Ислом

Узоқ муддатли шартнома давомида ўзгарувчан ижара ҳақи

313

Узоқ муддатли ижара битимларида ижара берувчи ижара ҳақи сифатида муайян тўлов миқдорини белгилашдан унчалик манфаатдор эмас, чунки ижара муддати давомида бозор нархлари ўзгариши эҳтимоли мавжуд, яъни агар ижара берувчи мижоз билан бирор нархга келишиб битим имзолаб қўйса, кейин бу нархни ўзгартиролмайди.

Бу ҳолатда ижара берувчи олдида икки йўл бор:

а) ижара ҳақи ҳар йили (ёки бошқа муддатда) муайян фоизга (масалан 5% га) ошиши ижара битимида кўзда тутилиши мумкин;

б) ижара қисқа муддатга тузилиши мумкин.

Иккинчи ҳолатда, қисқа муддатли ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин томонлар янги ижара битими тузиши керак бўлади, бу эса янги ижара муддати, янги ижара ҳақи, янги шартлар дегани. Бу ҳолатда томонлар янги ижара битими тузмаслик ҳуқуқига ҳам эга бўладилар, ва албатта бунда икки томон ҳам таваккал қилади. Агар нархлар кўтарилиб кетса ижара берувчи, нархлар тушиб кетса ижара олувчи манфаатдор бўлади.

Ушбу танловларнинг ҳар иккиси ҳам шариат талабларига жавоб беради. Шу билан бирга, баъзи замонавий уламолар ижара ҳақини ўзгарувчан бирлик билан боғлаш мумкин дейишган. Шундай ўзгарувчан бирлик сифатида пул бирлигининг қадрсизланиши (инфляция) кўрсаткичини олиш мумкин дейилади. Масалан, бу кўрсаткич йилига 10% ни ташкил қилса, ижара ҳақи ҳам шунга мос равишда кўтарилиши мумкин. Аммо бу каби кўрсаткичлар барчага маълум, аниқ, аксарият тан оладиган бўлиши, яъни баҳсли кўрсаткич бўлмаслиги керак.

Шу тамойилга асосланган баъзи ислом банклари анъанавий кредитлари бўйича ўрнатилган фоиз миқдорини ижара ҳақини белгилашда мўлжал сифатида олишади (масалан LIBORни). Чунки улар анъанавий банклар фоизга кредит бериб топаётган даромадни ижара орқали топмоқчи бўлишади.

Бундай амалиёт фоиз асосидаги анъанавий кредитга ўхшаб қолганлиги сабабидан танқид қилинади.

Албатта бу танқидни анъанавий кредит бўйича фоиз кўрсаткичи ижара ҳақини белгилашда фақат бир мўлжал сифатида олиняпти, ижара битимининг бошқа шартлари ҳам шариат талаблари доирасида деб инкор қилиш мумкин. Чунки фоиз асосидаги молиялаштириш билан ижара ўртасидаги асосий фарқ (ижара берувчига) тўланадиган пул миқдори ёки уни қандай белгилашда эмас, балки ижарадаги мулк бўйича томонлар ўз бўйнига олаётган хатарда. Масалан ижара муддати давомида мулкка бирор зарар етиши, талафотга учраши билан боғлиқ хатарлар (зарар) ижара берувчи бўйнида, яъни агар ижарага олинган мулкка талафот етиши оқибатида ижара олувчи шу мулкдан фойдалана олмай қолса, шу пайтдан бошлаб ижара берувчи ижара ҳақи олишни тўхтатиши керак бўлади. Фоиз асосидаги кредитда эса, қарздор олинган пул маблағларидан фойдалана олмаган бўлса ҳам (яъни бирор даромадга эга бўлмаган бўлса ҳам) ёки кредитга олинган мулкка талафот етса ҳам кредит берувчи асосий қарз ва у бўйича фоизни олаверади. Мана шу фарқлар туфайли, кредит бўйича ўрнатилган фоиз миқдорини ижара ҳақига мўлжал сифатида олиниши ижара шартномасини бекор қилмайди. Аммо нима бўлганда ҳам бундай амалиётдан иложи борича узоқ бўлиш тавсия этилади, чунки динимиз ношаръий амалларга зоҳиран бўлса ҳам ўхшашликдан қайтаради.

Ижара ҳақини ўзгарувчан бирлик билан боғлаш амалиётини яна бир сабаб билан танқид қиладилар:

ўзгарувчан бирлик (масалан ўзгарувчан фоиз даражаси/ставкаси) ўз номи билан ўзгариб туради, аммо бундай ўзгаришни олдиндан аниқ айтиб бўлмайди, бу эса шартнома шариат тақиқлаган жаҳала ва ғарар (яъни билмаслик / бехабарлик / ғофиллик ва мавҳумлик) ҳолатига кириб қолади. Шариатнинг асосий қоидаларидан бири шуки, ҳар бир шартнома тузилаётган пайтда унинг шартлари битим томонларига аниқ ва тушунарли бўлиши керак. Ижара шартномаси тузилаётган пайтда томонлар аниқ билиши лозим бўлган асосий масалалардан бири, бу ижара ҳақидир. Шу сабабли агар ижара ҳақини ўзгариб турадиган фоизга боғлаб қўйилса, унда шартномаси тузиш пайтида ижара ҳақи аниқ бўлмайди (чунки келажакада фоиз даражаси қанақа бўлишини томонлар аниқ билолмайди) ва шу туфайли бундай мавҳумлик битимни ботил (бекор) қилади.

Ушбу иккинчи танқидга жавобан қуйидагиларни айтиш мумкин:

Жаҳала икки сабабга кўра таъқиқланган: шулардан бири, жаҳала туфайли томонлар ўртасида баҳс ва келишмовчилик пайдо бўлиши хавфидир. Аммо томонлар ижара ҳақини барчага маълум, аниқ, аксарият тан олган, яъни баҳсли бўлмаган кўрсаткичга боғлашса бундай хавф пайдо бўлмайди.

Жаҳала таъқиқланишининг иккинчи сабаби, томонлар кўзда тутилмаган турли йўқотишлар (зарар)га дуч келишлари мумкинлиги билан боғлиқ, яъни бу ҳолатда ижара ҳақи боғланган кўрсаткичнинг, масалан инфляция даражасининг кескин ўзгариши (бундай ҳолат кўпинча молиявий-иқтисодий инқирозлар ҳолатида кузатилади) томонлардан бирининг зарар кўришига олиб келади.

Шундай хатарларни олдини олиш мақсадида баъзи уламолар ижара ҳақи бўйича муайян чегарлар ўрнатишни таклиф қилишади. Масалан ижара ҳақи боғланган кўрсаткич ўзгарганда ҳам ижара ҳақи фақат маълум даражада ўзгариши, айтайлик аввалги ойнинг ижара ҳақидан кўпи билан 15% га юқори ёки 5% паст бўлиши мумкин, ундан ортиқ кўтарилмайди/тушмайди.

Албатта бундай ёндашув адолат ва мантиқ талабларига жавоб беради ва масалага ечим бўла олади дейиш мумкин.

Ислом молияси сайтидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом молиясининг Омондаги муваффаққияти

486 06:30 02.03.2020

Ислом молияси ҳақида тушунчамиз йўқ

838 09:00 26.02.2020

Буюк Британия Ислом молияси бўйича етакчи...

751 09:30 21.02.2020

Ислом иқтисодий модели нима?

563 22:00 18.02.2020

Ватикан ислом молиясини эътироф этди

818 22:00 17.02.2020
« Орқага