Суннатни ўрганамиз

Узук ҳақида батафсил: суннат, жоиз эмас, ҳаром... (учинчи мақола)

1196

Таҳоратда узукни қимирлатиш 

Узук ҳаракатланмайдиган даражада тор бўлса ёки узук эгаси узук остидаги танага сув етишига ишонч ҳосил қилмаса, таҳорат асносида узукни қимирлатиб қўйиши вожиб бўлади. 

Узук кенг бўлса ёки тор бўлсада узук остидаги танага сув етиши мумкин бўлса, уни ечиш ҳам, қимирлатиш ҳам лозим бўлмайди.  

Танага сув етишига монелик қиладиган ҳар бир тўсиқ узукка ҳамл қилинади. Бу иш муҳим бўлиб, кўпинча аксарият инсонлар, хусусан аёллар унга бепарво бўладилар.
Ниқоб ва баъзи юзга қўйиладиган бўёқлар каби.

Ғусулда узукни қимирлатиш 

Маълумки, ғусулда сув барча баданга тегиши лозим ва лобуддир. Ҳатто осилиб тушиб қолган қорин тагларига ҳам сув етказиш вожибдир. Ғусулда узук остига сув етиши учун узукни қимирлатиб қўйиш вожибдир. Агар торлиги сабабли қимирлатиш мумкин бўлмаса, уни ечиб ташлаш вожиб бўлади.

Таяммумда узукни ечиб қўйиш 

Таяммум асносида узукни ечиш вожиб эканлигига аҳли илм жумҳури иттифоқ қилган. Уни қимирлатиб қўйишни ўзи кифоя қилмайди. Чунки, турпоқ қўйиқ бўлгани боис узук остидаги танага етмай қолади. Сувни акси ўлароқ. Сув оқувчи бўлгани боис узук остига сизиб киради.
 
Намозда узукни ўйнаш 

Икки шаҳодатдан кейин исломнинг энг аҳамиятли рукни намоз ҳисобланади. Шундай экан, бандага намозни гўзал қилиши, унда хушуъ билан туриши лозимдир. Лекин, намозхонларни кузатсанг ажоиб нарсага дуч келасан, яъни сақоллларини, кийимларини, узукларини ўйнаб турадилар. Ҳатто, бу инсон намоздами ёки бадан тарбия билан шуғилланаяптими?, деб ўйлаб қоласан.

Эҳромда узук тақиш 

Жумҳур аҳли илм, эҳромдаги киши соат, камар, кўзойнак тақиши жоиз бўлгани каби эҳромдаги ҳолатда узук тақиши жоиз бўлади деганлар. 

Моликий мазҳаби жумҳурга хилоф қилиб: “Эҳромга кирган киши эҳром ҳолатида узук тақиши жоиз эмас. Агар узукни узоқ тақиб турса, фидя лозим бўлади, деганлар (ал-Мавсуатул фиқҳия. Ж. 11. – Б. 31).

Узукнинг закоти 

Агар узук нисобга етса, унинг қийматидан закот чиқариш вожиб бўлади.

Узукни маййит билан қўшиб дафн қилиш 

Узукни маййит билан дафн қилиш молни беҳуда сарф қилиш бўлади. Молни беҳуда сарф қилиш ҳақида қайтариқлар келган. Бунда шаҳид ҳам бошқаси ҳам тенгдир.

Маййит билан кафандан бошқа бирор нарса дафн қилинмайди. Чунки, кафан сатр аврат ҳисобланади. Аммо, узук сатр ҳисобланмайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудда қатл қилинганлардан темир, терилар ечиб олинишига ҳамда қонлари ва кийимлари билан дафн қилинишларига буюрдилар” (Абу Довуд ва ибн Можа ривояти).

Билагузук, барслет, соат ва бўйинга занжир тақиш

Аёллар учун тилло, кумушдан билагузук, браслет, соат ва бўйинга занжир ҳамад қулоқ, бурунларига сирғалар тақишлари жоиздир. Эркакларга эса, кумуш узукдан бошқа буларнинг барчаси ҳаромдир. Агарчи, улар кумушдан ясалган бўлса ҳам. 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлига тиллони, чап қўлига ипакни олдилар. Сўнгра иккаласи билан икки қўлини юқорига кўтариб, “Булар умматимнинг эркакларига ҳаромдир”, дедилар”.

(Аҳмад ва Насоий ривояти).

Тилло ва кумушдан бошқа нарсадан ясалган соат тақишга уламоларимиз рухсат берганлар. Браслет, билаузук ва бўйинга тақадиган занжрлар тилло, кумушдан бошқа нарсалардан ясалса ҳам жоиз эмас деб айтганлар. Чунки, одатда бу нарсаларни аёллар зийнат учун тақадилар, аёлларга ўзини ўхшатиш ва бу нарсаларни зийнат учун тақиш шариатимизда ҳаром саналади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ўхшаб либос кийган эркакни ва эркакларга ўхшатиб либос кийган аёлни лаънатладилар”. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Абу Довуд ва Табароний қилган ривоятда:

“Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир”, дейилган.

Қудратуллоҳ Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳидоятга келган насроний руҳонийлар: Сергей Абдулҳақ Тимухин

636 20:30 05.06.2020

Фитна қаердан пайдо бўлади?

670 13:30 05.06.2020

Ҳаёли аёл мана шунақа бўлади...

1380 08:00 05.06.2020

Навоий ижодида ҳадис ва ҳикмат

265 06:30 05.06.2020

АҚШдаги вазиятга оид: Исломда ирқчиликка йўл йўқ (видео)

770 19:00 04.06.2020

Тарихда бугун:  Пекиндаги Тяньаньмэнь майдони қонга беланди

694 18:30 04.06.2020
« Орқага