Мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш, темир йўл транспортида йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талаблари даражасида янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти 34 та замонавий электропоездлар сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилди.
Мазкур тендер электропоездларга техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни етказиб бериш, шунингдек, кадрлар тайёрлашни ҳам назарда тутади.
Ҳаракат таркибини янгилаш, замонавий электропоездларни харид қилиш бўйича ҳозирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siemens, Alstom, Hitachi, Pesa, CRRC-Dalian каби дунёнинг энг илғор компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.
Янги йўналишларда темир йўл қатновининг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда 5 млн 925 минг 500 нафар йўловчига хизмат кўрсатилади.
Яна 10 та мавжуд йўналишларда эса қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилади.
Янги йўналишларда поездлар ҳаракатининг йўлга қўйилиши ва мавжуд йўналишларда қўшимча қатновларнинг ташкил этилиши орқали бир йилда жами 22 млн 473 минг 500 нафар йўловчига сифатли хизмат кўрсатишга эришилади.