Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ўзбекистонда 1 апрелдан нималар ўзгаради?

1725

Бугундан бошлаб бизнес ва иқтисодиётга алоқадор турли соҳаларда кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этамиз.

2010 йилгача бўлган даврда берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади

Ҳукумат қарорига биноан, 2010 йилгача бўлган даврда берилган эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари — 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бироқ ДХАнинг маълум қилишича, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати 19 мартдан бошлаб 2 ҳафтага тўхтатилган. Гувоҳномани алмаштиришнинг охирги муддатлари янги қарор билан мутаносиб тарзда 2023 йилнинг 31 декабригача узайтирилиши кутилмоқда. 2022 йил 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича, истисно тариқасида чора кўрилмайди.

Жисмоний шахсларнинг акциялардан оладиган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади

Президент қарорига асосан 2024 йил 31 декабрга қадар:

Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадлари даромад солиғидан озод қилинади;

Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахслар сингари фойда солиғининг 5% ставкаси татбиқ этилади;

Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича ҳисобланган фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, маҳаллий эмитентларга ўз акцияларини дастлаб «Тошкент» РФБда жойлаштиргандан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра уларни хорижий фонд бозорларида ёки бир вақтда маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида жойлаштириш ҳуқуқи берилади.

Айрим соҳалардаги тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 % этиб белгиланади

Президент қарорига асосан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 % этиб белгиланади.

Шунингдек, 2025 йил 1 январга қадар айрим туман ва шаҳарларда белгиланадиган туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун:

— айланмадан олинадиган солиқ ставкаси — 1 %;

— ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан

олинадиган ер солиғи миқдорлари — мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 %и миқдорида белгиланади.

«UzAuto Motors» билан шартнома тузилганда автомобиль шартнома тузган шахс номига расмийлаштириладиган тартиб кучга киради

Ҳукумат қарорига кўра, «UzAuto Motors» АЖ томонидан автомототранспорт воситасини харид қилиш бўйича шартнома тузган шахсга автоматик равишда расмийлаштириладиган ҳисоб-маълумотни ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига фақат электрон шаклда тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.

Пойабзал ишлаб чиқарувчилардан ижтимоий солиқ ставкаси 1% миқдорда ундирилади

2025 йил 1 январгача қуйидаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 % миқдорда ундирилади:

— ишлаб чиқарувчининг ялпи тушумида болалар, аёллар ва спорт пойабзаллари, сунъий (эко) чарм, фурнитура, Пойабзал қолиплари ва тагликлари ишлаб чиқаришдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври якуни бўйича камида 60% ни ташкил қилган ишлаб чиқарувчилар;

— ялпи тушумининг умумий ҳажмида пойабзаллар, чарм-атторлик маҳсулотлари ва мўйнадан тайёрланган буюмлар экспортидан тушган тушумнинг ҳажми 80 фоизни ташкил қилган ишлаб чиқарувчилар.

Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари ҳақида хабар берганларга 270 минг сўм мукофот берилади

Президент фармонига мувофиқ, аҳоли томонидан ИИВ ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар МЖТКда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Бунда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг бир баравари (270 минг сўм) миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди.

Айрим боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилади

Президент фармонига кўра, боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади. Шунингдек, уларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

Фармонга асосан тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади

— Президент қарорига мувофиқ 2022 йил 1 апрелдан кексалар учун қуйидаги бир қатор ижтимоий кафолатлар кучга киради:

— ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;

— шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;

— оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50%игача бўлган суммаси компенсация қилинади;

— кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади;

— давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.

Меҳнатга лаёқаcиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақасининг энг кам миқдори оширилади

Президент фармонига асосан меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилади.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилга ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилади.

Давлат молиявий назорати соҳасидаги қоидабузарликлар ҳақида хабар берганларга мукофот тўланади

Давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида Давлат молиявий назорати инспекциясига “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида молиявий текширувлар жараёнида аниқланиб, давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан мукофот тўланади.

Тадбиркорлик учун аёлларга бериладиган субсидия миқдори оширилади

Қонунчиликка кўра:

— тадбиркорликни янги бошлаётган хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади;

— «Ҳунарманд» уюшмаси қошидаги ҳунармандчилик марказларида камида 40 фоиз тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жойлаштирилади.

— 2022 йилда субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади;

— Ижарада турган «Аёллар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловининг 50 фоизи, кўпи билан 500 минг сўмгача компенсация берилади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

1565 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

969 15:50 01.06.2023

Саудия Арабистони аҳолиси 32 миллиондан ошди

816 14:19 01.06.2023

Аср намозига 30 дақиқа қолган бўлса пешин ўқилмайдими?

2550 10:45 01.06.2023

Қозоғистон: Россия-Украина чегарасига тинчликпарвар кучларни юбориш ҳақида мудофаа вазирлиги муносабати

2396 09:25 01.06.2023

Ўшда халқаро муаззинлар танлови бўлиб ўтди

1429 08:48 01.06.2023
« Орқага