Вақф хайрия жамоат фонди Самарқандда 4 та масжид қурмоқда

13:30 07.05.2019 395

Жорий йилнинг 28 апрель куни “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов Самарқанд вилоятида фонд маблағлари ҳисобига қурилаётган масжидлардаги жараёнлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ургут, Тайлоқ ва Нуробод туманларига ташриф буюрди.

Дастлабки манзил Тайлоқ тумани Ястепа ҚФЙда жойлашган “Ястепа” жомеъ масжиди бўлди. Ушбу масжиднинг эски биноси авария ҳолатида бўлганлиги сабаб ибодат қилиш анчайин қийин аҳволга келиб қолган эди. Масжид имом-хатиби ҳамда қишлоқ фуқароларининг мурожаатига кўра “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан янги бино бунёд этилиб айни дамда безаш ишлари амалга оширилмоқда. Ташриф давомида И.Халилов қишлоқ аҳлига ушбу жомеънинг Рамазон ҳайитига тайёр бўлишига ҳаракат қилишини таъкидлаб дуойи хайрлар қилди.

Кейинги манзиллар Ургут туманидаги “Мулла Исҳоқ” ва “Узун” жомеъ масжидлари бўлиб, бу икки масжид ҳам анчайин эски ва кичиклиги сабаб қишлоқ аҳли томонидан “Вақф” фондига ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Аризалари инобатга олиниб фонд томонидан қисқа вақт ичида замонавий барча қулайликларга эга янги масжид қад ростлади. “Узун” жомеъ масжиди эса том қисми ва безак ишлари фонд маблағлари ҳисобига битказилди. Ташриф давомида И.Халилов бу икки масжид учун фонд томонидан яна қандай ёрдам кераклигини сўраб, лозим бўлса керакли нарсалар етказилиб берилишини таъкидлаб ўтди.

Самарқанд вилоятидаги сўнгги манзил Нуробод тумани Сарикўл қишлоғида бунёд этилаётган “Сарикўл” жомеъ масжиди бўлди. Ушбу масжиднинг аҳамиятли томони Тошкент-Бухоро магистрал йўли ёқасида жойлашганидир.

- “Бу йўлдан ҳар куни минглаб сайёҳлар ва фуқароларимиз ўтишади, эски масжидимиз кўримсиз ҳолатга келиб қолган эди, таҳоратхона эса аянчи аҳволда”, дейди масжид имом-хатиби.

Айни дамда бунёд этилаётган масжид биноси кўркам, ҳашаматли ва қулай таҳоратхонага эга. Энг қувонарлиси, йўл юзида жойлашганлиги сабаб сайёҳлар ва йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида муслима аёллар учун ҳам алоҳида хонақоҳ ва масжид қад ростламоқда.

Сафар давомида фонд раҳбари Искандар Халилов имом-хатиблар, қишлоқ оқсоқоллари ва намозхонларга хайрли ишларда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб, биргаликда ҳаракат қилиш барчамиз учун фойдали ва хайрли бўлишини таъкидлаб ўтди.

Ушбу акция доирасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган масжидлар, саховатпеша ватандошларимизнинг хайру эҳсонлари ҳисобига амалга оширилиб, уларнинг кўмаги асосида бунёд этилмоқда. Албатта, бундай савобли амалларнинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир.  

Манба: Zarnews.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!