Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбекни хор қилаётган тушунча: “Одамлар гапир(ма)син!”

2113

Кузатишимча, одатда яхшилик билан бошланган бирор анъана бора-бора ёмон одатга айланиб қолиши мумкин экан. Бу илмсизлик – жаҳолатнинг ҳосиласи бўлса, ажабмас. Фикримни бир мисол билан тушунтираман. 

Болалигимда маҳалламизда дадам раҳматли билан кетаётган эдик. Дарвозалардан бирига қоқилган тақага кўзим тушди (тақа – отнинг туёғига қоқиладиган темир мослама). Аввал ҳам кўриб юрардим, аммо маъносини билмасдим. Дадамнинг тушунтиришларича, авваллари одамлар асосан отда сафарга чиққан. Меҳмонхоналар бўлмагани учун бирор кимнинг уйини тақиллатиб, шу ерда тунашга жой сўраган. Албатта отлиққа отхона ва ем ҳам керак бўлган. Бой ва ўзига тўқ кишиларда от ва табиийки отхона бўлган. Шунинг учун улар кечаси келиб қоладиган мусофирларга “Бизнинг уйда ўзингизга ҳам, отингизга ҳам қолишга шароит бор, бемалол эшигимизни тақиллатаверинг”, деган ишорани билдириш мақсадида кўча дарвозасига тақа қоқиб қўйган. 

“Кейинчалик одамларда (диний) илм камайиб кетди. Улар ота-бобосидан қолган дарвозалардаги тақани бойлик келтирадиган тумор сифатида кўра бошлади. Энг қизиғи тақани остонага ҳам қоқиб қўйишяпти. Бу – жаҳолатдан. Бойликни талаб қиладиган одам меҳнат қилиши ва Аллоҳдан сўраши керак!” деб тушунтирдилар дадам раҳматли. 

Бу гапларда қанчалик илмий асос бор, рости билмайман. Лекин мантиқ бор назаримда. Халқимиз орасида кенг тарқалган “Одамлар нима дейди?” деган тушунча ҳақида ҳам худди шундай фикр билдирсак, адашмаймиз. Чунки азалдан бизда маҳалла-кўй бир-бирига ҳам намуна, ҳам ҳакам бўлиб келган. “Бир болага етти маҳалла ота-она!” деган мақол ҳам фикримизни қувватлайди. Ёки “Суюнчи” фильмидаги Анзират хола образини олайлик. У икки тенгдоши билан маҳалладаги барчага таъсир ўтказади, тарбия беради. Масалан, эшигига қулф осган “шаҳарлик”, касалхонадаги отасидан хабар олмаётган “Ҳожимуроднинг ўғли”, харидорларга қайтимини бермаётган магазинчи Ғайбулла (Ҳожимурод бувани келинининг таъбир билан айтганда) "қишлоқ прокурорлари"нинг эътиборидан четда қолмайди. 

Хуллас, бирор номақбул ҳаракат қиладиган кишига “Маҳалла-кўйдан уялсангчи!” деб тарбия берилган. Биров оиласида қаттиқ бақир-чақир қилишга бошқалардан ҳаё қилган бўлса, бошқаси қизи ё келинига миллий қадриятларимизга зид кийим кийишига одамларнинг гап сўзидан қўрққан ҳолда изн бермаган. Шу тариқа “Одамлар гапирмасин!” деган тушунча халқимиз учун ўзига хос меъзон-торози бўлиб хизмат қилган. Бу ҳолат қайсидир маънода кўринмас куч орқали инсонларни тарбиялаган, тартиб-интизомга чақирган. Қайсидир маънода миллатимизнинг ўзига хос ютуғи бўлган, десак, адашмаган бўламиз.

Афсуски, охирги йилларда мана шу тушунча ҳам айниди. Энди одамлар гапирмасин, деб эмас, аксинча, “одамлар гапирсин” деган ўй билан ҳаракат қиладиган бўлиб қолдик. Уй қурсак, ички томони лой сувоқ қилинмаган бўлса ҳам кўча томонини ялтиратиб қўямиз – “Ҳа?” деса, одамлар гапирсин, деймиз. Йиллаб хорижда қийналиб топган пулимизга энг таниқли санъаткорни катта маблағ эвазига опкелиб, данғиллатиб тўй қиламиз:  “Ҳа?” – “Одамлар гапирсин!” Қарз-ҳавола қилиб қимматбаҳо машина сотиб оламиз: “Ҳа?” – “Одамлар гапирсин!” Умрадан келган отамизни тўй қилиб, туяга миндириб кутиб оламиз: “Ҳа?” – “Одамлар гапирсин!” Ярим кечаси қўшниларимиз тинчини бузиб, “Бу менинг онамдир!” деган қўшиқни айттирамиз: “Ҳа?” – “Одамлар гапирсин!”

Авваллари бир уй, бир дахлизда ўнлаб ини-сингиллари билан катта бўлган замондошларимиз уй қуришда бир бири билан мусобақалашишга киришиб кетди. Бир ҳовлида ўнлаб хоналарни данғиллатиб қуряпмиз. “Нимага шунча уй қуряпсиз?” деб сўраса, “Тўй-тўйчиқда керак бўлади-да” деб жавоб берамиз. Дарҳақиқат, тўйларда керак бўлар, лекин бошқа пайт чанг босиб ётади – эҳтиёж  йўқ. Бир дўстимиз ўн сотихли ҳовлисига айлантириб икки қаватли уй солди. Ҳозирда биттаю битта ўғли Тошкентда ишлаб-яшаяпти, қизлар узатилган, ҳайҳотдек ҳовлида, ўзининг гапи билан айтганда, “эру хотин сўппайиб” ўтирибди. “Эсим йўқ экан, шунча уйни бекор қурибман. Хоналарни тўлдиришга ҳам қанча маблағ кетган. Ўғлим пойтахтда оиласи билан ижарада туради. Ҳозир аввалгидек топиш-тутиш йўқ. Ҳовлимни сотиб “дом” олиб берай десам, қишлоқда оладиган харидорам йўқ”, дейди у бироз алам билан.

Маҳаллаларда айрим данғиллама ҳовлиларга кўзимиз тушади. Жуда катта маблағ эвазига қад кўтарилган. Эгасининг қанча умри ва меҳнати сарфланган экан дейсиз қараб. Одамлар “Фалончи данғиллатиб уй қилибди” деб гапирар ҳам, эл оғзига ҳам тушилар. Энг афсусланадиган жойи шундаки, уларнинг аксарияти ҳаммоми йўқ. Яшаш учун қулай шароит яратилмаган. “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги очофат чолнинг хотини айтмоқчи, қилган тўйларимиз ва қурган уйларимизнинг “донғи етти маҳаллага етмаса, кўнглимиз тўлмайди. 

Бу каби нотўғри ҳаракатларимиз фақат маҳалла-кўй ва ё чекка-чекка қишлоқларда қолиб кетаётгани йўқ. Назаримда бу каби янглиш тушуначалар янги шаклланаётган давлатчилигимизда ҳам ўзининг салбий жиҳатларини намойиш этмоқда. Ташкилотимизга комиссия келадиган бўлса, ҳамма ёқни супириб-сидириб, оқлаб-кўклаб қўямиз. Президент ўтадиган йўллаб бўйига вақтинчалик арчалар ўтқазиб турган ҳам – биз, қаровсизликдан сарғайган майсаларни кўк рангга бўяган ҳам – биз... Керак бўлса, катталар ўтадиган йўл ёқасида жойлашган далалардаги ғўзаларга кечаси билан пахта “ёпиштириб” чиқишдан ҳам тоймаймиз. Пойтахт ва вилоят марказларида кечалар ҳам кўчалар чароғон, аммо туман марказларида эса “свет” йўқ. Шифохонанинг жонлантириш бўлимидаги аппаратда ўлим билан олишиб ётган беморга ҳам раҳм қилинмайди.

Хориждан келган меҳмонларни олиб борадиган гўзал масканларни ҳам ҳозирлаб қўйганмиз. Уларга ҳам гўё “озод ва обод ватанда бахту саодатдан сармаст” яшаётгандай кўрсатамиз ўзимизни... шунақа кўрсатишга устамиз. Шаҳар ва туман марказларида намунали мактаб ва ё болалар боғчасини қуриб қўйганмиз. Намунали уйларимиз ҳам қад кўтарган. Лекин дейлик туман марказидан сал наридаги қишлоқда ўзимизнинг қора кўз болажонлар авария ҳолатидаги мактабда совуқдан изиллаб дарс олаётгани виждонимизни қийнамайди.

Бир қизиқ ҳолат. Бир куни олдимиздан ғаройиб "иномарка" ўтиб қолди. "Вааай..." дедим ажабланиб. Чунки унақа машинани энди кўришим эди: олдию орқаси деярли бир хил, ихчамгина, икки кишига мўлжалланган, ранги ҳам "ялтироқ"... Ёнимдаги дўстим" шу машина қанча туради?", деб сўраб қолди. 30 минг доллар турса керак дедим тусмоллаб. Машинанинг эгаси Сизу бизни бир марта "вааай" дейишимиз учун шунча пул сарфлаган. Сабаби бунинг оддий машиналардан бирор бир афзаллиги кўринмаяпти", деди. Ўйлаб қарасам, дўстимнинг гапида жон бор...

Хуллас, гулдай умримизни бошқаларга ниманидир исботлашга бағишлаб юборяпмиз.

Анчадан бери мана шу фикрларни мулоҳаза қилиб юргандим. Куни кеча таниқли журналист ва жамоат арбоби Шерзодхон Қудратхўжанинг қуйидаги фикрларини эшитиб, саволларимга жавоб топгандай бўлдим.

“Бугун миллатимиз ДНКсини билмайди (йўқотиб қўйди). Японлар билади масалан. Улар ўзининг табиатини (фитратини) севади, дунёда японларнинг ўз ўрни борлигини билади. Ўзим кузатган бир ҳолатни айтиб бераман. Бизга хориждан меҳмон келса, уни ёнига тандирни опкелиб сомса тайёрлаб бериш, ош тортиш, унга чопон кийдириш “кайф” беради. Бунин кўрган япон лол қолади, чунки япон бунақа қилолмайди. Уни италян ҳам, америкалик ҳам қилолмайди. Нимага? Уларнинг хаёли бунақа нарсада эмас. Уларнинг фикру зикри инновация яратишда бўлади. Улар бошқаларни лол қолдириш ҳақида ҳам ортиқча қайғурмайди. Биз ўзимизни “иккинчи сорт” миллат сифатида кўриб, бошқаларни ош билан, сомса билан, чопон ва ё тўй билан исботлашга уринамиз. Афсуски бу совет даврида онг-онгимизгача сингдириб юборилди. Бир вақтлар Ислом Абдуғаниевич (Каримов): “Биз Кремлда қовун кўтариб юрардик”, деб айтиб берган эди. Шунинг учун бировга товозе қилишга ўрганиб қолдик. Аслида вазифамизни яхши бажариб қўйиш ўрнига, келган комиссиянинг оғзини мойлаб, ишимизни битириб, яна ёмон яшашда давом этаверамиз”, дейди Ш. Қудратхўжа “Ориат Доно” радиосидаги чиқишларидан бирида.

Дарҳақиқат, шундай. Бу борадаги қарашларга тарихий мақола ва китобларда ҳам дуч келамиз. Совет даврида бизнинг аждодларимиз жоҳил, ношуд сифатида тасвирланавергани учун энди биз ота-боболаримизни ҳар нарсага қодир ва фаришта бўлганини исботлашга киришиб кетганмиз. Уларнинг хатоларини англаб, тушуниб, таҳлил қилиб, хулоса чиқаришга уринмаяпмиз.

Аммо...

Қачонгача умримизни бошқаларнинг гапи учун харжлаб яшаймиз? Қачонгача ўзимизни бошқалар олдида “бой ва беҳожат” кўрсатиш учун топганимизни совуриб юрамиз? Бу тубанликдан, бу жарликдан чиқиб кетишнинг чораси борми? Ўзликни англаш учун нима қилишимиз керак? Бунақа саволларнинг чеки-чегараси йўқ. Ечим эса, ўша – ҳамма биладиган гап: илму маърифатни юксалтириш керак. Инсон тафаккури ўзгармагунича ҳаёт тарзи яхшиланмайди. Бу борада имкон қадар тарғиботу ташвиқотни кучайтиришимиз зарур, деб ўйлаймиз. Одамлар гапирсин, деб эмас, одамлар гапирмасин, деган ўй билан яшашга қайтишимиз керак. Яна ҳам билмадим...

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

409 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1046 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1616 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1289 19:36 06.02.2023

Россия ва Эрон Татаристонда дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

484 18:10 06.02.2023

Муфтий ҳазратлари Туркия халқига ҳамдардлик билдирди

573 17:41 06.02.2023
« Орқага