Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўққиз васиятлари (3-қисм)

21:20 05.05.2018 460

8. Топганингдан аҳлингга инфоқ қил.

Зотан, аҳли-аёлнинг нафақаси мўмин-мусулмон эр учун вожибдир. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.

Қуръондан далил:

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида:

«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчани юкламас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур», деган (7-оят).

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят).

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида:

«У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», деган (6-оят).

Суннатдан далил:

Имом Муслим, Абу Довуд ва Молик видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».

Муовия ал-Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизда хотинларимизнинг нима ҳаққи бор?» дедим. 

«Таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинти Утба:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар, унга билдирмай олсамгина бўлур», деди.

«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот.

Икки шайх ривоят қилишган.

Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар.

Ақлга солиб кўрилганда ҳам, аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.

Унинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Иккиси бой бўлса, бойники, камбағал бўлса, камбағалники бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам, нафақаси эрга вожиб бўлаверади.

Эрга хотини учун вожиб нафақалар беш қисмдир:

1. Таом.

Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва овқатга қўшиб ейиладиган (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) нарсалар ҳамда овқат пишириш учун кетадиган барча масаллиқ ва ашёлар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.

2. Кийим.

Етарли даражада бир сидра кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва шофеъий мазҳабларида: ҳар олти ойда бир сидра янги кийим олиб берилади, дейилган.

3. Маскан.

Эр ўз хотинини маскан билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти савиясида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган бўлиши, унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.

4. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.

5. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.

Агар эр моли бўла туриб нафақа бермаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Хотин талаб қилса, бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.

9. «Аҳлинг бошига асоингни кўтарма».

Яъни аҳли-аёлингни калтаклама, урма, уларнинг ҳаққида Аллоҳдан қўрқ. Уларни қаровсиз, эътиборсиз қўйма, хорлама ва ноҳақ урма, сўкма ва ҳоказо.

Уламолар: «Бу маънода «кишининг аҳли» деганда хотини, фарзандлари ва хизматчилари англанади», деганлар.

Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар.

Бунга ўхшаш ҳадислар кўп.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳга ширк келтириш мутлақо мумкин эмаслиги.

2. Фарз намозни қасддан тарк қилиш мутлақо мумкин эмаслиги. Ким фарз намозни қасддан тарк қилса, унда Аллоҳнинг зиммаси қолмаслиги.

3. Ароқ (хамр) ичиш мутлақо мумкин эмаслиги.

4. Ароқ (хамр) барча ёмонликларнинг калити экани.

5. Ота-онага итоат қилиш агар улар бу дунёдан чиқиб кетишини буюрсалар ҳам итоат қилиш кераклиги.

6. Ишбошилар билан мансаб талашиш мумкин эмаслиги.

7. Душман билан тўқнашилганда орқага қараб қочиш мумкин эмаслиги.

8. Топганидан аҳлига инфоқ қилиш лозимлиги.

9. Аҳли аёлига зўравонлик қилиш, уларни уриш ва сўкиш яхши эмаслиги.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,
Одоблар ҳазинаси китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!