Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбеклар русларга уч томонлама хавф солган

5834

Америкалик тарихчи олим Эдвард Оллвортнинг таъкидлашича, «советлар белгилаб берган Ўрта Осиё ҳудуди 1920 йилда илк марта расман Ўзбекистон деб номланган сиёсий-ҳудудий бирликдан анча катта минтақани ўз ичига олар эди».

Марказий Осиёнинг жануби ҳисобланган Ўрта Осиё, яъни жанубий Қозоғистондан Эронгача, шимолий Афғонистондан Шарқий Туркистонгача бўлган минтақа Марказий Осиё тарихида ўзбекларнинг ватани сифатида ифодаланган. 

1923–24 йилларда ўтказилган маъмурий-ҳудудий чегараланишдан кўзланган бош мақсад – ўзбеклар давлатчилигига болта уриш, уларнинг минтақадаги маданий, сиёсий ҳукмронлигини йўқ қилиш эди.

Аслида ўзбекларнинг таъсирини камайтиришга қаратилган тадбирлар Ўрта Осиё Чор Россияси томонидан босиб олиниши биланоқ бошланганди. 1870-80 йиллар мобайнида катта ҳудудни эгаллаган Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг ҳудуди Россия империяси таркибига қўшиб олинди. 

Хива ва Бухоро хонликлари ярим мустамлака шаклида сақланиб қолган бўлса-да, уларга тегишли бўлган ҳудудларнинг катта қисми Чор Россияси таркибидаги Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига ўтказилди.

Биринчи Жаҳон урушидан сўнг Чор Россияси ўрнида Совет давлати қарор топгач, Марказий Осиё ҳудудида қайтадан ҳудудий ўзгаришлар юз берди. 1918 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ўрнида Россия таркибида Туркистон Совет Мухтор Республикаси ташкил этилди. 

1919 йилда Россия таркибида Қирғиз (Қозоқ) Совет Социалистик Мухтор Республикаси ташкил этилди. Ҳозирги Қозоғистоннинг ғарбини эгаллаган ушбу республика Марказий Осиёда советлар томонидан ташкил этилган энг биринчи миллий республика бўлди. 

1920 йилда Қизил Армия қўшинларининг Хива хонлиги ҳудудига бостириб кириши натижасида хонлик тугатилиб, Хоразм Халқ Совет Республикаси тузилди. Шунингдек, 1920 йилда Бухоро амирлиги ўрнида Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳам ташкил этилди.

Кўп ўтмай совет раҳбарияти Туркистон мухтор республикаси, Хоразм ва Бухоро республикаларини тарқатиб юбориб, уларнинг катта қисмини Қозоқ республикаси ва Туркман республикасига қўшиб бериш, шунингдек, уларнинг бир қисмида ҳар бир миллат учун алоҳида миллий республикалар – Ўзбекистон, Қирғизистон, Қорақалпоғистон ва Тожикистон ташкил этиш ҳақида эълон қилди...

  • Советларнинг ҳар бир миллат учун алоҳида республика ва автономиялар ташкил этишдан кўзлаган мақсади қуйидагилардан иборат эди:
  • ўзбекларни яккалаб қўйиш;
  • ҳар бир этнос ўз тили ва маданиятини ривожлантириш учун ўз ҳудудига эга бўлиши ҳақидаги ўзига жалб этувчан таклифлар билан туркманлар, қозоқлар, қирғизлар, қорақалпоқлар ва тожикларни ўз томонига оғдириб олиш, уларни ўзбекларга қарши қайраш;
  • Ислом байроғи (панисломизм), ягона Туркистон (пантуркизм) ғоялари остида туб аҳолининг жипслашувига йўл қўймаслик;
  • совет тузумига қарши озодлик учун кураш ва босмачилик ҳаракати кенг ёйилишини бартараф этиш.

Эдвард Оллвортнинг фикрича, 1924 йилда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланишдан кўзланган бош мақсад, биринчи навбатда, ўзбекларнинг Ўрта Осиё халқларини бирлаштириш салоҳиятига барҳам беришдан иборат эди. 

Бунинг сабаби шундаки, юқорида қайд этилган халқларни бирлаштириш ғоялари бевосита ўзбеклар билан боғлиқ эди. 

Э. Оллворт бу ҳақда шундай дейди:

“Ўзбеклар маданий соҳада ҳам, сиёсий соҳада ҳам Марказий Осиёнинг жанубий қисмида юқори мавқега эга эди. Руслар учун ўзбеклар уч томонлама хавф солар эди. 

  1. Ўзбеклар Марказий Осиёнинг ўтроқ аҳоли яшайдиган минтақаларида кўпчиликни ташкил этарди ва бутун жанубий ҳудудларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этарди. 
  2. Агар ўзбеклар ўзлари яшайдиган ҳудудларда сиёсий фаолиятни давом эттираверсалар, улар минтақа ишларига бундан буён ҳам кучли таъсир кўрсатаверар эди. 
  3. Марказий Осиё халқларига нисбатан ўзбекларда бошқа этносларни ассимиляция қилиш имконияти катта эди. Бундай ассимиляция, пировардида, ўзбеклар яшайдиган ҳудудлар доирасини кенгайтирар ва ўзбекларнинг сон жиҳатидан салмоғини янада оширар эди.

Афтидан, бундай омиллар Россиянинг ва мустабид тузумнинг Марказий Осиёдаги миссиясига рахна солар эди. Шу сабабли ушбу масала 1917 йилнинг мартидан кейинги ўн йилликда, Ленин ва Сталин томонидан илгари сурилган Социал-демократик ишчи партиясининг мафкураси ва сиёсати янги совет ҳокимиятининг дастурига айланган кезда жуда долзарб масалага айланди. 

Москвадаги раҳбарлар ўзбекларнинг таъсири камайтирилса, Марказий Осиёни бошқариш осонроқ бўлишини ва барча этник гуруҳларни назорат қилиш имкониятлари кескин кўтарилишини яхши фаҳмлар эди.

Шу сабабли аввал мавжуд бўлган учта субъектни тугатиб, Марказий Осиёни олтита маъмурий бирликка парчалаб ташлашни кўзловчи совет сиёсатида ўзбекларни яккалаб қўйиш бош мақсад қилиб белгилаб олинди".

Салоҳиддин Аҳмад Али

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистонда коррупцияни жиловлаш мумкинми?

434 22:05 14.06.2021

Икки мингта оилавий нодавлат боғчалар фаолияти йўлга қўйилади

171 14:00 14.06.2021

Коронавирусдан касалланганлар сони кўпаймоқда

239 11:20 14.06.2021

Ўзбекистон ва Греция ўртасида чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкин

404 21:35 13.06.2021

Афғонистоннинг илтимосига биринчи бўлиб Шавкат Мирзиёев жавоб қайтарди

1167 13:10 12.06.2021

Қўқон шаҳри туризм бўйича халқаро йиғилишга мезбонлик қилади

255 10:25 12.06.2021
« Орқага