Валийлик мақоматига етишдаги беш хислат

16:00 11.03.2019 1223

Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Ёш болаларда бўлган ушбу беш хислат, агар катталарда ҳам бўлганида эди, албатта, улар авлиёлик даражасига етарди:

Улар:

1. Ризқ ғами ҳақида қайғурмайди.

2. Бетоб бўлиб қолишса, Холиқ устидан махлуққа шикоят қилмайди.

3. Таомни биргаликда жамоа бўлиб ейишни яхши кўради.

4. Қўрқишса, кўзларига дарров ёш келади.

5. Уришиб, аразлашиб қолишса, тезда ярашиб кетади.

Биз катталар, кўпинча оддий самимийлик, қалби юмшоқликни унутиб қўямиз. Болалар эса, аксинча! Улар ҳеч қачон ризқнинг ғамини ейишмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло берадиган ризқни ўйлаб хафаҳол юришмайди. Касал ёки бетоб бўлиб қолишса, ҳеч қачон бировларга шикоят қилмайди. Хурсандчиликларини яширишмайди. Таомни доим бирга жамланиб ейишни, жамоа бўлиб ўйнашни хуш кўришади. Зеро, жамоа бўлиб ейилган таомда барака бўлиши ҳам бор гап. Қўрқишса, дарров кўзлари ёшланади. Бу ҳам мўминларга хос хислат бўлиб, Аллоҳ таолодан қўрқиб кўзга ёш олиш иймондандир. Уришишса, дарров ярашиб олишади. Агар катталар ҳам болалардек бўлганида оддий келишмовчилик орқасидан келиб чиқаётган катта урушлар бўлмас эди.  Аллоҳ таоло барчаларимизни болалардек беғубор қалб соҳиби  қилсин!

Саида Рустам қизи

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!