Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди

1444

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон 15 июль куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ўзбекистон ва Покистон етакчилари аввалига тор доирада, кейин эса икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокаралар ўтказишди. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзоладилар.
Ташриф доирасида имзоланган 8 та ҳужжат алмашилди. Транзит ва савдо тўғрисидаги ҳамда Ишбилармон доиралар вакиллари ва сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартибларини соддалаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар улар орасида алоҳида аҳамиятга эга.

Шунингдек, Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протокол, 2021-2026 йилларга мўлжалланган Маданий алмашув дастури, туризм масалалари бўйича англашув меморандуми, давлат чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида баённома, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Покистон дипломатик хизмат академияси ўртасида англашув меморандуми, Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида битим имзоланди.

Ташриф доирасида Ҳукуматлараро комиссия мажлиси ҳамда Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида 500 миллион долларликдан зиёд шартномалар имзолангани маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг расмий ташрифини давлатлараро муносабатлар тарихида янги саҳифа очадиган муҳим сиёсий воқеа, деб баҳолади.

– Кўп қиррали алоқаларимиз охирги йилларда сифат ва мазмун жиҳатидан юқори босқичга кўтарилиб бораётгани бизни мамнун этади. Ҳозиргина якунланган тор ва кенгайтирилган доирадаги музокаралар дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги интилишларимиз қатъий эканини исботлади. Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигининг бугунги юқори даражасидан келиб чиқиб, давлатларимиз ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладик. Бу муҳим қадам алоқаларимиз тарихида янги даврни бошлаб беради, деб ишонч билан айта оламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

– Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим, иншооллоҳ, охиргиси бўлмайди. Биз жаноб Президент билан жуда кенг қамровли мулоқот қилдик. Суҳбатимиз ғоятда самимий бўлгани ва узоқ давом этганидан унинг охирига бориб мен ўзбекчани тушуна бошладим. Чунки урду тили билан ўзбек тили бир-бирига яқин. Бугунги кунда Покистон ва Ўзбекистонда аҳолининг қуйи қатламларига эътибор қаратиш, камбағалликни қисқартириш, таълимни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамоҳанг. Биз савдо-иқтисодиёт, транспорт, таълим, маданият, туризм соҳаларидаги имкониятларни атрофлича муҳокама қилиб, стратегик келишувларга эришдик, – деб таъкидлади Имрон Хон.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

UzAuto Motors акциялари очиқ савдога чиқарилади

409 18:05 17.01.2022

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолёти Минск аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди

1142 15:00 17.01.2022

Қозоғистонга кўчаётган қозоқларнинг асосий қисми Ўзбекистондан

1542 09:56 17.01.2022

Ўзбекистонга Россиянинг яна 144 та балиқ ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси кириб келмоқда

1883 21:05 15.01.2022

Ўзбекистонга келувчилар учун мажбурий экспресс-тест нархи маълум қилинди

712 16:40 15.01.2022

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ўзгаришларга ягона умид сифатида таъкидланди

1994 23:05 14.01.2022
« Орқага