“Толибон” ҳаракати ҳукумати Ўзбекистон ва Покистонни боғлайдиган трансафғон темир йўли йўналишини тасдиқлади. Бу ҳақда ҳаракатнинг расмий вакили Иномуллоҳ Самангоний ўзининг Твиттердаги саҳифасида маълум қилди.
Темир йўлни Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳридан Бағлон ва Бомиён вилоятлари орқали ўтказиш режалаштирилмоқда.
Йўналишнинг бир қисми аллақачон келишиб олинган, у Парвон вилояти орқали Кобулга, у ердан Жалолободга ва Афғонистон – Покистон чегарасидаги “Торхам” назорат-ўтказиш пунктигача боради.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йилдан буён Термиз ва Мозори Шариф шаҳарларини бир-бирига боғловчи, ўзбекистонлик мутахассислар томонидан қурилган темир йўл ишлаб турибди.
Аввалроқ Ўзбекистон 2022 йил баҳорида Термизни Покистоннинг Пешовари билан боғлайдиган трансафғон темир йўли қурилишини бошлаши ҳақида хабар берилган эди. Бу борада Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва «Толибон» ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий ўртасида тегишли келишувга эришилган.