Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун: Халқаро экспертларнинг Қўшма Хулосаси инобатга олинмаган

4866

Ўзбeкистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси Олий Мажлис Сенатида маъқуллангани ҳақида хабар берган эдик[1].

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари 2020 йил 6 август куни мазкур Қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқларининг халқаро стандартларига ва Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) мажбуриятларига мувофиқлиги бўйича хулоса беришини сўраб мурожаат қилган эди. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Европа Кенгашининг “Қонун орқали демократия” Европа Комиссияси ушбу мурожаатга ўз хулосаларини тақдим этди[2].

Мазкур мурожаатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Венеция Комиссияси ва ЕХҲТ ушбу Хулосани биргаликда тайёрлашга келишиб олган эдилар. Бундан асосий мақсад – Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги босқичга кўтарилаётганлигини ҳамда Ўзбeкистон Республикасининг Конституцияга мувофиқ халқаро ҳуқуқ нормаларининг маҳаллий қонунчиликдан устунлигини сўзсиз тан олинганлигини билдириш ҳам эди.

Қўшма Хулосада Қонун лойиҳасининг Ўзбекистон Республикаси учун мажбурий бўлган дин ёки эътиқод эркинлиги ва уюшиш эркинлиги билан боғлиқ халқаро стандартларга, шунингдек, ЕХҲТнинг ушбу соҳадаги мажбуриятларига мувофиқлиги таҳлил қилинган.

Қўшма Хулоса Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафаев билан бўлган фикр алмашинувларидан кейин Венеция Комиссиясининг 124-сонли онлайн тарзидаги ялпи йиғилишида (2020 йил 8-9 октябр) қабул қилиниб, кўплаб нормаларга ўзгартириш киритилиш лозимлиги таъкидланади. Биз улардан атиги иккитасига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Биринчидан,  Қонун лойиҳасининг 3-моддаси 5-бандидаги ва 11-моддасидаги "хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш" тақиқланиши белгиланганлиги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Европа Кенгашининг “Қонун орқали демократия” Европа Комиссиясининг қуйидаги  халқаро ҳуқуқ нормалари инобатга олинмаганлигини таъкидлайди:

  1. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари бўйича Халқаро пактнинг 18-моддасида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси (Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси)нинг 9-моддасида ўз динига ёки эътиқодига жамоавий ёки хусусий равишда - якка тартибда ёки бошқалар билан биргаликда - "ўқитиш" орқали амал қилиш ҳуқуқи назарда тутилган.
  2. Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 1981 йилги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Декларациясининг 5-моддасида барча болаларга "ота-оналарининг хоҳишларига биноан дин ёки эътиқод масалаларида таълим олиш ҳуқуқи" алоҳида кафолатланган, 6-моддасида эса "дин ёки эътиқодни шу мақсадга мувофиқ жойларда ўргатиш" ҳуқуқи кафолатланган[3].

 Қонун лойиҳасида эса хусусий жойлар нима учун дин ёки эътиқодни ўргатиш учун мос келмаслиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Шундай қилиб, Қонун лойиҳасининг 11-моддасидаги диний амалиёт ва ахлоқий хатти-ҳаракатлар асосида фақат ота-оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ўқитишга рухсат берувчи чеклов мақсадга номутаносибдир ва "демократик жамиятда   зарур" бўлиш талабига жавоб бермайди ҳамда модда бутунлай, тўлиғича қайта кўриб чиқилиши керак, - дейилади Қўшма Хулосада.

Иккинчидан, Қонун лойиҳасининг 12-модда 4-бандида ҳар кимнинг "диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим" олиш ҳуқуқи ва 20-моддасида диний таълим муассасасига шахс мажбурий ўрта таълимни олганидан кейингина қабул қилиниши мумкинлиги айтилган. Видеоконференциялар пайтида давлат органлари вакиллари томонидан тасдиқланганидек, бу Ўзбекистон Республикасида бошланғич ва ўрта диний таълим муассасаларини яратиш учун имкониятлар мавжуд эмаслигини ва диний таълим муассасаларида фақат профессионал диний таълим олиб борилишини англатиши ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Европа Кенгашининг “Қонун орқали демократия” Европа Комиссияси қуйидаги  халқаро ҳуқуқ нормаларининг инобатга олинмаганлигини англатади:

  1. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг (ИИМҲХП) 13-моддаси 3-бандига мувофиқ, Иштирок этувчи давлатлар «ота-оналарнинг ва тегишли ҳолларда қонуний вакилларининг фарзандлари учун ҳукумат томонидан ташкил этилган мактаблардан бошқа ўрнатилиши ёки тасдиқланиши мумкин бўлган минимал таълим стандартларига жавоб берадиган ва фарзандларига ўз эътиқодларига мувофиқ диний-ахлоқий таълим берадиган давлат органлари томонидан ташкил этилган мактабларни танлаш эркинлиги ҳуқуқи ҳурмат қилиниши керак".
  2. Ота-оналарнинг ўз эътиқодига мувофиқ ва боланинг қобилиятларини ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда ўз фарзандларининг ахлоқий ва диний таълимини таъминлаш ҳуқуқи – ФСҲХПнинг 18-моддаси 4-бандида назарда тутилган дин ёки эътиқод эркинлигининг асосий элементларидан биридир. Бу давлат мактабларида ихтиёрий диний таълим олиш ёки расмий диний таълим олиш учун бошқа имкониятларни назарда тутади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ота-оналар принципиал равишда ўз фарзандларини бошланғич ва ўрта махсус диний мактабларга беришлари ёки расмий диний таълим олиш учун бошқа имкониятларга эга бўлишлари керак.

Бу ҳолат Қонун лойиҳасида назарда тутилмаганлигини ҳамда бу осонликча таъсир ўтказиш мумкин бўлган ёшдаги вояга етмаганларни ҳимоя қилиш зарурлигига эътибор қаратиш лозим, - дейилади “Қонун орқали дeмократия” Европа Комиссияси (Вeнеция Комиссияси) ва ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Қўшма Хулосасида.

Хулоса шуки, Қонун лойиҳасида хусусий диний таълимнинг тақиқланиши ва дин, эътиқод эркинлигининг асосий элементларидан бири бўлган ахлоқий ва диний таълимни таъминлаш ҳуқуқи халқаро ҳуқуқ нормаларига ва айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид ҳисобланади.

 

Фаррух Мўминов,

ҳуқуқшунос

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Виждон эркинлиги динсизликни тарғиб қилишми?

901 13:45 06.07.2022

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун чуқурроқ ўрганилади

3618 20:25 14.07.2021

«Халқаро ҳужжатларда диний таълим ҳуқуқи деган нарса йўқ» – Адлия вазири

4169 13:21 10.07.2021

Адлия вазири: «Ўз вақтида «ибодат либоси»га таъриф беролмаганмиз...»

3651 12:09 10.07.2021

Мавзу: «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар»

1495 11:30 10.07.2021

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»

3306 16:40 06.07.2021
« Орқага