мақсади шахсларни эмас, балки улар орқали қадриятларни муҳокама қилиш ва нишонга олиш бўлиб қолмоқда. Улардаги фикр ва сўз эркинлигини қанчалик оқламайлик, мақсадлари охир-оқибат яна қадриятларимизни ерга уриш бўлиб қолмоқда. Бинобарин, қадриятдан мосуво қилинган халқни манипуляция қилиш, замонавий мустамлакага айлантириш осон ва аниқ ишдир.

Ўша “нодир тур”га мансуб қизнинг ҳақоратларига эътиборсизлик ҳам ана шундай мақсаднинг разил самарасидир. Бунинг устига ўз масс-медиамиз ва ҳуқуқ идораларимизнинг мусулмонларни камситадиган бундай ишларга панжа орасидан қараши, бундай нусхаларнинг ҳаддидан ошишига сабаб бўлмоқда. Ўзини қоралаганларни масхаралаб қўйган қатор постлари қизнинг қадриятларимизга қанчалар тупуриб қўйганини кўрсатади. Медиа ва ҳуқуқ тизимимизга бу борада адолатли бўлишларини талаб қиламан!”

Шу ўринда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи мутасаддиларга саволимиз: нега мусулмонларни ҳақоратловчи “Дио Ра” сингари “блогер”лар тийиб қўйилмайди? Ахир, шуларнинг пости сабаб жамиятда фитна-фасод уруғи сепилади, инсонлар ўртасида келишмовчилик кўпаядику! Ёки айнан шу ҳолат кутилмоқдами? Жамиятдаги ихтилофлардан, келишмовчиликлар-у, гуруҳбозликлардан кимга, қандай наф бор? 

Модомики ҳар жиҳатдан тараққий топган жамият қуришни мақсад қилган эканмиз, бунинг йўли энг аввало ватандошлар ўртасида тотувликни қарор топтириш, ўзаро нифоқларга барҳам бериш, тоқатлилик, бағрикенглик кўникмасини шакллантиришдан бошланади. Бизда эса, бағрикенглик деганда, тан олайлик, фақатгина мусулмоннинг бошқа дин вакилларига нисбатан адоват сақламаслиги, уларни камситиб, ҳақорат қилмаслиги тушуниладиган бўлиб қолган. Аслида жамиятдаги аксарият аҳоли мансуб бўлган эътиқод, маданият ва қарашлар устувор бўлгани ҳолда бошқаларнинг ҳам эътиқоди  ҳурмат қилиниши, ҳамма бир-бирига тоқат қилиб яшаши лозим, акс ҳолда тотувлик тўла таъминланмайди.

Сўзимиз охирида яна бир бор ҳуқуқ-тартибот идораларини юқоридаги каби ҳолатларга бефарқ бўлмасликларини сўраймиз ва дарҳол лозим бўлган чораларни кўришга чақирамиз. Мутасадди ташкилотларнинг аҳоли орасида ҳурмати ва уларга бўлган ишонч уларнинг қонун устуворлигини амалда қанчалик кўрсатишларига боғлиқ эканини эслатиб қўямиз.

Azon.uz мавзуни кузатишда давом этади.

Azon.uz таҳририяти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИВ огоҳликка чақирмоқда

742 18:03 02.06.2023

Замзам қудуғи тарихи

537 16:40 02.06.2023

Алоқа компанияларининг махсус ўйинлари ҳалолми?

563 11:15 02.06.2023

Путин ва Зеленский Туркияга боради

1356 10:01 02.06.2023

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

2602 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1529 15:50 01.06.2023
« Орқага