Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) 20 йиллик фаолияти давомида дунёда кенг эътирофга сазовор бўлди ва халқаро майдонда ишончли шерик сифатида тан олинди. Бу ҳақда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби Владимир Норов чоршанба куни ташкилотнинг 16-17 сентябр кунлари Душанбеда бўлиб ўтиши кутилаётган юбилей саммити олдидан маълум қилди.
«Бугун ШҲТ ўз фаолиятида муҳим натижаларга эришди, нуфузли ҳукуматлараро минтақавий ташкилот сифатида кенг халқаро эътирофга сазовор бўлди, халқаро майдонда ишончли шерик сифатида тан олинди», деган у.
Норовнинг сўзларига кўра, «ўтган йигирма йил ШҲТни тузиш бўйича 2001 йил июнь ойида таъсисчи давлатлар раҳбарлари томонидан қилинган стратегик танлов тўғри ва узоқни ўйлаб амалга оширилганини тасдиқлади». У таъкидлаганидек, қисқа тарихий даврда ШҲТ «сиёсий барқарорликни кафолатлаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратиб, дунёдаги энг йирик минтақавий ўзаро таъсир тизимларидан бирига» айланди.
У, шунингдек, «20 йил ўтгач, биз унинг чегаралари яқинида узоқ давом этадиган қуролли тўқнашувлар ўчоқлари мавжуд бўлишига қарамай, ШҲТнинг минтақадаги муҳим барқарорлаштирувчи ролини ишонч билан айтишимиз мумкин», деб таъкидлаган.
«Бугун ШҲТ ўзининг учинчи ўн йиллигига кирмоқда, бу унинг ривожланишининг принципиал янги даври, бу минтақада ва умуман дунёда жиддий ўзгаришлар билан боғлиқ», - давом этди бош котиб. Унинг сўзларига кўра, «ҳозирда халқаро муносабатлар янги сиёсий ва иқтисодий таъсир марказларини мустаҳкамлаш, кўп қутблилик тамойилларига асосланган жаҳон тартибини шакллантириш, глобал бошқарувнинг минтақавий даражасини мустаҳкамлаш ва ривожланаётган мамлакатлар позицияларни мустаҳкамлаш каби чуқур ўзгаришлар босқичидан ўтмоқда».
ШҲТ тузилиши ҳақидаги декларацияни 2001 йил июнь ойида Шанхайда Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон имзолаган. 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга тўлақонли аъзо бўлди. Ташкилот ишида тўртта кузатувчи давлатлар (Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон) ҳамда олти мулоқот шериги (Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка) ҳам иштирок этмоқда.