Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбекистонда Қуръони каримни ёдлашга ихтисослашган илм даргоҳи борлигини биласизми?

3848

Ўзбекистонда Қуръони каримни ёдлашга ихтисослашган илм даргоҳи бор. Бу Тошкент Ислом институтининг «Таҳфизул-Қуръон» кафедрасидир. Муассаса Республикада Қуръони каримни тўлиқ ёдлатишга ихтисослашган ягона билим даргоҳидир. Бу кафедрада талабалар Қуръонни тўлиқ ёд олиш имконига эга бўлишади. Бу ерда ўқиш учун Тошкент Ислом институти талабаси бўлиш кифоя. Аллоҳ таолонинг каломини ёдлашни истаган дўстим, сиз ҳам бу имкониятдан фойдаланинг. Қуйида «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ҳақида керакли маълумотларни келтирамиз

Ҳозирда ушбу илм даргоҳида саксонга яқин талаба таълим олаётган бўлса, уларнинг аксарияти Қуръон каримни тўлиқ ёд олишди. Уларнинг орасида Республикамиз ва халқаро миқёсдаги қорилар мусобақаларида қатнашган талабалар ҳам борлиги диққатга сазовордир. Талабалар юртимизда ўтказиладиган ҳар йилги анъанавий қорилар мусобақаларида қатнашиб, нуфузли ўринларни олишлари билан бирга турли хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро Қуръон мусобақаларида ҳам иштирок этиб келишмоқда.

Кафедрада малакали устозлар дарс берадилар. Улар Юртимиздаги олий ўқув даргоҳларини тамомлаш билан бирга хориж давлатлардаги нуфузли олийгоҳларда жумладан, Ҳамроқулов Жалолиддин «Азҳар» унверситетида, Неъматов Жахонгир Тошкент Давлат Шарқшунослик институти томонидан Миср Араб Республикаси «Айнуш-Шамс» университети «Куллиятул-Алсун» (Тилшунослик) факулътетида малака оширишни ўтаб келган.

Кафедра талабалари битиргунларига қадар Қуръони каримни тўлиқ ёд олишади. Битирувчиларнинг деярли ҳаммаси диёримиз масжид ва мадрасаларида халқимизга диний соҳада беминнат хизмат қилиб келишмоқда.

Жумладан, талабалардан Юнусов Зокиржон 2009-йили Эрон Ислом Республикасида ўтказилган қорилар мусобақасида иштирок этган бўлса, Охунжонов Довудхон 2009-йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси билан Иордания Ҳошимийлар қироллигида ўтказилган нуфузли «Қорилар мусобақасида» қатнашди. Шу билан бирга Охунов Носир ҳам муборак рамозон ойи мунсабати билан Саудия Арабистонида ўтказилган Қорилар мусобақасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси билан юборилди. Шунингдек, 2010-йил 24-декабрь куни институт талабаларидан икки нафари Маҳмудов Зафар ва Турсунов Асқаралилар ҳам Саудия Арабистонида ўтказилган халқаро Қорилар мусобақасида қатнашиб, нуфузли ўринларни қўлга киртишга муваффақ бўлишди.

2011-йил 15-март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари талабалари ўртасида Қорилар мусобақасининг 21- якуний Республика бочқичи ўтказилди. Мусобақада иккинчи ўринни Мадумаров Муҳаммадамин, мужаввид қорилар йўналишида эса иккинчи ўринни Рўзиев Жаҳонгир эгаллаб, Индонезия давлати пойтахти Жакартада ўтказилган Халқаро қорилар мусобақасида иштирок этишган бўлса, 2012-йилги 22- қорилар мусобақасининг Республика босқичида эса мужаввид қорилар йўналиши бўйича 3 ўринни Жаъфаров Баҳодир қўлга киритди. Шу билан бирга 2012-йилги 23-қорилар мусобақасининг Республика босқичида биринчи ўринни 1- курс талабаси Джалилов Набийтдин эгаллади. Боқиев Комилхон 2014 йил Россия федерацияси Москва шаҳрида бўлиб ўтган «Қуръон мусобақаси»да муваффақиятли иштирок этган.

УЛАШИНГ:

« Орқага