«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади

15:20 18.09.2018 6089

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади. Адлия вазирлиги ушбу қонуннинг янги лойҳасини ишлаб чиққани ҳақида«Турон24» хабар бермоқда. Бу лойиҳа ҳозирда чет эллик мутахассислар муҳокамасидан ўтмоқда. Бу ҳақда 17 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкентда бўлиб ўтган «Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси» анжуманида хабар берган.

Анжуманда АҚШнинг халқаро диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Дейл Браунбек бошчилигидаги делегация ҳам қатнашган.

Содиқ Сафоев янги таҳрирда қабул қилинаётган қонун лойиҳаси муҳокамасига америкалик мутахассисларни ҳам жалб қилишни таклиф этди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар ҳақида юқорида гапириб ўтишди. Ҳозир Ўзбекистонда ҳар томонлама ислоҳотлар кетмоқда. Айниқса, диний эркинлик ва бағрикенглик борасида ҳам бир қатор амалий ишлар амалга оширилди. Хусусан, Адлия вазирлигимиз «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда таёрлаб қўйган," – деди Содиқ Сафоев ўз маърузасида.

«Ушбу ҳужжат муҳокамасига АҚШлик дин борасидаги мутахассислар ҳам ўз фикрини билдирса яхши бўлар эди», – деди у АҚШ делегациясига.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун 1991 йилда қабул қилинган. Унга СССРнинг 1990 йилдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни асос қилиб олинган. Кейинчалик (1993, 1998) муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Диний соҳани, дин ва давлат муносабатларини тартибга солувчи ушбу қонун Конституциядан сўнг энг муҳим ҳужжат ҳисобланади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!