“Виртуал никоҳ” нима? Унинг оқибатлари ва жоиз эмаслиги

10:00 24.03.2019 1651

Замонавий алоқа воситалари, жумладан, интернетдаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг муносабатлари ва тараққиётнинг бу маҳсулидан фойдаланиш хусусида кўп гапирилди. Таъкидлаш жоизки, мобил алоқа воситалари ҳаётимизга кириб келганига кўп бўлгани ва улар билан боғлиқ маданият инсонларда шаклланганига қарамай, ҳануз бу борада кишини жиддий ўйга толдирадиган салбий ҳолатларга дуч келиняпти.

Элимизда оила тушунчаси муқаддас ҳисобланади. Шу сабабдан оилавий муносабатларга жиддий қаралади. Урф-одатларимизга кўра, келин ёки куёвликка номзоднинг насл-насаби, саломатлиги, ижтимоий аҳволи обдон сўраб-суриштирилади. Совчилик, “Маслаҳат оши”, “Унаштирув”, “Фотиҳа тўй” каби урф-одатларнинг замирида бахтли никоҳ, мустаҳкам оила барпо этиш муддаоси ётади. Афсуски, давримизга келиб, замонавий техника ва ахборот воситалари миллий қадриятларимизга раҳна соляпти. “Виртуал танишув”, “Виртуал дўстлик", “Виртуал севги” каби ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар сирасига “Виртуал никоҳ” жумласи ҳам кирди. Ҳа, янглиш ўқимадингиз, айни пайтда “Виртуал никоҳ” жумласи интернет фойдаланувчилари орасида янгилик эмас. Таассуфки, муқаддас никоҳ муносабатига жиддий қарамайдиганлар ижтимоий тармоқларда “турмуш қуриб”, “ажрашиш”га ҳам улгуришяпти.

Воқеа: Оиласи билан АҚШга иш важидан кетган аёл, бироз вақт ўтиб эрининг ичкиликка ружуъ қўйгани ва масъулиятсизлигини рўкач қилиб ажрашмоқчи бўлди. Уч фарзанди борлигини эслатиб аёлни йўлдан қайтаришга уринганларга, эрининг болалари келажагини рўкач қилди. Оила пароканда бўлди. Бироз вақт ўтиб аёл асли ўзбекистонлик бўлган, Кореяда иш важидан яшайдиган эркак билан танишди. Изоҳ сўраганларга, “Тушкунликда эзилиб юрган пайтларимда тақдир менга бахтимни йўлиқтирди”, деди. Эркак хотини вафот этиб, икки фарзанди билан қолганини, болалари Ўзбекистонда, онасининг қарамоғидалигини айтиб аёлни хотиржам қилди. Бир муддат интернетда ёзишиб, видеомулоқотларда гаплашиб юришгач, эркак аёлга турмуш қуришни таклиф қилди. Никоҳ ўқитиб қўйишса, кўнгли хотиржам ишлаб, маблағ топиб АҚШга боришини ваъда берган эркакнинг таклифи аёлга маъқул тушди. Скайп орқали никоҳ ўқилди. Бир йил мобайнида “эр-хотин” ижтимоий тармоқларда гаплашиб юришди. Кутилмаганда эркак Кореяга ишлагани борган бир ўзбек аёлга уйланганини айтиб, электрон почта орқали талоқ хати ёзиб юборибди. Бунга чидолмаган аёл бетоб бўлиб ётиб қолди. Орадан бироз вақт ўтиб интернетда туркиялик бир эркак билан танишган аёл ўтмишдаги виртуал никоҳини унутди. Туркиялик оиласидан ажрашганини, икки фарзанди борлиги, бир боласи ўзи билан қолганини айтди. Эркак аёлни аврай туриб: “Бегона аёл билан эркакнинг ҳар қандай муносабатлари ҳам гуноҳ бўлади. Сиз билан хотиржам гаплашишим учун ҳалолим бўлишингиз керак”, деб телефонда ўзларига ўзи никоҳ ўқиб қўя қолди. Бир ҳафтадан кейин Туркиядан аёлнинг АҚШдаги ижара уй манзилига никоҳ узуги солинган жўнатилма борди. Бу воқеага икки йил бўлди. Аёл виртуал “эр”ини ҳаётда бир марта ҳам кўрмаган. Лекин у ҳақида гапирганида, “Турмуш ўртоғим болаларингга ўзим оталик қиламан деяптилар” деб энтикиб гапиради...

Мулоҳаза: Ҳар доим ёнида юриб, ўз пушти камаридан бўлган зурриётларига оталик қилолмаган эркакдан куйган аёл, қайси ақл, қайси тафаккур билан ҳаётда бир бора кўрмаган, феъл-атворини билмаган етти ёт бегона эркак болаларига оталик қилишига ишоняпти? Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейдилар. Қалб кўзи сўқирлар эса ҳаёт йўлининг ҳар қадамида ҳассасини йўқотаверса ҳам ҳушёр тортмайди...

Хорижда

“Виртуал никоҳ”лар хусусида islom.uz сайтида қуйидаги мулоҳазалар келтирилган:

АҚШда истиқомат қилаётган Асад Фаҳурий ва Ливаннинг Тир шаҳридан бўлган унинг рафиқаси Хаура Саид Skype орқали никоҳ ўқитди. Никоҳ ўқилиши жараёнини уларнинг жуда кўп дўстлари ва қариндошлари гувоҳ бўлишди. Асад ва Хауранинг воқеаси шунга ўхшайдиган жуда кўп воқеаларнинг биттаси, холос. Ёшлар аввал танишади, сўнг эса, никоҳларини ҳам интернет орқали ўқитиб олишади. Баъзилари камбағалликдан, баъзилари эса "беъмани" урф-одатдан чарчаганидан, бошқалари эса ўзларини жуда замонавий қилиб кўрсатиш учун ҳам шундай қилишади. Никоҳнинг осон ўқилиши ва ажрашиб кетишлар ҳам осон бўлиши маълум маънода хавотирга сабаб бўлмоқда.

2013 йили Мадина шаҳрининг маҳкамаси эридан уч марта “талоқ” деб айтилган овозли хабар олган аёлнинг никоҳини бекор қилди. Саудияликнинг енгилтаклиги судя Муҳаммад Жизланийни шу даражада ғазаблантирдики, у никоҳ ва талоққа енгилтаклик билан қарайдиганлар учун жиноий иш қўзғашни талаб қилди. Шундай бўлса ҳам, бунга ўхшаб талоқ берувчилар “тасодифан”, билмасдан бу ишни қилиб қўйди, деб айта олмаймиз. Икки йил олдин Тожикистонда СМС орқали талоқ бериш жуда кўпайиб кетгани бунга мисол бўла олади. Россияда ишлаб юрган тожикистонликларнинг сони бир миллион атрофида экани айтилади. Кўпинча, ишга яхши ўрнашиб олган ва топиш-тутиши яхшиланган эркаклар янги жойлардан ўзларига осонгина жуфт топиб олишмоқда ва олдинги хотинларига СМС юбориб осонгина ажрашиб кетишмоқда.

Фақат истисно тариқасида

Никоҳ ўқитмоқчи бўлганлар қандай талабларга риоя қилишлари керак? Никоҳ ўқитиш учун телефондан фойдаланган маъқулми ёки Skypeданми? Гувоҳлар никоҳ ўқитилаётган вақтда куёвни кўришлари шартми? Ва ниҳоят, энг муҳими: шариат бундай никоҳларга рухсат берадими?

– Исломда “виртуал никоҳлар” истисно тариқасида ҳамда баъзи шартлар билан жоиз, дейди Москва Ислом университетининг Исломий илоҳиёт бўлими декани Муҳаммад Басир Ҳасанов. — Никоҳ ўқиётган одам, куёвни шахсан таниши ёки у ҳақида ўта ишончли одамлардан билиши керак, дейди Олим. Унинг сўзига кўра, у “интернет никоҳлар” билан ҳали дуч келмаган. Бироқ телефон орқали никоҳлар оддий ҳолатга айланди. Айниқса, унга қамоқда бўлганлар шу масалада кўп мурожаат қилишар экан, чунки уларда бундан бошқа йўл йўқ. СМС орқали талоқ жоиз (мумкин) эмас, деб қўшимча қилади Ҳасанов:  – Чунки, телефонингизни кимдир олиб хаёлига келган нарсаларни ёзиб, юбориши ҳам мумкин-ку! Мусулмон уламоларининг бу масала бўйича ўта эҳтиёткорлик билан ёндошишларини тушунса бўлади. Чунки, бегона одам телефон ёки компютерингизга эгалик қилишидан ташқари, талоққа тегишли сўзларни ўхшатиб ясаши (монтаж қилиши) ҳам мумкин. Замонавий техника воситаларида бу ишни осонгина амалга оширса бўлади. Эҳтимол, алоқа воситаларининг яна-да ривожланиши билан виртуал никоҳлар ва талоқларга чек қўйилса керак...

Алдамчи ҳаёт ширин туюлади

Интернетда “Виртуал никоҳ”, “Виртуал оила” қуришга ишонадиганларнинг руҳий муаммоси борлиги аниқ. Кўп ҳолларда реал ҳаётдан қўрқадиган, руҳан ёлғиз ва ўта иродасиз кишилар бундай сохта муносабатларга чув тушишади. Тушкунлик пайтда, уларни ёлғиз қолдирмаган маъқул. Чунки шундоқ ҳам руҳий исканжа ҳолатида бўлган инсонни виртуал муносабатлар реал ҳаётдан узоқлаштириб, жамиятдан ажратади. Муаммоларни бадтар чигаллаштиради. Табиийки, виртуал ҳаётга берилганларга, бошқалар телбага қарагандай қарашади. Оқибатда руҳий тушкунликдаги одам ёнидагилардан узоқлашиб, виртуал “яқин”ига осонгина боғланади. Виртуал муносабатлар инсон, айниқса, шахсий ҳаётдан омади чопмаган кишига таъсири осон кечиши сабаби шундаки, бу оламда инсон ўзи хоҳлаганидек яшайди. Албатта, алдамчи ҳаёт ширин туюлади. Иродаси ожиз киши виртуал муносабатларга муккасидан кетади. Бу – кўнгилга юк ва зарба бўлади. Шунинг учун ҳам виртуал муносабатлардан узоқлашган ва бунга жиддий қарамаган маъқул. Ҳаётда ҳар хил ҳолат, вазият бўлиши, инсон баъзан тушкунликдан қаттиқ азият чекиши, чалғиш ва ўзини овутишга бирор нарса топишни исташи табиий. Шундай ҳолатларда ижтимоий тармоқлар, виртуал танишувлардан эмас, ҳақиқий ўзингизни ўраб турган муҳитдан, ҳаётдан завқ олишга урининг. Одамлардан қочиб, узоқлашишни истаган одам эса китобдан яқинлик ва дўстлик истагани яхши самара беради. Тушкунликда китоб ўқиш — энг фойдали машғулот. Биринчидан, фикри ёдингизни банд қилган салбий ўй-хаёллардан чалғийсиз. Иккинчидан, китоб ўқиш мобайнида мия бошқа пайтдагидан кўра фаолроқ ишлайди. Балки, мутолаа жараёнида вазиятдан чиқиш йўлларини топарсиз. Энг асосийси, китоб ўқиш руҳий зўриқишни енгишда ёрдам беради. Тушкунлик ва нохуш кайфиятда иложи борича интернетдаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаган маъқул.

Мулоҳаза: Миллий қадриятларимизда, инсон ўз нафси кўйида билганича яшашга ҳақли эмас. У атроф билан ҳисоблашиб яшашга мажбур. Зеро, Ислом динида танимаган-билмаган одамга гувоҳлик бериш, яқин инсонларга маълум қилмаган, ота-она ёки унинг ўрнини босувчи кишиларнинг рози-ризолигисиз никоҳ ўқитиб турмуш қуриш мумкин эмас. Ҳолбуки, никоҳ Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳд бўлади. Бугун бу неъматга нисбатан енгил-елпи қараш, шунчаки эрмак қилиш Аллоҳга ва Унинг шариатига нисбатан ҳурматсизлик саналади. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таолонинг бандаларига ҳалол қилиб берган нарсалари ичида Унинг ғазабини, нафратини қўзғатадигани – талоқдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

ҲИКМАТ

 "Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда иш айнан интернет орқали никоҳланишгача етиб бормаслиги керак.  Баъзи одамлар турли сабабларга кўра, телефон ёки интернет орқали шаръий ақди никоҳ қилишни (биздаги никоҳ ўқитишни) ўзларига раво кўришмоқда. Баъзилар эса бу ишнинг шариатда жоиз ёки жоиз эмаслигини сўрашади. Яна бирлари бу ишни амалга оширганлари ҳақида хабар беришади. Ушбу масалада уламолар орасида ҳам бир оз ихтилоф бор. Аммо кўпчилик янги алоқа воситалари, жумладан, интернет орқали никоҳланишга рухсат бермайди. Улар бунда никоҳнинг шартлари, жумладан гувоҳлар мавжуд бўлмаслигини далил қилишади. Яна ҳам чуқурроқ кетганлар эса: “Ҳамма шартлар мавжуд бўлса ҳам мазкур воситалар ила никоҳ ўқитиш дуруст эмас. Чунки бу иш никоҳнинг муқаддаслигига путур етказади”, дейди. Улар Аллоҳ таоло ийжоб ва қабулни, гувоҳлар ҳозир бўлишини ва бошқа шартларни бежизга жорий қилмаган, дейишади" ("Ижтимоий одоблар" китоби, 259-бет)

Сўнги сўз ўрнида

Инсон ёлғизликда бахт топмайди. Ҳақиқий ҳаловат ва саодат оилавий муносабатларнинг рисоладагидек бўлишида. Шунинг учун момоларимиз никоҳдан олдин совчилик удумига жиддий қарашган. Замонавий техника воситаларидаги танишуву мулоқотлар асрлар давомида сайқалланиб келаётган миллий қадриятларимизни емиришга ҳақли эмас. Бу ҳақиқатга ҳар бир мўмин банда ҳурмат билан амал қилса, дунёдаги бахтиёр оилалар кўпаяди, уларнинг Яратган Раббиси ҳузурида юзи ёруғ бўлади, иншааллоҳ.

Умида АДИЗОВА тайёрлади    

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!