Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

В. Путин: ”Тўғрисини айтганда, Николай II арзигулик сиёсатчи бўлмаган...”

2604

Россиянинг амалдаги президенти В. Путин Россия империясининг сўнгги подшоси Николай II ҳақида бир неча бор фикр билдирар экан, императорга бўлган нафратини яшира олмаслиги яққол кўзга ташланади. Жумладан, 2014 йил 4 март куни ўзининг Ново-Огарёводаги қароргоҳида Украинада кечаётган ҳодисалар ва Қрим яриморолини Россия таркибига қўшиб олиш мавзусига бағишланган матбуот анжуманида Путин совет тарғиботига хос васф қўллаган ҳолда император Николай II ни «қонхўр» деб атаган.

Хусусан, «Интерфакс» агентлигидан келган журналист аёлнинг саволига жавоб берар экан, Путин: «Украинада яшаган оддий фуқаронинг, оддий деҳқоннинг боши қонхўр Николай замонида ҳам, Кравчук даврида ҳам азоб-уқубатдан чиқмаган», - деган эди.

Ундан олдин ҳам, яъни 2011 йил ёзида, Сочидаги олимпиада объектларини қураётган кўнгилли ҳашарчилар олдида сўзга чиққан Путин император Николай II га нисбат бериб, уни «қонхўр» деган эди.

Интернет тармоғида Путиннинг илк президентлик даврида суратга олинган видеороликни топиш қийин эмас. Ўшанда (афтидан, ўзининг 2000 йил 7 май куни ўтган биринчи инаугурацияси куни бўлса керак) В. Путин Кремлдаги хизмат хонасига кирар экан, ҳозиргина ўтган аллақандай ҳодиса ҳақида фикр билдирган ёрдамчиларидан бирининг гапига жавоб тариқасида ҳам Николай II ҳақида салбий фикр билдириб ўтган эди. Жумладан, ўшанда ёрдамчи:

– Николай II мана шу бино томига чиқиб, Москвани томоша қилган эди, - дея эслаб ўтди.
– Қилгани иш топа олмагач, томма-том югуриб юравергандир-да, – жавоб берди ўшанда Путин.

Айримлар Путин томонидан император Николай II га нисбатан билдирадиган салбий муносабатининг сабабини 2010 йил 22 декабрь куни билдирган қуйидаги фикрида топгандай бўлишади. Хусусан, Россия президенти Д. А. Медведевнинг даврида ҳукуматган раислик қилган В. Путин: «Тўғрисини айтганда, Николай II арзигулик сиёсатчи бўлмаган. Агар у дурустроқ сиёсатчи бўлганида Россия империяси сақланиб қолган бўлар эди. Гарчи, бу масалада унинг ёлғиз ўзини айблаб бўлмаса-да», - дея фикр билдириб ўтган эди.

Бу билан Путин нима демоқчи бўлганини уқиб олиш қийин эмас. Бир сўз билан айтганда, Путиннинг фикрича, Николай II подшо сифатида ўз салтанатида бўлган ишларга жавобгар бўлган. Унинг даврида эса монархия қулаб, Россия империяси парчаланиб кетган. Гарчи бунда, Путиннинг таъбири ила айтганда, ёлғиз Николай II нинг ўзи айбдор бўлмаган. Бироқ император давлатнинг ҳукмдори экан, юз берган инқилоб учун асосий жавобгарлик ҳам унинг зиммасига юкланади.

Афтидан, Путин ўзини кучли, император Николай II ни эса ўз салтанати, ўз империясини сақлаб қола билмаган заиф сиёсатчи деб билади. Бундан келиб чиқадики, Россия Федерациясининг амалдаги президенти ўз салтанатини сақлаб қолиши керак бўлиб, Николай II томонидан йўл қўйилган хатони қайтармасликни – биринчи галдаги вазифа деб билади.

В. Путиннинг Николай II га доир билдирган мулоҳазаларига қараганда, императорнинг асосий хатоси – инқилобчиларга нисбатан кўнгил бўшлик қилиб, улар билан муросасозлик қилгани, оддий халқни эса қон қустиргани бўлган. Қонхўр Николай, Путиннинг гапига қараганда, ўзига бундай мудҳиш лақабни Ходин даласида юз берган фожиа ва Петербургда кўтарилган холис ишчилар намойишининг ўққа тутилгани («Қонли якшанба») учун орттириб олган. Бунинг ўрнига эса, Путиннинг фикрича, Николай II биринчи навбатда инқилобчиларнинг раҳнамоларини отиб ташлаб, оддий халқнинг тилак-эҳтиёжларига эътиборлироқ бўлиши керак экан.

Путиннинг ўзи-чи? Хўп, унга қарши мухолифат раҳнамоларини «Новичок» турига мансуб жанговар заҳар билан заҳарлаб, қамоққа тиқаётганини кўриб турибмиз, оддий халқнинг дардига қулоқ тутиб, оғирини енгил қиляптимикан?

 

Шокир Долимов
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси,
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Польша мудофаа вазири: Путин Россия империясини тикламоқда

960 17:00 26.04.2021

Президент Зеленскийнинг Путинга ва ўз халқига мурожаати 

1654 17:40 21.04.2021

Байден ва Путин Украина бўйича гаплашишди

1247 16:00 14.04.2021

Путиннинг «умрбод президент» бўлишига муносабатлар

1438 14:30 09.04.2021

Путинга имкониятни унинг ўзи берди

1019 09:00 06.04.2021
« Орқага