Ўзимизни тарбия қилайлик!

10:00 14.03.2019 557

Таълим ва тарбия ҳақида ҳадис ва ҳикматлардан:

Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг оналаридан: "Бола тарбиясидаги услубингиз қандай бўлган?" дейишганида: "Умр бўйи таҳажжуд намозини қолдирмадим. Болани доим поклик ва таҳоратда эмиздим", деган эканлар.

“Болаларингизни тарбия қилманг. Улар барибир сизга ўхшашади. Сиз ўзингизни тарбия қилинг”.

Бир қўли билан мактаб эшигини очган одам нариги қўли билан қамоқхона эшигини ёпган бўлади. Таълимсиз тараққиёт йўқ!

Фарзандимизга ёлғон гапирамиз-да, улардан рост гапиришини талаб қиламиз.

Уларга ғазаб қиламиз-да, хушмуомала бўлишини талаб қиламиз.

Намозимизга бепарво бўламиз-да, намозда мустаҳкам бўлишни талаб қиламиз.

Уларнинг олдида чекамиз-да, чекмасликни талаб қиламиз.

​​Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин», деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман» деб айтинг.

Ўғилчангизга атир суртсангиз, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга бу дунёдан хушбўйлик аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди», деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман» деб айтинг.

Фарзандингиз мактабга кетаётганида «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди», деган ҳадисларини эслатинг.

Фарзандингизга кулиб қараганингизда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир», деган ҳадисларини эслатинг.

Фарзандингизни мақтасангиз, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши сўз ҳам садақадир», деганларини эслатинг.

Фарзандингизга овқат берганингизда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Челагингдан биродарингнинг челагига сув қуйишинг ҳам садақа», деган ҳадисларидан олганингизни айтинг.

Бирор йиғинда кексалар ҳам ўтирган бўлса, фарзандингизга уларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас», деганларини айтинг.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда, Ойша розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Бир хотин икки қизи билан менинг олдимга тиланиб кирди. Мен битта хурмодан бошқа ҳеч нарса топмадим. Хурмони аёлга берган эдим, уни олиб, иккига бўлди-да, икки қизига берди, ўзи ундан тотиб ҳам қўймади. Сўнгра туриб чиқиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳужрамга кирганларида бўлган воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга қиз фарзандлар берилган бўлса, у уларни чиройли тарбия қилса, улар унга жаҳаннамдан парда бўлади”, дедилар.

Интернет материаллари асосида тайёрланди

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!