Ўзбекистонда биринчи​ очилган  АҚШ университетига қабул жараёни бошланди

16:23 08.06.2019 1156

Вебстер университетининг Тошкент шаҳридаги марказида 2019/2020 ўқув йили учун бакалавриатнинг таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш учун ҳужжатларни қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий каналида маълум қилинди.

Бакалавриат:

– Бизнес бошқаруви (BA Business Administration);

– Медиа коммуникация (BA Media Communication);

– Инглиз тили иккинчи тил сифатида (BA ESL).

Магистратура:

– Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш (MA TESL);

– Бизнес бошқаруви (MBA);

– Медиа коммуникация (MA Media Communication).

Вебстер университетининг Тошкент шаҳридаги марказига абитуриентларни қабул қилишда кириш имтиҳони кўзда тутилмаган.

Абитуриентлардан ҳужжатлар онлайн қабул қилинади. Номзодлар қуйидаги ҳужжатларни инглиз тилида тайёрлаб, uzadmissions@webster.edu электрон манзилига юбориши лозим:

1. Ариза - Application form

2. Халқаро тил билиш сертификати (TOEFL 80/IELTS 6.0)

3. Диплом ва унинг тасдиқланган иловаси (ўртача баҳо 2.5 дан юқори бўлиш керак)

4. Ўқитувчи ёки устоздан тавсиянома

5. Паспорт нусхаси

6. Иншо (эркин мавзуда: кареравий мақсадлар; айнан нима учун Вебстер университетига ўқишга киришдан мақсади; автобиографик маълумотлар; шахсий касбий тажриба ва ҳ.к.) ёзилади ва 300-500 сўздан иборат бўлади.

Марказда ўқитиш кундузги таълим шаклида, тўлов-контракт асосида, инглиз тилида Вебстер университети томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар асосида амалга оширилади.

Битирувчиларга Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Вебстер университетининг дипломи берилади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!