Ўзбекистон ва Қуръон

22:00 13.02.2018 1262

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари ҳикоя қиладилар: Бир марта муборак рамазон ойини Ўзбекистонда ўтказиш насиб этди. Хаёлимда "Ўзбекистоннинг озод, мустақил бўлганига ҳали бир йил тўлгани йўқ, у ерда Қуръон ҳофизлари бўлмаса керак. Аксар масжидларда таровеҳ намозида Қуръоннинг охирги ўн сураси ўқилса керак", деб ўйлаган эдим. Лекин, Ўзбекистонга боргач икки ажойиб нарсани кўрдим.
 
Биринчиси, Ўзбекистонда ҳар бир масжидда таровеҳ намозида уч марта қуръонни хатм қилиш одатий ҳол экан. Ҳар ъашарада яъни, рамазоннинг ҳар ўнинчи кунида бир хатми Қуръон қилинар эди. Гап бир, иккита масжид ёки фақат жумъа намози ўқиладиган масжидлар ҳақида кетмаяпти, балки, қайси масжидда таровиҳ намози ўқилса, у ерда уч марта хатми қуръон бўлади! 

Айниқса бир манзарани кўриб ҳайратда қолдим, ёшу қари масжидга кирдими, йигирма ракаъат таровиҳ намозида уч пора қуръонни эшитмасдан масжид ташқарисига қадам қўймайди.

Қуръони каримга бўлган кучли муҳаббатни ўзбек халқида кўрдим.

Иккинчи нарса, Ўзбекистон ҳукумати тарафидан Қуръон мусобақаси ташкил қилиниб, ҳофизи қуръонлар мусобақада қатнашиши мумкинлиги борасида эълон қилинган экан. Биласизми натижа қандай чиқди?! Конкурсда қатнашиш учун ўн тўрт минг ҳофизи қуръон ўз номини ёздирган экан! Ўзбекистонда бу қадар Ҳофизи Қуръон борлиги хаёлимизга ҳам келмаган эди. Аллоҳнинг қудратини қаранг!!! Ўн тўрт минг ҳофизи қуръон бор экан!!!

Оят:

إنّا نحن نزّلنا الذّكر و إنّا له لحافظون

"Шубҳасиз биз Зикрни (Қуръонни) нозил қилдик ва албатта Биз уни ҳифозат қилгувчимиз".

(Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг "БУ РИШТА ҲАМИША САЛОМАТ ҚОЛГАЙ" номли китобларидан олиб ўзбекчага таржима қилинди.)

Таржимон: Абдулвоҳид Иброҳим Ҳисорий домла

Манба: Islamcenter.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!