Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари шу кунгача қўлланган террорга қарши кураш услуби ўзини оқламаганини тан олди

20:30 13.06.2018 1681

“Терроризмга қарши курашда куч ишлатиш ўзини оқламади”, дейди Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкентдаги халқаро анжуманда берган баёнотида. Бу ҳақда газета.uz хабар бермоқда.

11 июнь куни Тошкентда «Терроризмга олиб келувчи мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш ва уларнинг олдини олишда ёшларнинг ўрни» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда нутқ қилган Сафоевга кўра, ёшларнинг террорчилик гуруҳлари таъсирига тушишишининг асосий сабаблари таълим муаммоси ҳамда интернетда олиб бориладиган тарғиботлардир.

Унинг айтишича, бугунга келиб радикал экстремистик гуруҳлар аъзоларининг катта қисмини 20 ёш атрофида бўлган ёшлар ташкил этади. «Агар 2000-йиллар бошида террорчи ташкилотларга қўшилган европаликларнинг ўртача ёши 28 ни ташкил этган бўлса, бугунга келиб - 20 ёшни ташкил қилмоқда», дейди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

У Марказий Осиё давлатларини ёшлар орасида экстремизм мафкурасининг ёйилишидан огоҳлантириш бўйича превентив чоралар устида биргаликда ишлашга чақирган.

Ўзбекистон Сенати томонидан ташкиллаштирилган икки кунлик анжуман Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан биргаликда қарийб 40 мамлакатдан, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг 200га яқин вакилларини жамлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!