Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбекларда миллатчилик борми?

3241

Илгари оқподшо даврида Тошкентда, Кауфман боғига (ҳозирги Амир Темур номидаги майдон) кираверишда, «сартлар ва итлар киришига рухсат йўқ» деб ёзилган тахта бўлган экан.

Ўшандан бери юз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да «буюк миллатчилик» – шовинистик руҳ ҳалиям кезиб юрибди. Ҳалиям Рязаннинг қайсидир қишлоғидаги пиёниста «ўзбеклар ғирт саводсиз эди, биз уларни одам қилдик», деган фикрда.

Қизиғи, ўшаларнинг касрига Россияда “ўзбеклар миллатчи, русларни сиғдирмаяпти, ишдан ҳайдаяпти”, деган ёлғон даъволар айтилмоқда. Ўтган асрнинг охирида кўпчилик руслар ва бошқа миллат вакиллари чет элларга кўчиб кетишган эди. Барчамиз, руслар кўпчилик бўлган шаҳарда яшаган одам сифатида мен ҳам бунга гувоҳман: бошқа миллат вакиллари Ўзбекистонда бошқа давлатлардагидан кўра эмин-эркин яшаган. Уларни ҳеч ким “Россиянгга кет” деб қувмаган. Ҳатто бир-икки йил Россияда яшаб, қайта кўчиб келган қўшниларимиз ҳам бўлган. Бир қўшни рус аёл болалари Питерда яшаса-да, “мени ўзбеклар ювиб, кўмади”, деб ҳалиям Ўзбекистонда яшаяпти.

Бизда журналистлар тугул, депутатлар ҳам миллий масалада гапиришга чўчиб қолган. Миллат ривожи йўлида бир нарса десанг, дарров “ўзбекларда миллатчилик кучайяпти” деб аййюҳаннос солишади. Ваҳоланки Ўзбекистондаги русийзабонларнинг ўзлари ҳам билиб-билмай миллатчилик руҳидаги постлар, эълонлар бериб қўйишади.

Бир уй сотаётган аёлнинг рекламасида: “Сдам свою 1-ком квартиру без посредников семейной европейской паре..” деб ёзиб қўйилибди. Тўғри ўз мулкини хоҳлаган одамга сотиши, ижарага бериши мумкин. Бироқ фақат “муайян бир миллатга ижарага бераман, қолганлари безовта қилмасин” дегани худди “сартлар кирмасин...” деганга ўхшаб қолмаяптими?!

Уни-буни қўйинг, ҳатто уйига хизматкор излаган “оқ танли”лар ҳам “европейской национальности” деб излашади. “Миллий тикланиш” партияси раҳбари “рус тилини камроқ ўқитиш керак, чунки у тилни яхши билмаган бола бошқа фанларни ўзлаштира олмайди. Тилни катта бўлганда худди инглиз, француз ёки бошқа тиллардек бир-икки йилда ўрганиб олади” деган мазмундаги гапи учун нафақат Россия матбуоти, балки uz доменли айрим русийзабон сайтларда ҳам қораланиб, салкам миллатчига чиқариб қўйилди.

Яна ўша одам «Фарзандларимизга ўзбек тилида таълим берайлик, ўзбек тилининг қадрини оширайлик», деса ҳам миллатчига айланди-қолди. Ҳатто бир рус сайти “Ўзбек миллатчиси президентликка номзодини қўйди” сарлавҳаси билан мақола чоп этди.

Ўзбек бағрикенг халқ. Юртимизда юздан ортиқ миллат вакили яшайди. “Ислом динининг қуввати” бўлган Бухорода яҳудийлар минглаб йиллар эркин яшаган. Бирортаси ўз ҳуқуқлари бузилаётганидан шикоят қилмайди. Ўз тилида эмин-эркин гаплашади. Бу ҳолат муҳожирларимиз чет элларда, айниқса Россиянинг кўп жойларида дуч келаётган дуч келаётган ҳолатнинг тамоман акси. 

Ўзбекистон тинчлик, халқлар учун осуда ҳаёт диёри бўлган ва шундай бўлиб қолади. 

Ёқуб Умар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Америкадаги ўзбеклар черковни масжидга айлантиради

1808 11:00 30.08.2021

Абдурашид Дўстим Афғонистонга қайтди

2377 06:50 05.08.2021

Ўзбеклар русларга уч томонлама хавф солган

6908 17:55 02.06.2021

Қуддусдаги ўзбеклар ери

4230 21:55 01.06.2021

Бозор атрофида фаҳш тарғиб қилинса, ўзбеклар чўчқа гўшти сотиб турса...

6227 08:20 01.06.2021
« Орқага