Вақти келмаган эртани қўйинг!

15:00 18.05.2019 1307

“Аллоҳнинг амри келди. Бас, унинг тезроқ келишини талаб қилмай қўя қолинг”. (Наҳл сураси, 1-оят). Ҳодисалардан олдинлаб кетманг. Нима, ҳомиласи ҳали етилмаган болани туғдириб ёки пишмаган мевани узиб оласизми? Ахир эртага дегани йўқ нарса, унинг ҳақиқати йўқ. Борлиги йўқ, таъми ҳам, ранги ҳам йўқ. Шундай экан, нима учун ҳали келмаган куннинг, ҳали йўқ мусибатларини ўйлаб эзиламиз, хавфсираймиз ва ҳали юз бермаган ҳодисаларга аҳамият берамиз? У ҳали юз берадими, йўқми, билмаймизку? Юз берса ҳам, балки хурсандчилик ва шодлик бўлар?!

Муҳими, у ҳали ғайб оламидадир. Ҳали-бери ерда содир бўлмаган. Демак, келмасидан олдин кўприк қуриб, ундан ўтишнинг ҳожати йўқ. Имкони ҳам йўқ. Ким билади, балки кўприкка етиб келмай тўхтаб қолармиз. Ёки етиб бормасимиздан олдин кўприк қулаб тушар, эҳтимол кўприкка етиб ҳам борармиз, соғ-омон ўтиб ҳам олармиз.

Келажак ҳақида фикр юритиш учун зеҳнга кенг имкониятлар бериб, ғайбга тааллуқли китобларни варақлаш, кейин содир бўлиши эҳтимоли бор нарсаларга безовталаниш шаръан оқланмайди ҳам. Чунки, булар оддий орзу-ҳаваслар бўлиб, ақл уни айблайди. Бу нарса соя билан олишув кабидир. Кўпинча келажакда очлик-яланғочлик, беморлик, камбағаллик ва мусибатлар содир бўлади, деб қўрқитилади. Бунақа ишлар шайтон мактабининг ўқув дастурларидир. “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади ва фаҳш ишларга ундайди. Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. (Бақара сураси, 26-оят).

Кўп йиғлоқилар эртага оч қолиши, бир йилдан кейин касалга чалиниши ёки юз йилдан сўнг тамом бўлиб қолиши… кабилардан қўрқади. Умри бошқанинг изнида бўлган одам йўқликдан гаров олиши асло мумкин эмас. Қачон ўлишини билмайдиган кимса ҳақиқати йўқ, ҳали келмаган нарса ила машғул бўлиши ҳам жоиз эмас. То етиб келгунича эртани тарк этинг. Хабарлари ҳақида сўраб ўтирманг, бостириб келувчи машаққатларни ўйламанг. Чунки сиз бугунингиз билан бандсиз.

Ажабланиш керак бўлса, ғамни қарзга олиб нақдга айлантирган, сўнг ҳали қуёши чиқмаган, нури кўринмаган кунда уни насияга тўлайдиган кишилардан ажабланинг. Беҳуда ўйланаверишдан ўзингизни тийинг.

"Ўкинма" китобидан
Шайх Оиз Қарний

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!