Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов ҳақида

648

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқи ҳаётида муҳим сиёсий жараён кутилмоқда. Шу куни Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови бўлиб ўтади.

Мамлакатимизда рўйхатга олинган бешта партия ўз номзодларини тасдиқлаб, сайловолди тарғиботини бошлаб юборди.

Шу муносабат билан Azon.uz таҳририяти юртдошларимизни Ўзбекистон Президентлигига номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништиришни мақсад қилди. Қуйида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли билан танишишингиз мумкин.

Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан

Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод

Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов 1959 йил 27 февралда Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилган.

Миллати – ўзбек.

Маълумоти – олий. 1981 йилда Тошкент давлат университетининг Шарқ факультетини тамомлаган. Ихтисослиги – филолог-шарқшунос, араб ва инглиз тиллари ўқитувчиси. Тарих фанлари доктори, профессор.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Ливия Араб Республикасида араб тили таржимонлигидан бошлаган. 1983 – 1987 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида кичик илмий ходим, 1987 – 1990 йилларда ҳарбий хизматни Яман Араб Республикасида ҳарбий таржимон вазифасида ўтаган.

Б.А.Абдуҳалимов 1990–2002 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида илмий ходим, 2002–2003 йилларда директор ўринбосари, 2003–2004 йилларда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг проректори, 2004–2006 йилларда Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори, 2006–2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг миллатлараро муносабатлар масалалари ва дин ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

2008 йилдан Фанлар академияси Шарқшунослик институтида директор, 2011 йилдан Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналиши бўйича вице-президенти, 2020 йилдан Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси лавозимларида фаолият юритиб келмоқда.

Б.А.Абдуҳалимов Марказий Осиё тарихи, фан тарихи, ислом, шарқ қўлёзма асарлари, араб давлатлари, араб тили соҳалари бўйича йирик мутахассис.

Оксфорд ислом тадқиқотлари марказининг «Имом ал-Бухорий» (1996), Британия Кенгашининг «Chevening» (1997), Жанубий Кореянинг «KOICA» (2001) стипендияларига сазовор бўлиб, ушбу мамлакатларда малака ошириш курсларини ўтаган. Илмий тадқиқотларининг натижалари 100 га яқин илмий мақола, рисола ва монографияларда ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида эълон қилинган.

Б.А.Абдуҳалимов 2020 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Оилали. Икки ўғил, бир қиз, уч нафар набираси бор. Рафиқаси Т.Қ. Абдуҳалимова – уй бекаси.

Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов

сайловолди дастурининг асосий йўналишлари

– халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини кучайтириш орқали ижро ҳокимияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

– барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлаш;

– жиноятчиликка, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашиш;

– адолатсиз жазо ва жарималарни қайта кўриб чиқиш, бунда, уларни халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, жарималар ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланилишини таъминлаш;

– прокуратура, адлия органлари ва суд ходимлари ўртасидаги ижтимоий тенгсизликни тугатиш;

– адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттириш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш;

– адвокатларнинг нуфузи ва мақомини янада кўтариш;

– кам таъминланган аҳоли манфаатларини ҳимоя қиладиган бепул давлат юридик ёрдами кўламини янада кенгайтириш;

– сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтариш учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаш;

– ижро билан боғлиқ барча ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган – адлия идоралари бошқарувига бериш;

– мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро талаблар доирасида таъминлаш;

– коррупцияга қарши кескин жазо чораларини қўллаш;

– уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш, муҳтожларни муниципал уйлар билан таъминлаш;

– аҳолининг катта қисми яшаётган қишлоқ ҳаётини тубдан янгилаш;

– табиий бойликларни, жумладан, табиий газ ва электр энергиясини аввало халққа бериш, четга фақатгина эҳтиёждан ортиғини сотиш;

– пенсиядаги юқори чекловларни бекор қилиб, ҳар кимнинг муносиб пенсия олишини таъминлаш;

– мактабгача таълим ташкилотларига болаларни икки ёшдан бошлаб, юз фоиз қамраб олиш;

– аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли ёшларни давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш;

– Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш;

– олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш;

– илм-фанни молиялаштиришни босқичма- босқич ошириб бориш;

– фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаш;

– «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – 2030» концепциясини ишлаб чиқиш;

– болалар орасида кенг тарқалаётган ясситовонлик, сколиоз, тиш касалликларига қарши курашиш ишларини жадаллаштириш;

– онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш;

– дори-дармон спекуляциясига, нархларни асоссиз оширилишига чек қўйиш;

– «Жамиятда юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидалари» кодексини яратиш;

– «Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш Концепцияси – 2030» лойиҳасини жорий қилиш;

– барча тўловларни (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) давлат бюджетига йўналтирилишини таъминлаш.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сурия: “Туркияга қўшилган ҳудудимизни қайтариб оламиз”

31 14:35 03.12.2021

Назарбоев ягона Туркистон республикаси тузилишига бўлган таклиф ҳақида гапирди

414 14:05 03.12.2021

Европа Иттифоқи Туркиядаги қочқинларни ташлаб қўймаслигини айтмоқда

172 12:10 03.12.2021

Исроил фаластинликларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ишларни босди-босди қилган

215 11:30 03.12.2021

Дунёда эҳтиёжмандлар сони ортяпти – БМТ

151 11:05 03.12.2021

Твиттер ва Фейсбук Хитой тарғиботи билан шуғулланган минглаб аккаунтни ўчирди

252 10:30 03.12.2021
« Орқага