Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Ваҳший шерни енгган жасур тобеъин

5837

Мусулмонлар ва форс қўшини жанг майдонида қарама-қарши туришибди. Енгилмаслиги билан донг чиқарган сон-саноқсиз форслар қўшинида одамларни ейишга ўргатилган катта ваҳший шер ҳам бор эди. Форслар уни душман қўшинига қўйиб юбориб, уларнинг руҳини синдиришар эди. Ахир ўйлаб кўринг, жанг майдонига чиққанингизда катта ваҳший шер ташланса-я?!

Табиатан овчи бўлиб, жанг майдонида кўплаб одамларни ғажиб, ўткир тирноқлари билан уриб ўлдирган ушбу шер янада ваҳшийлашиб кетган. Йирик жуссаси, даҳшатли ўкириши, кўзлари ёниб ғанимига югуриши унча-мунча одамни ўтакасини ёриб юборар эди.

Бу жангда ҳам форслар қўшини жанг бошланиши арафасида ўша шерни қўйиб юборишди.

Мусулмонлар қўшини тарафга жуда катта, ҳайбатли, ваҳший шер даҳшатли иррилаганича келар эди. 

Шу пайт мусулмон қўшини орасидан бир кимса қилич яланғочлаб шерга қарши чиқди. Бу жасур баҳодир Ҳошим ибн Утба эди. Майдонда ваҳший одамхўр шер ва жасур мусулмон!

Икки тарафнинг қўшини натижани кузатиб туришибди.

Шер Ҳошимга ташланди. Ҳошим унга қилич урди. Шер бир-икки силтаниб, яна ташланди, Ҳошим яна урди. Сўнгра чанг-тўзон кўтарилиб бир муддат кўринмай қолишди. Шернинг наъраси эшитилиб турар эди.

Кейин чанг босила бошлади. Бир оз сукунатдан сўнг  "Аллоҳу акбар,  Аллоҳу акбар!"  деган ҳайқириқ янгради. Шер ерда ўлиб ётар, ёнида эса қонга беланган, аммо ғолиб бўлган Ҳошим турар эди.

Майдонни мусулмонларнинг "Аллоҳу акбар,  Аллоҳу акбар!" деган овози тутиб кетди.

Аллоҳнинг ҳақиқий шери, даҳшатли  ваҳший шерни енгди.

Форс аскарларининг қалбига ғулғула тушди.

Ахир ваҳший шердан қўрқмайдиган мусулмонларни енгиб бўлар эканми?!

Эртаси кунги жангда мусулмонлар форсларни мағлуб этишди!

Қўмондон Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бу ғалабаси ўлароқ Ҳошим ибн Утба раҳимаҳуллоҳнинг бошларидан ўпди.

Ушбу воқеани имом Тобарий  "Тарих" 3/622 да, ибн Касир  "Тарих" 7/61 да ривоят қилганлар.

Қалбдаги қўрқув фақатгина Аллоҳдан бўлса, бошқа бирон кимса ва нарсадан асло қўрқилмайди.

Шунингдек, фақатгина Аллоҳдан қўрқуви бўлган қалб соҳибида шундайин ҳайбат бўладики, бошқа барча махлуқот уни ҳайбатидан чўчишади!

Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага