Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Суннатни ўрганамиз

Узук ҳақида батафсил: суннат, жоиз эмас, ҳаром... (иккинчи мақола)

1538

Узук вазни 

Ҳанафий мазҳбида, киши узугини бир мисқолдан зиёда қилмаслиги лозим. Бир мисқол 4. 25 грамга тўғри келади. 

Уларнинг бу борадаги ҳужжатлари Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурлаига келди. Уни қўлида темирдан бўлган узук бор эди. Шунда у зот: “Темир узук таққан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келди. Шунда у зот: "Негадир сенда дўзах аҳлининг зийнатини кўряпман-а”, дедилар. бас у тақишни тарк қилди. Кейинроқ сариқ мисдан узук тақиб келди. Шунда у зот “Негадир сендан бутнинг ҳидини сезаяпман-а”, дедилар. Бас у тақишни тарк қилди. Ҳалиги киши: “Нимадан узук тақсам бўлади?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кумушдан, вазнини бир мисқолга етказмагин”, дедилар” (Термизий, Абу Довуд, Насоий ривояти).

Аёллар тақиши ман этилган узук

Ҳанафий мазҳабига биноан, аёл кишилар тилло, кумушдан бошқа металлардан ясалган узукларни тақишлари ҳаром саналади. 

Темир, қўрғошин, бронза, сариқ мисдан бўлган узук аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бирдай ҳаром ҳисобланади. Бу борадаги далил, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сариқ мисдан узук таққан кишини кўриб: “Менга нима бўлдики, сенда бутни ҳидини топаяпман” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини темирдан узук таққанини кўриб:

“Менга нима бўлдики, сенда дўзах аҳлини зийнатини кўраяпман” дедилар”.

Икки қўлга узук тақиш 

Аҳли илмлар каломига биноан бир узукдан кўпроқ узук тақиш жоиздир. Шунингдек, икки қўлга узук тақиш ҳам. Лекин, ўшанда фахрланиш, исроф ва ғурурланиш бўлмалиги лозим. Агар бўлса, ҳаром бўлади.

Узук билан ҳожатхонага кириш 

Агар узукка эҳтиромли сўзлар ёзилган бўлса, жумладан, унда Аллоҳ таолонинг зикри бўлса, ҳожатхона ёки ҳаммомга киришдан илгари уни ечиш лозим бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатхонага кирсалар узукларини ечиб қўяр эдилар” (Термизий ривояти).

Узукка нақш солиш

Уламоларимиз узукка нақш солишга ижозат берганлар.

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам узукларига “محمد رسول الله”;

2. Абу Бакр розияллоҳу анҳу “نعم القادر الله  (Қандай ҳам улуғ, ҳар бир ишга қодир бўлган Аллоҳ)”;

3. Умар розияллоҳу анҳу “  كفى بالموت واعظا (Ўлим насиҳатгўйликка кифоя қилади)”;

4. Усмон розияллоҳу анҳу “لتصبرن او لتندمن  (Қаттиқ сабр қиласизлар ёки қаттиқ надоматга қоласизлар)”;

5. Али розияллоҳу анҳу “الملك لله  (Мулк Аллоҳникидир)”;

6. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “قل الخير والا فاسكت  (Яхшиликни гапиргин, йўқса жим тур)”;

7. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ “من عمل برأيه فقد ندم  (Ким ўз фикрига суяниб қолса, надомат қилади)”;

8.Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ “من صبر ظفر  (Ким сабр қилса, зафар қучади)” лафзларини ёздирганлар. 

Жонли ҳайвонлар нақши туширилган ёки кофирларнинг шиорлари битилган узук тақиш 

Мусаввирлар борасида қаттиқ ваъийд борлигига биноан шаксиз инсон ва ҳайвонлардан иборат жонли нарсаларнинг суратини чизиш ҳаромдир. Чунки, сурат фаришталарни тасвирли уйга киришдан тўсади.

Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Фаришталар сурат бор уйга кирмайди” дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти). 

Мусаввирлар борасида қаттиқ ваъийд ва қайтариқлар ворид бўлган.

Оиша Уммул мўминийн розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Умму Ҳабиба ва Умму Салама розияллоҳу анҳолар ҳабашистонда кўришган суратли черковни зикр қилдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердилар.

Шунда у зот:

“Улардан солиҳ киши вафот этса, қабри устига масжид қуришар ва унга уларнинг суратларини солишар эди. Улар қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида махлуқотларнинг энг ёмонларидирлар” дедилар” (Муттафақун алайҳ). 

Оиша Уммул мўминийн розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“У (Оиша онамиз) тасвирли бир ёстиқ сотиб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўрганларида эшик олдида тўхтаб, ичкарига кирмадилар. У зотнинг юзларида хушламаганликларини сезиб: “Эй, Аллоҳнинг расули Аллоҳ таолога ва Унинг расули соллаллоҳу алайҳи васалламга тавба қиламан! Нима гуноҳ қилибман?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу ёстиқнинг сабаби нимада?” дедилар”. Мен: “Ўтиришингиз ва бош қўйишингиз учун сизга уни сотиб олдим” дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу сурат эгалари қиёмат куни азобланадилар ва уларга: “Яратган нарсаларингизни тирилтиринглар” дейилади, деб: “Сурати бор уйга фаришта кирмайди” дедилар” (Муттафақун алайҳ). 

Саъийд ибн Абул Ҳасандан ривоят қилинади: 

“Ибн Аббос ҳузуридалигимда бир киши келиб: “Эй, Абу Аббос! Мен инсонман, менинг ризқим қўлим ясаган нарсадан. Мен бу тасвирларни ясайман” деди. Шунда ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен сенга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсамни айтаман. У зот: “Ким бир сурат чизса, унга руҳ пуфлагунича Аллоҳ таоло уни азоблайди. У ҳаргиз унга (руҳ) пуфлай олмайди” деяётганларини эшитдим” деди”. Ҳалиги киши қаттиқ қўрққанидан юзи сарғайиб кетди. Шунда у (ибн Аббос): “Агар бош тортсанг ҳолингга вой бўлади. Агар ясамоқчи бўлсанг бу дарахтни ва руҳи йўқ ҳар бир нарсани ясашинг лозим бўлади” деди” (Бухорий ривояти). 

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, қоннинг баҳосидан, танага сурат солувчи ва солдирувчидан, рибо егувчи ва едиргувчидан қайтардилар. Ва расм чизувчини лаънатладилар” (Имом Бухорий ривоят қилган). 

Юқорида ўтилган ҳадисларга биноан жони бор нарсаларни узукка нақш қилиш жоиз эмас. Уни гуноҳи эса, ясовчи ва сотувчига бўлади. Шунингдек, хож туширилган узукларни тақиш ҳам жоиз эмас. Чунки, у насоролар аломатидир. Ҳайвон ва қуш суратлари мавжуд узуклар ҳам шулар жумласидандир. Бас, уларнинг барчаси ҳаромдир.

Жони бор ҳайвон шаклида ясалган узуклар ҳукми 

Товус, балиқ, ҳайвон шаклидаги узуклар ҳам мавжуд. Узукка жонли нарсани тасвирини солиш ҳаром деб турганимизда, узукларни жонли ҳайвонларга ўхшатиб ясаш ҳаромликда қаттиқроқдир. Чунки, баъзан ўша нарсалар Нуҳ алайҳиссалом қавмида юз бергани каби тасвир ва ҳайкалларга ибодат қилишга олиб боради.

Қудратуллоҳ Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Халифанинг ўғиллари ҳам олимлар хизматида бўлган...

558 09:02 01.12.2020

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (33-қисм)

313 18:10 30.11.2020

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (32-қисм)

416 21:05 29.11.2020

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (31-қисм)

400 20:10 28.11.2020

Уйимга етиб боргач, уни кечирдим...

1287 13:00 28.11.2020

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (30-қисм)

505 19:38 27.11.2020
« Орқага