Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ўзбекистонда «Ҳалол стандарти» жорий этилди. Ҳалол сертификат олган корхона ҳам бор...

2773

Охирги бир-икки йил ичида юртимизда ҳалол стандартлари жорий этилиши ҳақида гап-сўзлар юрганди. Бу борада амалий ҳаракатлар ҳам бошлангани ҳам қулоққа чалинган. Яқинда ижтимоий тармоқларда “Тўхтаниёз Ота” фермер хўжалиги “Ҳалол” сертификатини қўлга киритгани ҳақида хабар тарқалди. 



Ўзбекистонда ҳам “Ҳалол” стандарти амалиётга жорий этилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Зотан, ривожланган давлатлар, Европа мамлакатларида аллақачон йўлга қўйилган мазкур стандарт ўзининг ижобий тарафлари билан ҳатто ғайридинлар томонидан ҳам тан олинган. 

Хўш, Ҳалол сертификат олиш ниятида бўлган тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар қаерга, қайси ташкилотга мурожаат қилиши керак? Ҳалол стандартнинг талаблари қандай? 



Бу каби саволлар ўқувчиларимизни қизиқтириши табиий ҳол. Биз мазкур саволларга жавоб олиш учун Стандартлаштириш, сертификатлаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот (қисқача Стандартлар институти) институтининг Ҳалол маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш органи бошлиғи Суннатилла Саидовга мурожаат қилдик.  

– Суннатилла ака, суҳбатимиз аввалида ташкилот ва кенгаш ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз…
– Бизнинг ташкилот "Ўзстандарт" агентлиги қошидаги Стандартлар институти ҳисобланиб, кенгаш фаолиятига Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган. Кенгаш SMIIC ташкилотига аъзо ҳисобланади. SMIIC – Ислом ҳамкорлиги ташкилоти қошида ташкил топган Мусулмон мамлакатлари Стандартлаштириш ва сертификатлаш институти. Ҳозирги кунда 32 та мусулмон давлатлари аъзо бўлган. Ўзбекистон ҳам 2019 йил 1 январдан тўлақонли аъзоси ҳисобланади. SMIIC ташкилоти асосан ҳалол стандартлар бўйича фаолият юритади. Унинг таркибига стандартларни ишлаб чиқадиган 34 та техник қўмиталар киради ҳамда озиқ-овқат, туризм, банк, енгил саноат каби соҳаларни қамраб олади. Биз ҳам бу ташкилот аъзоси сифатида SMIIC стандартларини юртимизда қўллаб келмоқдамиз. 


Бугунги кунда ҳалол маҳсулот стандартларига тўғри келганлиги сабабли “Тўхтаниёз Ота” фермер хўжалиги билан шартнома тузилиб, яхши натижаларга эришилди. Бу стандартлар SMIIC ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган ва аъзо давлатлар томонидан тан олинади. Бу стандартларни ишлаб чиқишда Саудия Арабистони, Туркия, Покистон, Эрон, Малайзия, Индонезия каби ислом давлатлари қатнашган. Шу билан бирга тўрт мазхаб вакиллари иштироки ва ўзаро келишув асосида стандартлар амалиётга тадбиқ этилган. Стандарт шартлари Республикамизга ҳам тўғри келгани учун шу йўналишда фаолият олиб борамиз. Малайзия, Саудия Арабистони ҳамда БАА давлатларида ўзининг ҳалол стандарт талаблари мавжуд.  Шундай бўлса-да, улар ҳам SMIIC ташкилотининг талабларини тан олишади. 

– Бугунги кунда фақатгина битта ташкилот ҳалол сертификатига эга бўлса, унинг шартлари қанчалик қийин ва  талабгорлари қанчалик кўп?

– Стандартга талабгор ташкилотлар жуда кўп. Стандартга эга бўлишнинг бир қанча шартлари мавжуд. Улардан энг асосийси – маҳсулотнинг хавфсизлиги. Шу билан бирга маҳсулот қабул қилиб олишдан тортиб, уни сақлаш, тайёр маҳсулот ҳолига олиб келиш, қадоқлаш жараёнлари, унинг сифати, ходим, ишчиларнинг малакаси ўрганилади ва талабларга жавоб берса, тақдим этилади. Айнан “Тўхтаниёз-Ота” фермер хўжалигида бу тизим яхши йўлга қўйилган. Уларда шахсий фермер хўжалиги мавжуд. Маҳсулотни ўзлари етиштириб, тайёр ҳолатга келтиришади. Ишлаб чиқариш жараёни ҳам хавфсизлик талабларига жавоб беради. Бунда асосий талаб, бу – маҳсулот тайёр бўлиш жараёни занжир каби бир-бирига боғланган бўлишидир. Яъни, бир эшикдан хомашё кирса, иккинчи эшикдан тайёр маҳсулот чиқиб кетиши зарур. Ишчи ходимларга ҳам маьлум талаблар белгиланган. Масалан, қассобнинг Ислом қонун-қоидаларига асосан молни сўйиши, ичини тозалаб, тайёр ҳолатга келтириб бериши шулар жумласидандир. Ундан ташқари, маҳсулотга қўшиладиган турли хил қўшимчалар мавжуд, улар ҳам ҳалоллик талабларига мос бўлиши шарт. Агар маҳсулот ташқаридан кириб келадиган бўлса, махсус текширув асосида ҳалоллик сертификати тақдим этилади. Ҳалол стандартига талабгорлар жуда кўп. Юртимизда туризм ривожланганлиги муносабати билан чет элдан келадиган сайёҳлар учун ҳалол фаолият олиб борадиган меҳмонхона, тамаддихоналарга эҳтиёж туғилмоқда.Шу сабабдан, айниқса, салқин ичимлик маҳсулотлари ҳамда туризм соҳаси асосий талабгор ҳисобланади.

– Сизлар билан ишлаш тартиби қандай? Яъни Ҳалол сертификат олиш истагида бўлган тадбиркорлар қаерга мурожаат қилади?

– Бизга мурожаат қиладилар. Аввало ўша корхона билан шартнома тузилади, улар томонидан ишлаб чиқариш хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинади. Ҳамда корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини текшириш учун соҳа мутахассислари жалб этилади. Барча стандарт талабларига жавоб берилгандагина шартнома тузилади. Шартнома тузиш жараёнида SMIIC  талабларидан келиб чиқилади, яъни ишчи ходимларнинг сони, маҳсулот таркиби ўрганилади. У ёғи қизғин жараёнга уланиб кетаверади.

-Сизнинг фаолиятингизда ГМО (генетик модификацияланган организм)га руҳсат борми? 

-Бизнинг республикамизда ГМОга аниқ бир тақиқ мавжуд эмас. Стандарт талабларидан келиб чиқиб, ГМОни текшириб кўрамиз. Агар маҳсулот бир турдаги ўсимлик ёки ҳайвонлардан чатиштирилган бўлса,руҳсат берилади. Бошқа турдаги ҳайвонлардан бўлса, мумкин эмас. 

– Европа давлатларида ҳам “Ҳалол” сертификати жорий қилинган. Масалан, бирор бир зарурият юзасидан мусулмон киши Европа давлатига борса, талабидан келиб чиқиб ҳалол маҳсулотлар тақдим этилади. Умуман, SMIIC ташкилотига аъзо бўлмаган давлатлардаги ҳалол сертификатларга ишонч борми?

– Айнан ҳозирги кунда мониторинг тизими йўлга қўйилмаган. Ташқаридан кириб келадиган маҳсулотларнинг ҳалоллик стандартлари текширилади, сертификат берилган ташкилот ўрганилади, керак бўлса, бу ташкилотлар билан боғланилади. Агар маҳсулот таркиби билан боғлиқ саволлар юзага келса ҳам, бевосита улар билан алоқага чиқилади. Ундан ташқари, SMIIC томонидан ихтилофли, яъни шубҳали маҳсулот, қўшимчалар рўйхати шакллантирилди. Масалан, “Е” қўшимчалар. Бу қўшимчалар маълум бир давлатлар томонидан ҳалол, баъзилари томонидан эса ҳаром дейилади. Буларнинг барчаси рўйхатларда бериб борилади. SMIIC стандартида ҳалол ва ҳаром ҳайвонлар туркуми маълум қилинган. Бу талаблар ҳар бир давлатнинг ички фатво ҳайъати қароридан ўзгаради.

– Биламизки, ҳалол маҳсулотларнинг бирламчи хусусияти, бу- хавфсизлик. Яъни Исломда инсон саломатлиги учун хавф туғдирадиган маҳсулотлар тақиқланади. Демак, озиқ-овқат хавфсизлиги стандартнинг асосий талабларидан бири ҳисобланади, шундайми?

– Албатта, ҳар бир жараёнга алоҳида масъул шахс тайинланади. Масъул шахс жараённинг хавфсизлиги учун жавоб беради. Масалан, ҳар бир маҳсулотнинг тайёрлаш, сақлаш, технологик ҳамда гигиена талабларини қўлланма асосида тўғри бажара олиши керак.  

– “Ҳалол” сертификатига салқин ичимликлардан ҳам талаб борлигини айтиб ўтдингиз. Лекин баъзи маҳсулотлар ҳалол бўлса ҳам, инсон саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкин. Бунга қандай қаралади?

– Бизда санитария нормаларида қўшилаётган маҳсулотларнинг аниқ миқдори бўлади. Шу миқдордан ошгандан кейин, бу инсон саломатлиги учун зарар бўлиши мумкин. Шу сабабдан ҳар бир маҳсулот қўшилишидан аввал лабораторияда таҳлил қилинади. Агар норма талабларига жавоб бериладиган бўлса, руҳсат берилади. Энергетик ичимликларда шубҳага асос бўладиган маҳсулотлар қўшилиши мумкин. Бу маҳсулотларни ўсимликдан ҳам, ҳайвондан ҳам олиш мумкин. Агар ҳайвондан олинадиган бўлса ҳалол туркумга кирмайди. 


Энг муҳим жиҳати шуки, қайсидир салқин ичимликларни кўп ва тез-тез ичиш зарарли. Буни унутмаслик лозим.

– Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан алоқада экансиз. Уларда махсус бўлим ташкил қилинганми ёки сизларга мутахассис ажратилганми? 

– Кенгаш ташкил қилинганда, биз Диний идорага мурожаат қилганмиз ва улар бизга мутахассислар рўйхатини тақдим қилишган. Ундан ташқари, вазиятдан келиб чиққан ҳолда имом-хатибларга ҳам мурожаат қилинади. Саволлар туғилганда, диний идораларга расмий хат асосида мурожаат қиламиз. 

– Ҳозирги кунда кенгашда қанча ходим фаолият олиб боради? 

– Бизнинг тизимда “Узтест” давлат корхонаси бор. Улар асосан маҳсулотларга сертификат тақдим этишади. Биз йигирмага яқин мутахассисларни ҳалол стандарт талаблари бўйича ўқитиб, малакасини оширдик. Кейинчалик сертификация жараёнида уларнинг мутахассислигига қараб жалб қиламиз. Жамоамизда 10 нафарга яқин мутахассислар ишлайди. Ҳалол стандартдан, ташқари бугунги кунда долзарб Энергия менежменти билан ҳам шуғулланамиз. Бунда энергияни тежашга қаратилган ишлар амалга оширилади. 

– Четдан импорт қиладиган тадбиркорлар маҳсулот таркибини текшириб беришини сўраб мурожаат қилишса, шуни ўрганиб чиқиб, сертификат бериш амалиёти мавжудми? 

– Буни ташкил қилишимиз мумкин. Бунда мурожаат қилган корхона маҳсулотининг таркиби ўрганилишидан олдин ариза ёзиб, шартнома тузиб, кейин сертификация қилиш мумкин. Бунинг учун маҳсулот тайёрлаш жараёни ҳалоллик стандартларига мувофиқ равишда амалга оширилиши керак. Масалан, гўшт тайёрлайдиган корхона молнинг шаърий қонун-қоидаларга асосан сўйилиши учун шароит яратиб бериши зарур. Бизнинг мутахассислар, лозим бўлса, хорижга бориб, уларни ўрганиб келади. Ҳозирги кунда Белорусиядан гўшт импорт қилиняпти. Тадбиркорлар йирик миқдорда мол тўплайдилар ва бизнинг ходимлар ўша ерга бориб, молларни шаръий асосда сўйилишини назорат қиладилар. Кейин биз уларга маҳсулот ҳалоллиги ҳақида маълумотнома берамиз.

– Суннатулла ака, мазмунли суҳбат учун ташаккур. Ишларингизда омад тилаймиз.

– Сизларга ҳам эътибор учун раҳмат. Биз билан бўладиган ҳар қандай ҳамкорликка тайёрмиз.

Суҳбатдош: Абдулазиз Муборак

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қозоғистон. Ҳалол стандартлари жорий этилади 

413 14:55 03.07.2020

Индонезияда «Ҳалол» стандарти қандай жорий қилинган?

1494 15:33 25.06.2020

iHalalExpo – ҳалол маҳсулотлар ва хизматлар кўргазмаси

914 13:00 25.06.2020
« Орқага