Вестготлар қироли Қирол Аларих биринчи

19:00 06.02.2019 973

«Вестготлар қироллигининг тарихи диний кураш орқали шаклланиб борган. Вестготлар, ўша даврнинг қолган герман халқлари каби арийчи халқ бўлган. Арийчилар Исони Худо томонидан яратилган банда сифатида кўришса, Рум черкови, аксинча, Исонинг илоҳийлигига эътиқод қилган».

«Жаҳон монархиялари ва уларнинг сулолари» Тарихшунос олим Жон Мидлтон

Тўртинчи аср хотимасида кутилмаганда диний-сиёсий кучлар мувозанатини ўзгартириб юборган ғаройиб ҳодиса рўй берди. Буюк император Константиуснинг раҳнамолиги ва ҳомийлиги остида курраи заминдаги ўша давр муваҳҳидларининг етакчиси Евсевий Никомедий томонидан кўп йиллар муқаддам шошмасдан, авайлаб экилган уруғлардан бири катта ҳосил берди. Евсевийнинг ўзи 341 йили вафот этган бўлса-да, меҳнатининг ҳосиласи – готларнинг герман қабиласига мансуб европалик қаҳрамонлардан бири исломга кириши бўлди. Уни немис халқининг миллий қаҳрамони дея дадил айтиш мумкин. Унинг исми Вульфила бўлиб, қадимий готлар тилида «бўривачча» маъносини англатган. Евсевий Никомедийнинг мактабида таҳсил кўрган Вульфила Европа бўйлаб сафар қилар экан, бир герман қабиласидан иккинчисига ўтиб Исонинг ягона Худога эътиқод қилишга доир асл таълимотининг мазмун моҳиятини тушунтирганча, бут ва санамларга эътиқод қилишни бас қилишга даъват этган. Шу тариқа асл эътиқод у ёки бу даражада герман қабилалари орасида оммалаша бошлаган.

Тринитаризмга эътиқод қилган Византия империяси қўшинлари якка худоликка эргашган гот қабиласи ва бошқа герман қабилаларини таъқиб қилишга киришди. Ўша давр римликлари билан герман қабилалари ўртасидаги урушларнинг узоқ чўзилгани айнан шу сабаб билан изоҳланади. Католик тарихшунос олим Григорий Турскийнинг тавсифига кўра, диний омил римликлар ва герман қабилалари ўртасида узоқ чўзилган урушларнинг сабаби бўлган. Вульфила гот қабилаларига муваҳҳидлик таълимотини сингдиргач, герман қабилалари ушбу таълимотни узоқ-яқин қўшниларига тарқатишиб, насроний қиролликларга асос солишга киришишди ва бу қиролликларнинг ҳар бири арийчи (исломий) давлат бўлди. Уларни истаганча аташ мумкин, муҳими ўша қиролликларда якка худоликка Исо таълимотига мувофиқ эътиқод қилинган, маҳаллий аҳоли Худонинг ягоналигига, Исо эса Худонинг яратган бандаси эканлигига ишонган. Бундай қиролликларнинг энг биринчиси Вестготлар қироллиги бўлган.

Вестготлар қироллиги. Шундай қилиб, айнан ўша замонда улар орасидан, Аллоҳнинг иродаси ила ўз халқининг, кейинчалик бутун Европанинг тарихини тубдан ўзгартириб юборган буюк бир қаҳрамон чиқди. У қирол Аларих I эди. Арийчи қирол Аларих I ўз халқини бирлаштириб, қудратли армия тузишга эриша олди. Унинг армияси шу кунга келиб Европа ҳудудининг йирик қисмини босиб олган Византия подшолиги қўшинларига қарши тура билди. Арийчи готлар ўз қироли Аларих I қўмондонлиги остида бир қатор жангларда қатнашиб Рим империясининг тумонат қўшинларини тор-мор келтирди ва Византияга қарам бўлмаган мустақил европа давлатига тарихда илк бор асос солишди. Аларих I нинг Болгария шимолида турган қўшини аста-секин Европанинг ғарби томон илгарилаб бораверди. Ушбу қўшин 395 йили Юнонистон пойтахти Афинани забт этиб, тринитарчи римликлар томонидан қатағон қилингунча Болқон халқларининг аксарият қисми каби якка худоликка эътиқод қилган грекларнинг кўпчилигини озодликка чиқарди.

Аларих I афсонавий Рим шаҳрига қадам-бақадам яқинлашиб борди. Бунёд этилганига саккиз юз бўлган ушбу кўҳна шаҳарни ҳали биронта ташқи душман забт эта олмаган. Рим империясининг бош шаҳри ҳисобланган. Босиб олишга уринган ҳар қандай душман ҳамиша енгилиб келган келган эди. Ҳатто карфагенлик машҳур лашкарбоши Ганнибал ҳам Римни эгаллай олмаган. Шу сабабдан римликлар ўз шаҳрини «Мангу шаҳар» деб аташар ва бу билан уни ҳеч ким забт эта олмаслигига шама қилишар эди.

Бироқ бу ҳолатга Аларих I чек қўйди. Ушбу саркарда 410 йили тарихда илк бор Римни забт этишга муваффақ бўлди. Римликлар узоқ йиллар давомида орттирган бойликларининг маълум қисми готлар томонидан қайтариб олинди. Аслида, Аларих I фақат Римни забт этиш эмас, янада юксак мақсадни кўзлаган. Ўз ғалабалари билан у тринитарчи римликларнинг зулмидан нажот қидираётган муваҳҳид европаликларга Ватан топиб беришни хоҳлаган, ушбу Ватанда улар римликларнинг ҳамласидан хафсирамай тинч яшашини орзу қилган.

Шундан сўнг, арийчиларнинг доҳийси Аларих I ўз қўшинини Италиянинг жануби томон йўллаб, кетма-кет олинган шаҳарларни римликлар ҳокимиятидан озод қилиб борган. Бироқ буюк саркарда,  қирол Аларих I 410 йили, яъни Римни забт этган йили Италиянинг жанубидаги Калабрия шаҳрига етиб вафот этди.

Аларихнинг вафотидан сўнг салтанатни Атаульф мерос олди. Қирол Атаульф бошқарган гот қўшини Ғарбий Европанинг энг чекка ерларигача етиб борди. Шундан сўнг, Атаульф бугунги олти давлат: Испания, Португалия, Франция, Гибралтар, Монако ва Андорра ҳудудини қамраб олган давлатга асос солди. Франциянинг Тулуза шаҳри янги тузилган арийча қиролликнинг пойтахти бўлди. Вестготлар қироллигини Атаульфдан кейин бир ярим аср давомида якка худоликка эътиқод қилган қироллар бошқарди. Шулардан бири Европа қитъасида бугунги кунда ҳам афсонавий қаҳрамон саналадиган Теодорих I дир. Айнан мана шу мусулмон қиролнинг жасорати атоқли инглиз ёзувчиси Жон Рональд Руэл Толкиенга ўзининг машҳур «Узуклар ҳукмдори» дея номланган қаҳрамонликларга бой эпопеясида Рохан қироли Теоден образини яратишга илҳом бахш этган.

Шунингдек, якка худоликка эътиқод қилган готлар қироли Теодорих II ни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Ушбу қирол Португалиядаги свевлар халқига муваҳҳидлик дини амалиётини ўргатиши учун Аякс исмли миссионерни юборган. Ушбу тарғиботчи мусулмоннинг меҳнати натижада свевларнинг бари исломга кириб, уларнинг Португалиядаги қироллиги ўнлаб йиллар давомида арийча қироллик бўлиб келади. Вақт ўтиб аллақандай жумбоқли ҳодиса рўй берадию, ушбу қироллик сирли равишда католиклар мазҳабига кириб қолади. Узоқ давом этган изланишларим шуни кўрсатмоқдаки, свевлар қироллигининг арийчилик даври ва ундан кейинги даврларга тааллуқли архив материаллари атайин йўқ қилиниб, аждодлари асос солган қироллик, аслида исломий давлат бўлгани ҳақидаги маълумотлардан воқиф бўлиш имконидан шўрлик португаллар маҳрум бўлган.

586 йили муайян сиёсий сабаблар туфайли Реккаред I исмли қироли котолик мазҳабига кириб олгунча Вестготлар қироллиги 150 йил давомида арийча давлат бўлиб келган. Шундан сўнг, арийчи насронийлар ва яҳудийлар тринитарчи католиклар томонидан қатағон қилинади.

Бу ҳодисани фикр тарозисидан обдон ўтказиб кўринг, чунки ушбу исломий қироллик қулашидан 17 йил муқаддам Арабистон яриморолида ўғил бола туғилган бўлиб, унга Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам исми берилган бўлади. Яна 20 йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб, ўша йигитча дунёга Ислом динини олиб келади. Заминида исломий арийчи идора тизимига барҳам берилганидан кейин 120 йил ўтиб, Ислом динига эътиқод қилган мусулмонлар Андалусияга яна якка худолик динини қайтаришади. Шундай экан, арийчилик тарихининг чуқур англаб етилиши биз учун муқаддам жавоби топилмаган кўпдан-кўп тарихий жумбоқларни фош этади. Бундай жумбоқлар жумласига мусулмонларнинг Андалусияни осонликча забт этгани киради. Биринчи фотиҳ мусулмонлар томонидан намоён этилган мардлик ва жасорат намуналарининг назар-писанд қилинмаслигига йўл қўйиб бўлмайди, албатта. Бироқ шуни тушуниб етмоқ жоизки, атиги бир неча ой ичида мураккаб, тоғ йўлларидан иборат Андалусиядек катта ҳудудни забт этиб, унинг шаҳарларининг тўла-тўкис бўйсунишини таъминлаш осон кўчмайди. Айниқса, мусулмонлар сон жиҳатдан оз бўлгани инобатга олинадиган бўлса! Уларнинг ўлимдан қўрқмас қаҳрамонлар эканлигини ҳаммамиз эшитганмиз, албатта. Бироқ бу ҳолат ўзаро ёрдам, манфаат асосида тузилган стратегик иттифоқ омилини инкор этмайди. Зеро, ушбу омиллар уйғунлиги ғалабага тез ва осон эришишнинг сабаби сифатида хизмат қилди.

Асарнинг мазкур бобини битишга ҳозирлик кўрар эканман, ғарб манбаларидаги, мени кучли тўлқинлантириб юборган бир маълумотга дуч келиб қолдим. Аниқланишича, қироллик ҳаётининг сўнгги йилларида тринитар насронийликни қабул қилган қиролларининг зулмидан қочиб жон сақлаган европалик муваҳҳид вестготлар Мағрибда яшаган экан. Ва айнан ана шу қочқин вестготлар орасидан чиққан арийчилар Андалусияни забт этишга отланган мусулмонларга яқиндан ёрдам кўрсатиб, зарурий маълумотларни етказиб турган экан. Ўша ғарб манбаларида айтилишича, вестготларнинг кўпчилиги Сеут ҳокими Юлианга илтимос қилиб, бошпана сўрашган. Юлиан эса Тариқ ибн Зиёдга Андалусияни забт этишга амалий ёрдам берган ҳукмдор бўлган, хусусан денгиз ошиб ўтиши учун Тариқ ибн Зиёдга кемалар берган. Бу ҳақда кейин ҳикоя қиламиз. Андалусиянинг мусулмонлар истилосидан олдинги тарихи билан танишиб чиққач, нима учун маҳаллий яҳудийлар Андалусия мусулмонлар томонидан забт этилишини маъқул топишганини тушуниб етамиз. Гап шундаки, сефардлар – Андалусия ва Пириней яримороли яҳудийлари якка худоликка эътиқод қилган арийчи вестготлар ҳукумати даврида тинч ва эркин яшаб келишган.

Қироллик ҳокимлари Реккаред Биринчига эргашиб католик мазҳабига кириб олишгач, ҳозирги Испаниянинг Толедо шаҳрида бир қатор диний соборлар ўтказишган. Учинчи Толедо соборидан эътиборан католиклар яҳудийларни католик мазҳабига мажбуран киритиш мақсадида таъқиб қилишга доир бир қатор қонунлар қабул қилишди. Иш охир-пировардида шу даражага бориб етдики, яҳудийларга қул сифатида қаралиб, фарзандлари тортиб олинди. Яҳудийларнинг тринитарчилар томонидан бундай қатағон қилиниши насроний манбаларда келтирилган маълумотларни биз учун тушунарли қилиб қўяди. Ўша манбаларда яҳудийлар Андалусияни забт этиш ва истило қилинган шаҳарларни қўриқлаш масаласида мусулмонларга яқиндан ёрдам бергани ҳақида гап боради. Шунингдек, исломий манбаларда келтирилган маълумотлар мазмуни ҳам бизга янада тушунарли бўлиб қолади. Зеро, уларда айтилишича, мусулмонлар ўзлари истило қилган шаҳарларга яҳудийларни жойлаштириб, уй-жой билан таъминлаган экан.

Андалусияни забт этишда мусулмонларга ёрдам берган яҳудийларга нисбатан амалга оширилган қатағонни оқлашга уринган католиклар ё ҳаддан ортиқ бўртиб кўрсатади, ё тўла-тўкис инкор этади. Аммо ғарб манбалари ва исломий манбаларнинг бир масалада якдиллиги кузатилади: Андалусияни забт этиш ва истило қилинган шаҳарларни қўриқлаш масаласида яҳудийлар халоскор мусулмонларга кам деганда логистик ёрдам кўрсатишгани аниқ.

Андалусияликлар биринчи мусулмон фотиҳларни шошилинч равишда қабул қилишганига, афтидан, маълум маънода, жамоатчиликнинг таъсири бордек. Бу омил авваламбор, асосий қисми 150 йилдан ортиқ вақт давомида муваҳҳид бўлган вестготлардан иборат Андалусия аҳолиси ўз ҳаёти ва қалбида якка худолик амалиётининг асосларини сақлаб қолганидан иборат. Шубҳа йўқки, аксарият арийчилар ўзининг муваҳҳидлик маслагини тринитарчи қироллари олдидаги қўрқув сабабли бекитишган. Ва айнан мана шу ҳолат Андалусиянинг туб аҳолиси, ушбу заминда 800 йилдан буён барҳаёт сақланган ислом маданиятига тез қўшилиб кетишига ва кўплаб вестготлар исломни қабул қилишига туртки берган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, Ислом дини инсон табиатидаги юксак маънавий сифатларни шакллантириб, тарбиялайди, шариати амал қилиш жиҳатидан қийин кечмайди, эътиқод масалалари соғлом ақл идрок этиши учун тушунарли, мусулмонлар сафига қўшилаётган одамларнинг аждоди муқаддам якка худолик динига эътиқод қилиб келган халқлар орасидан келиб чиққан бўлиши шарт ҳисобланмайди. Бироқ ҳаёт ҳақиқати шундан иборатки, инсон ўз табиатига кўра шу чоққача унга номаълум бўлган нарсаларга душманларча, эҳтиёткорона муносабат билдиради.

Балким, Андалусиядаги муваҳҳид арийчиларнинг ушбу тарихи айрим исломий ғалабалар тарихини тушуниб етишимизга омил бўлар, валлоҳу аълам.

Ушбу давлат ўзининг Андалусия деган номига қандай эга бўлди? Ўша даврда барпо этилган арийчи муваҳҳидларнинг давлатларига нима бўлган? Африка шимолида арийчилар давлатига асос солган, Римни забт эта билган европалик муваҳҳид қирол ким экан? Ушбу арийчи қирол Рим флотига (Ўрта денгиз тарихида муқаддам бўлмаган энг қудратли флотга) талафот етказган денгиз муҳорабасининг тарихи қандай бўлган?

Жиҳод Турбанийнинг
“Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси” китобидан
Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!