Ваъзнинг таъсирли бўлиши

00:00 05.08.2018 856

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

“Ҳазрати Шоҳ Исмоил Шаҳид раҳматуллоҳи алайҳнинг бир воқеалари шуки, бир куни Деҳлининг бир жомеъ масжидида чамаси бир-икки соат ваъз қилдилар. Ваъздан бўшагандан кейин у киши жомеъ масжиднинг зиналаридан пастга тушаётган эдилар. Шу орада бир киши югурганча масжидга кириб келди ва у кишининг ўзларидан: “Мавлоно Исмоил соҳибнинг ваъзлари тугаб бўлдими?” деб сўради. У киши: “Ҳа, биродар! Тугаб бўлди” деб жавоб бердилар. У: “Жуда афсусдаман. Чунки, мен жуда узоқдан ваъз эшитишлик учун келган эдим” деди. У киши: “Қаердан келган эдингиз?”, деб сўрадилар. У: “Фалон қишлоқдан келган эдим. Мен у кишининг ваъзларини эшитаман деган ўйда келган эдим. Афсуски, у кишининг ваъзлари тугаб қолибди. Менинг келганим бекор кетди”, дея жавоб берди.

Ҳазрати Мавлоно: “Сен ҳафа бўлма. Менинг исмим айнан Исмоилдир. Кел, бу ерга ўтириб ол” дедилар. Шундай қилиб, уни ўша ердаги зинапояга ўтиргиздилар. Айтдиларки: “Айнан мен ваъз қилган эдим. Мен ваъзда айтган нарсаларимни сенга қайта айтиб бераман”. Шундай қилиб, зинада ўтириб барча ваъзни қайта айтиб бердилар.

Кейинроқ бир киши: “Ҳазрат! Сиз ҳайратда қолдирдингизки, фақат бир киши учун бутун ваъзни қайта айтиб бердингизми?” деди. Ҳазрати Мавлоно: “Мен аввалгисида ҳам фақат бир Зот учун ваъз айтган эдим. Қайта иккинчисида ҳам фақат бир Зот учун айтдим. Бу оломоннинг бирор аҳамияти йўқ. Аввалгисида фақат Аллоҳ учун ваъз қилган эдим. Кейингисида ҳам фақат Аллоҳ учун ваъз қилдим”, дедилар.

(“Ислааҳий хутбаат” китобидан. 9-жилд, 226-бет.)

Абдулқайюм КОМИЛ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!